icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқи

07.10.2025

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Қадимдан Буюк ипак йўлининг муҳим савдо ва маданият марказларидан бири бўлган бетакрор Габала шаҳрида сиз, азиз қардошларим билан дийдор кўришиб турганимдан беҳад мамнунман.

Авваламбор, саммитни юқори савияда ташкил этганлари, анъанавий ва самимий меҳмондўстлик учун Озарбайжон Республикаси Президенти, ҳурматли Илҳом Ҳайдарович Алиев Жаноби Олийларига миннатдорлик изҳор этаман.

Сизнинг бевосита ташаббусингиз билан биз охирги йилларда замонавий Озарбайжоннинг кўплаб ҳудудларига ташриф буюрдик. Гўзал Қорабоғ кун сайин обод бўлаётганига, Шуша, Хонкенди, Ағдам шаҳарларидаги улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлдик. Албатта, яқин дўстларингиз сифатида бу ижобий жараёнлар бизларни жуда қувонтиради.

Сизнинг қатъий сиёсий иродангиз туфайли Арманистон билан имзоланган Тинчлик декларацияси эса Туркий давлатларнинг ҳам умумий ғалабасидир, десак, муболаға бўлмайди. Бу тарихий келишув мамлакатларимиз учун савдо, иқтисодиёт, транспорт ва гуманитар соҳаларда яқин ҳамкорлик борасида кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Йил давомида Ташкилотимиз фаолиятида самарали раислик қилгани, ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтаришга муносиб ҳисса қўшгани учун Қирғиз Республикаси Президенти ҳурматли Садир Нурғожоевич Жапаров Жаноби Олийларига ташаккур билдираман.

“Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” мавзусидаги бугунги учрашувимиз дунёда мураккаб геосиёсий ўзгаришлар юз бераётган ва хавфсизликка таҳдидлар тобора ортиб бораётган бир шароитда ўтмоқда. Ҳозир сўзга чиққан ҳамкасбларим бу муаммолар бўйича ўз фикр ва таклифларини билдириб ўтдилар.

Яқинда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг юбилей сессиясидаги жаҳон етакчиларининг чиқиш ва ёндашувлари ҳам замонавий дунёнинг сиёсий ва хавфсизлик архитектураси бўйича якдил позиция йўқлигини яна бир бор намоён этди.

Даврнинг ўзи биздан глобал бошқарув тизимини чуқур ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, БМТ ва унинг Хавфсизлик Кенгаши ролини оширишни тақозо қилмоқда. Жумладан, ривожланаётган давлатларнинг ўрни ва овозини мустаҳкамлашда яқин ҳамкорликни кучайтириш муҳим вазифадир.

Дунёдаги энг оғриқли муаммолар, Евроосиё минтақасида авж олаётган ва охири кўринмаётган низо ва урушлар, албатта, бизнинг давлатларимизга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Ғазо секторидаги фожиа, Украина атрофидаги вазият, Эроннинг ядро дастури муаммоси, Афғонистоннинг барқарорлиги масалалари барчамизни жиддий ташвишга солади.

Жаҳоннинг қудратли давлатлари томонидан адолатли дунё тартиботини шакллантириш, ўзаро ишонч ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган интилиш ва янги режаларни олқишлаймиз.

Ўйлайманки, глобал вазиятни чуқур таҳлил этиш ва керакли қарорлар қабул қилиш мақсадида Туркий давлатлар ташкилоти ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлар раҳбарларининг биргаликдаги учрашувларини мунтазам ўтказиб боришни ҳам замоннинг ўзи тақозо қилмоқда. Биз биринчи қўшма учрашувни келгуси йили Самарқанд шаҳрида ўтказиш ташаббуси билан чиқамиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Туркий давлатлар ташкилоти қисқа вақт ичида жадал ривожланиб бораётган нуфузли халқаро тузилмалар қаторига кирди. Авваламбор, мамлакатларимиз ўртасида юксак даражадаги сиёсий мулоқотлар фаоллашгани, ўзаро ишонч мустаҳкамланаётгани, амалий шериклик лойиҳалари ва гуманитар дастурлар ҳаётга фаол татбиқ этилаётгани буни яққол тасдиқлайди.

Биргина мисол келтирмоқчиман. Бугунги кунда Ташкилотимиз доирасида ўттиз бешдан зиёд йўналишларда амалий ҳамкорлик олиб борилмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро савдо ҳажми барқарор ўсиб бормоқда ва бу кўрсаткич 2030 йилга қадар икки баробар ошиши кутилмоқда.

Кун тартибидан келиб чиқиб, бир қатор масалаларга алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Тузилмамизнинг мавқеи ва салоҳиятини янада ошириш, яқин келажакда унинг самарали ҳамкорлик майдони сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш олдимизда турган устувор вазифадир.

Бу борада Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тезроқ келишиб, қабул қилиш тарафдоримиз. Албатта, бу муҳим битим ҳамкорлигимизни ривожлантириш йўлида асосий сиёсий ҳужжат сифатида қардош халқларимизни янада яқинлаштириш, амалий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Кўп қиррали шериклигимизни янада кенгайтириш ва жадаллаштириш мақсадида Ташкилотнинг 2030 йилга қадар бўлган ривожланиш стратегияси ва алоҳида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Бунда қуйидаги аниқ йўналишлар ва чора-тадбирларни кўзда тутишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва саноат кооперациясини чуқурлаштиришни асосий йўналиш сифатида кўрамиз.

Яқин келажакда Ташкилотимиз доирасида Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириш тарафдоримиз. Сўз, биринчи навбатда, савдо, бизнес ва ўзаро инвестициялар учун энг қулай шароитларни, ҳуқуқий база ва инфратузилмани яратиш ҳақида кетмоқда.

Амалий ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш, жумладан, Туркий инвестиция жамғармаси доирасидаги режаларни келишиш мақсадида Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини ташкил этиш вақти келди. Бу тузилма мамлакатларимиз Бош вазирлари ўринбосарлари томонидан бошқарилиб, доимий фаолият олиб бориши муҳим. Кенгашнинг Лойиҳа офисини эса Тошкентда жойлаштиришга тайёрмиз.

Кенгаш доирасида бир қатор янги ташаббусларни амалга оширишимиз мумкин. Жумладан, Туркий давлатларнинг Саноат альянсини тузиш ва бу орқали машинасозлик, кон саноати, электротехника, нефть-кимё, фармацевтика, енгил саноат, озиқ-овқат, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳаларида етакчи компанияларимизнинг кооперация лойиҳаларини илгари суриш; ўзаро савдо ҳажмларини кескин ошириш ва техник регламентларни яқинлаштириш мақсадида “Туркий яшил йўлаклар” электрон тизимини жорий этиш зарур; “яшил энергетика”, “яшил водород ва аммиак” лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, илғор технологиялар, стандартлар ва компетенцияларни жалб қилиш, давлат ва хусусий шериклик механизмларини кенг татбиқ этиш учун “Яшил трансформация” консорциумини ташкил этиш; стратегик минераллар базасини ўзлаштириш ва қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш каби масалалар Кенгашнинг доимий эътиборида туриши даркор.

Бунда “хомашё – қайта ишлаш – илм ва технологиялар – тайёр маҳсулот” тамойили асосида амалий Ҳамкорлик дастурини қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Иккинчидан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришда мамлакатларимиз дунё етакчиларидан бўлишлари мумкин.

ФАОнинг таҳлилларига кўра, бугунги кунда органик маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги ҳажми 225 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этади ва бу рақамлар истиқболда ҳар йили 10 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Давлатларимизнинг бу борадаги салоҳиятидан келиб чиқиб, сифатли ва талаб юқори бўлган органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришда илмий изланишлар ва селекция, саноат кооперацияси ва логистика алоқаларини кучайтиришимиз лозим.

Келажакда органик маҳсулотларимиз жаҳон бозорига ягона бренд билан чиқиши мумкин. Бу борада қишлоқ хўжалиги вазирларимиз назоратида Эксперт ишчи гуруҳини ташкил этиб, дастлабки “пилот” лойиҳаларни саралаш ва мамлакатларимизда амалга оширишни таклиф этамиз.

Учинчидан, туркий давлатларнинг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлигини кучайтириш ва халқаро транзит йўлакларини ривожлантиришда мувофиқлаштирилган сиёсат олиб бориш зарурлигини ҳаммамиз чуқур англаб турибмиз.

Ўрта коридорни изчил ривожлантириш борасидаги айтиб ўтилган барча режаларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Энг асосийси, бу йўлак рақобатбардошлиги билан ажралиб туриши лозим. У бизнес ҳамжамияти учун энг қулай шарт-шароитларни таъминлаб бериши керак.

Бу борада мақбул транзит тарифларини қўллаш, замонавий транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва рақамлаштирилган божхона тартиботини жорий қилиш бўйича лойиҳаларга катта аҳамият берамиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўрта коридор ҳозирда қурилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ва истиқболли Трансафғон йўлаги билан боғланса, кенг минтақамизда кўп тармоқли, стратегик магистраллар тизимини яратишга эришамиз.

Аминманки, транспорт соҳаси билан боғлиқ барча ташаббусларимиз 12 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Мультимодал ташувлар бўйича халқаро форум доирасида батафсил муҳокама қилинади. Бу тадбирда транспорт вазирлари, йирик логистика компания ва уюшмалари раҳбарлари, олим ва экспертлардан иборат миллий делегацияларнинг фаол иштирок этишларига ишонамиз.

Тўртинчидан, йирик саноат ва инфратузилма лойиҳалари тўғрисида гапирганимизда, самарали молиявий инструментларни жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади.

Бу борада биз албатта Туркий инвестиция жамғармасининг фаолиятини кенгайтириш тарафдоримиз. Шу билан бирга, устувор лойиҳаларга қўшимча маблағлар жалб этиш мақсадида Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, бошқа халқаро молия ва миллий ривожланиш институтлари билан Стратегик ҳамкорлик дастурини қабул қилишни таклиф этамиз.

Бешинчидан, сунъий интеллект, рақамлаштириш ва креатив иқтисодиёт соҳалари мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишида муҳим драйверларга айланмоқда.

Бу соҳалардаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш учун “Сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт лойиҳаларини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишни таклиф этамиз.

Шу билан бирга, Туркий дунё халқаро кўргазмасини мамлакатимизда ўтказиш ташаббусини билдирамиз.

Олтинчидан, “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили асосида илм-фан ва таълим соҳаларида ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтариш муҳим.

Ўзбекистон 2025-2026 йилларда 100 дан зиёд университетларни ўз ичига олган Туркий университетлар иттифоқига раислик қилади. Келгуси ҳафта Иттифоқ Бош Ассамблеяси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Раислигимиз даврида “Туркий илм-фан ва инновациялар кунлари”ни ўтказиш ташаббуси билан чиқамиз.

Соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтидорли олимларнинг изланишларини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистонда Туркий давлатлар халқаро университети ўз фаолиятини бошламоқда. Ушбу олийгоҳ негизида Қўшма тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш дастурини ишлаб чиқсак, айни муддао бўлар эди.

Еттинчидан, ёшларимиз орасида ёт ва бузғунчи ғоялар тарқалишининг олдини олиш мақсадида туркий давлатлар маконида экстремистик ва радикал мафкурага қарши курашишга қаратилган Ҳаракатлар режасини қабул қилишни таклиф этаман.

Айни вақтда биз исломофобиянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашиш борасида ҳам яқин мулоқотларни давом эттирамиз.

Бундан ташқари, Ташкилотимиз доирасида Ёшлар ўртасида экологик билимлар бўйича қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бу йўлда муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.

Яна бир масалага алоҳида тўхталмоқчиман. Биз келгуси йилда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг 585 йиллиги ҳамда улуғ озарбайжон шоири Низомий Ганжавий таваллудининг 885 йиллигини кенг нишонлаймиз.

Ана шу мумтоз сиймоларнинг инсонпарварлик, ўзаро дўстлик ва бирдамлик ҳақидаги ғоялари, бебаҳо адабий меросини кенг тарғиб этиш мақсадида “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди – Туркий дунё маънавий ҳаётида” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказишни таклиф этамиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Сўзимнинг якунида Ташкилотимизда раисликни қабул қилиб олаётган Озарбайжон Республикаси Президенти, ҳурматли Илҳом Ҳайдарович Алиевга улкан омадлар тилайман.

Бугун қабул қилинадиган Габала декларацияси биргаликда илгари сураётган эзгу ташаббус ва режаларимизни янада мустаҳкамлаб, давлатларимизнинг умумий тараққиётига, қардош халқларимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшади, деб ишонаман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo