
05.10.2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 6-7 октябрь кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Давлатимиз раҳбари Туркий давлатлар ташкилотининг Габала шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитида иштирок этади.
"Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик" мавзусида ўтказиладиган йиғилиш кун тартибидан ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олган.
Сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инновация, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, гуманитар ва бошқа устувор соҳалардаги амалий ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилади.
Делегациялар раҳбарлари халқаро сиёсатнинг муҳим жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашадилар.
Саммит якунида ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор қўшма қарор ва ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.