
19.09.2025

Ҳурматли фестиваль ва форум иштирокчилари!
Муҳтарам меҳмонлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Сиз, азизларни жонажон Ватанимизнинг тарихий шаҳарларидан бири – қадимий Ҳўқанди латифга яна катта байрам нафасини олиб келган Халқаро ҳунармандчилик фестивали ва Халқаро кулолчилик форумининг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Халқ амалий санъатини, унинг ривожланиш тарихи, мактаб ва анъаналарини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган ушбу анжуманимизда дунёнинг 70 дан зиёд мамлакатидан 300 нафарга яқин моҳир ҳунармандлар, халқаро ташкилотлар, маданий ва илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этаётгани унинг халқаро нуфузи ва обрў-эътибори тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Эл-юртимизнинг кўп асрлар давомида шаклланган бой маданий мероси, миллий анъана ва қадриятларининг ажралмас қисми бўлган, ўтмиш ва келажак ўртасида бамисоли маънавий кўприк вазифасини бажариб келаётган ҳунармандчилик соҳаси ривожига мамлакатимизда катта эътибор берилмоқда. Натижада бу йўналиш иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларидан бирига айланиб бормоқда. Бунинг тасдиғини ҳунармандлар, қўли гул усталар, дизайнер ва ёш ижодкорлар учун катта имкониятлар яратилаётгани, уларнинг маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш ва миллий бренд сифатида танитиш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганида кўриш мумкин.
Айниқса, ушбу соҳа ривожланган шаҳар ва туманларда 11 та ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари ташкил этилгани, йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 1 триллион 500 миллиард сўмдан ошгани ҳамда уларни дунёнинг турли давлатларига экспорт қилиш кенгайиб бораётганини таъкидлаш лозим.
Амалий санъат турларини қайта тиклашга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларимиз натижасида уларнинг сони 43 тага етди, cўнгги уч йилда турли йўналишларда меҳнат қилаётган 31 минг 500 нафар моҳир усталаримиз эса “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолигига илк маротаба қабул қилинди.
Биргина “Устоз ва шогирд” анъанаси асосида 118 минг нафар ёш, жумладан, кам таъминланган, вақтинча ишсиз, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг бандлиги таъминлангани соҳа ривожи ижтимоий масалаларни ҳал этишда ҳам муҳим аҳамият касб этиб бораётганини кўрсатади.
Мамлакатимизда ўз касбига доимо улкан меҳр ва садоқат билан меҳнат қилиб келаётган ҳунармандларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда, кўплаб соҳа вакиллари давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланмоқда.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Фестиваль доирасидаги халқаро конференциялар, кўргазма ва ярмаркалар, миллий либослар намойишлари ва учрашувлар, Риштон туманида ўтказиладиган Халқаро кулолчилик форуми ўзига хос ижодий мулоқотлар майдони, ёш ҳунармандлар учун маҳорат дарслари бўлиб хизмат қилади, албатта.
Маълумки, Жаҳон ҳунармандлар кенгаши қарори билан Бухоро, Қўқон ва Марғилон каби қадимий шаҳарларимиз “Жаҳон ҳунармандлар шаҳри” деган юксак мақомга сазовор бўлган эди. Бу йил уларнинг қаторига Риштон ва Шаҳрихон шаҳарлари ҳам қўшилмоқда.
Шу кунларда ТУРКСОЙ Бош котибияти томонидан Қўқон шаҳрига яна бир шарафли ном – “Туркий дунёнинг ҳунармандлари шаҳри” деган мақом берилди. Биз буларнинг барчасини мамлакатимизда халқ амалий санъатини ривожлантиришга қаратилган ишларимизнинг халқаро миқёсдаги яна бир эътирофи сифатида қабул қиламиз.
Азалдан ўзининг гўзал анъаналари, жумладан, ҳунармандчилик мактаблари, маҳорат бобида тенгсиз усталари билан шуҳрат қозонган бетакрор Фарғона заминида ўтаётган ушбу санъат байрамлари маданий ҳаётимизда чуқур из қолдирадиган, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлайдиган, ёш авлод учун кенг имкониятлар очадиган унутилмас воқеа бўлиб қолади, деб ишонаман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги ижодий ютуқлар, фестиваль ҳамда форум ишига муваффақиятлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти