
19.09.2025
Президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ҳисобот билан танишди.
Бугунги кунда мамлакатимизда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг халқаро тажрибага асосланган ва тиббиётни аҳолига яқинлаштиришга қаратилган янги моделини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу асосда кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар, маҳалла тиббиёт пунктлари ягона ёндашув асосида ривожлантирилмоқда.
Бунинг натижасида оилавий шифокорлар улушини 70 фоизга етказиш мўлжалланган. Рақамлаштириш ва қоғоз ҳужжат айланишини қисқартириш орқали тиббиёт ходимларининг иш юкламасини қарийб учдан бир қисмга камайтириш, фуқароларнинг бирламчи бўғин хизматларидан қониқиш даражасини 85 фоиздан ошириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантиришнинг уларнинг касбий самарадорлигига бевосита боғлиқ бўладиган янги тизими жорий этилмоқда.
Президентимиз ихтисослашган ёрдамни тубдан такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Мамлакатимизда ўнлаб илмий-амалий тиббиёт марказлари мавжуд бўлиб, улар замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда, бюджетдан катта маблағ ажратилмоқда.
Шу билан бирга, аҳоли орасида хизмат сифати ва узун навбатлар юзасидан эътирозлар сақланиб қолмоқда. Ихтисослаштирилган марказларда даволашнинг халқаро стандартларини жорий этиш, бирламчи бўғинда методологик ишлар сустлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, барча республика ихтисослаштирилган клиникалари фаолиятини қайта кўриб чиқиб, уларнинг бошқарувига замонавий, профессионал менежерларни жалб қилиш таклифи билдирилди. Туркиялик мутахассислар фаолият юритаётган Республика онкология ва радиология маркази бунга ёрқин мисол бўла олади.
Айни пайтда клиник протоколларни қайта кўриб чиқиш ва янгилаш давом этмоқда: ҳозиргача 400 таси қайта кўрилди, йил охиригача бу кўрсаткич икки баравар ошади. Осиё тараққиёт банки кўмагида уч мингдан зиёд тиббий хизматлар учун тарифлар методологияси ишлаб чиқилмоқда.
Давлатимиз раҳбари яна бешта марказга хорижий профессионал менежерларни жалб қилиш ёки уларни хориждаги нуфузли клиникалар бошқарувига бериш имкониятини ўрганишга топшириқ берди.
Бунда халқаро тажриба асосида диагностика ва даволаш стандартлари ишлаб чиқилиши, миллий клиник протоколлар яратилиши, янги технологиялар жорий қилиниши, марказларни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилиши, юқори малакали мутахассислар жалб этилиши, аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатишнинг шаффоф ва адолатли тизими яратилиши шартлиги таъкидланди.
Йиғилишда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бутун дунёда болаларни она сути билан озиқлантириш муаммоси долзарб бўлиб, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлардан фойдаланиш суръати ортиб бормоқда.
2030 йилга қадар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган кўрсаткич – 6 ойгача бўлган болаларнинг 70 фоизи фақат она сути билан озиқлантирилишига эришиш мақсадида мамлакатимизда она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш миллий дастури тасдиқланади.
Дастур доирасида ЖССТ ва ЮНИСЕФнинг “Она сути билан озиқлантириш учун қулай шароит яратувчи тиббиёт муассасаси” ва “Она сути билан муваффақиятли озиқлантириш сари 10 қадам” ташаббуслари жорий этилади. Тиббиёт ходимларини она сути билан озиқлантириш бўйича ўқитиш, ҳомиладор аёллар ва оналарнинг билимини ошириш тадбирлари ўтказилади.
Қонунчиликка она сути ўрнини босувчи маҳсулотлар рекламасини чеклашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, болалар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт ва экспорт қилиш, ташиш, сақлаш, сотиш ва етказиб беришга оид талаблар ҳамда стандартларни такомиллаштириш таклиф этилди.
Президентимиз билдирилган таклифларни маъқуллаб, тиббиётни аҳолига яқинлаштириш ва сифатини ошириш, юқумли бўлмаган касалликлардан ўлимни камайтириш, ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича қатор топшириқлар берди.