icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
2030 йилга бориб, Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам бериш имконияти бор

17.09.2025

Наманган шаҳрида 17 сентябрь куни “Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форуми бошланди.

Анжуманнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади. 

Давлатимиз раҳбари дунёда кузатилаётган геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий беқарорлик, иқлим ўзгаришлари таъсирида глобал иқтисодий ўсиш секинлашгани, оқибатда камбағал аҳоли сони ошганига эътибор қаратди. Бу ҳолат барча давлатлар, халқаро ташкилотлар, умуман, дунё ҳамжамияти олдига янги ва долзарб вазифаларни қўяётгани таъкидланди.

Шундай мураккаб даврда Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Барча саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларга ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун шароит яратиш ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.

Янгиланган Конституциямизда пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдам миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлмаслиги белгилаб қўйилди.

Изчил ислоҳотлар туфайли 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, 2024 йилда бу кўрсаткич 8,9 фоизга туширилди. Йил якунигача камбағаллик даражасини 6 фоизгача камайтириш мақсад қилинган.

Ўтган даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсгани бунда муҳим омил бўлди. Шу йил якуни билан аҳоли жон бошига даромад 3,5 минг долларга етиши кутилмоқда. 

Янги ташаббус ва тажрибаларни синовдан ўтказиб, дунёдаги ижобий ютуқларни ўрганиб, камбағалликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон модели яратилди.

Аввало, манзилли ижтимоий дафтарлар жорий этилиб, барча эҳтиёжманд оилалар қамраб олинди. Пандемия даврида бепул дори-дармон, ижтимоий нафақалар учун жами 8 миллиард долларлик маблағ ва имтиёзлар берилди. Натижада 5 миллион 200 минг нафар одамнинг “камбағаллик қопқони”га тушиб қолиши ҳамда иқтисодий рецессиянинг олди олинди.

Жамиятнинг энг қуйи бўғинигача тушиб, “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди. Ҳар бир хонадон, ҳар бир оила билан индивидуал режа асосида ишлаб, даромадини ошириш учун етарли ресурс ажратилди.

Маҳаллаларни обод қилиш, одамлар ҳаётини яхшилаш ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга ҳар йили 2,5-3 миллиард доллар йўналтирилмоқда.

Қишлоқ аҳолисини даромадли қилиш учун 235 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, одамларга 30-50 сотихдан ажратиб берилди. Бу 800 минг инсоннинг даромадини оширишда муҳим қадам бўлди.

– Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатларимиз ҳисобига Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни 2 карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қиляпти. Шуларни инобатга олиб, бугун янги, янада юқори маррани белгилаб олишга тайёрмиз. 2030 йилга бориб, халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга барча имкониятимиз бор ва биз буни, албатта, уддалаймиз, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари “Камбағалликдан – фаровонлик сари” дастурининг мазмун-моҳиятига ҳам тўхталди. Бу дастур еттита устувор йўналишни қамраб олган.

Энг аввало, камбағал аҳолини шунчаки ишга жойлаштириш эмас, балки доимий иш ўринларини кўпайтириб, одамлар барқарор даромад манбасига эга бўлиши учун шароит яратилмоқда.

Фаол инвестиция сиёсати туфайли шу йилнинг ўзида 35 миллиард доллар сармоя эвазига 9 мингдан ортиқ янги корхона, 300 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни ташкил этилмоқда.

Давлат бизнесга шароит яратиб беряпти, тадбиркорлар эса ўзига ижтимоий масъулият олиб, эҳтиёжманд аҳолини ишли ва даромадли қилишда кўмакчи бўлмоқда. Шундай самарали ҳамкорлик туфайли жорий йилнинг ўзида 270 мингдан зиёд камбағал оила аъзоси доимий ишли бўлган.

Иккинчидан, сифатли таълим инсон капиталини ривожлантириш, узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартиришнинг асосий “драйвери” бўлиб қолади.

Хусусан, камбағал оила болаларини мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш учун барча шароит яратилади. Бундай оилалар фарзандлари учун хорижий тил ва касб-ҳунар ўрганишга кетадиган харажатларнинг 80 фоизи қоплаб берилади.

Сўнгги беш йилда 800 мингдан зиёд аҳоли замонавий касбларга ўқитилиб, юқори даромадли ишларга жойлаштирилган. Энди Касбга тайёрлаш халқаро марказлари ташкил этилиб, уларнинг битирувчиларига хорижда тан олинадиган сертификатлар бериш йўлга қўйилади.

Учинчидан, хотин-қизларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш алоҳида эътиборда бўлади. Шу боис, талаба қизларга фоизсиз кредит ажратиш, магистратурада бепул таълим олиш имконияти яратилди. Бугун талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. шу йилнинг ўзида 1 миллион 700 минг аёл ишли бўлган.

Буни давом эттириб, “Рақамли авлод қизлари” дастури доирасида 50 минг нафар қизлар ахборот технологиялари, финтех ва сунъий интеллектга ўқитилади.

Жорий йил аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллиард доллар ажратилди. Келаси йили яна 2 миллион аёлни доимий даромадли қилиш чоралари кўрилади.

Тўртинчидан, инсон саломатлиги муҳофаза қилиниб, унинг имкониятлари тўлақонли юзага чиқарилмоқда. Жумладан, 140 минг камбағал оилага шифокор бириктирилиб, улар йилига бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Энди кафолатланган тиббий хизматлар кўпайтирилиб, камбағал оилаларнинг бунга сарф қиладиган харажати 2 карра қисқартирилади. Бунда уларга бепул дори ва кафолатланган тиббий хизматлар пакети тақдим этилади.

Бешинчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан манзилли ишлаш йўлга қўйилди. Мазкур тизим тубдан ислоҳ қилиниб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Ҳар бир туман ва шаҳарда 100 дан ортиқ ижтимоий хизматларни “бир дарча” тамойили асосида кўрсатадиган “Инсон” марказлари очилди. Ҳар бир маҳаллада ижтимоий ходим аҳоли билан проактив ишламоқда.

Шу йилнинг ўзида 2 миллион 700 минг аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилди. Айниқса, камбағал оилаларнинг парваришга муҳтож аъзоларига янги ижтимоий хизматлар йўлга қўйилгани 50 минг нафар меҳнатга лаёқатли аҳоли учун ишлаш имконини яратди.

Ижтимоий хизматлар сифати ва қамровини ошириш мақсадида Жаҳон банки билан 100 миллион долларлик лойиҳа бошланди. Имконияти чекланган болаларни мактаб ва касбий таълим билан қамраб олиш учун алоҳида дастурлар амалга оширилмоқда.

Олтинчидан, ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, одамларга яшаш учун қулай шароит яратиш – кўп ўлчовли камбағалликни қисқартиришда муҳим қадам бўлади.

Шу мақсадда қарийб 3,5 миллион аҳоли яшайдиган шароити оғир мингта маҳаллада инфратузилма яхшиланмоқда. Келаси йил маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга яна 400 миллион доллар ажратилади. Бунда 32 та туман ва 328 та оғир маҳалла танланиб, уларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

Шунингдек, 810 та маҳаллада сув, канализация, йўл, мактаб ва боғча қуриш бўйича 1,3 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

Уй-жойга муҳтож ва даромади паст аҳолига ипотека тизимидан фойдаланиш учун ҳар йили 200 миллион доллар субсидия ажратилади.

Еттинчидан, давлат харажатларининг 70 фоиздан ортиғи айнан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун сарфланмоқда.

Шу билан бирга, глобал миқёсда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун ривожланаётган давлатларга йилига 4 триллион доллардан зиёд маблағ зарур.

Бундай шароитда хавф-хатарларни объектив баҳолаш, молиявий ресурсларни жалб қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича “камбағалликка қарши курашнинг янги молиявий архитектураси”га эҳтиёж сезилмоқда.

Ушбу масалаларга ечим топиш мақсадида 2026 йилда Хива шаҳрида халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар иштирокида конференция ўтказилиши айтилди.

Форумда Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад ал-Жассир, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Инмин Янг, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги бош вице-президенти Сачико Имото, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каха Имнадзе, Жаҳон банкининг камбағалликни қисқартириш бўйича глобал директори Луис Фелипе Лопез-Кальва иштирок этди. Умуман, анжуманда 200 га яқин халқаро экспертлар қатнашди.

Тадбир доирасидаги сессияларда камбағалликни қисқартиришда бозор талаблари, ислом молиясининг имкониятлари, бизнес инклюзивлиги, инсон капиталига сармоя мавзуларида инновацион ёндашувлар муҳокама қилинди.

Форум 18 сентябрь куни якунланади.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo