01.08.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши, № Ф-5006, 1 август 2017 йил
Мамлакатимизда кексалар, пенсионерлар, ногиронлар ва имконияти чекланган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдамни ташкил этиш тизими яратилди. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Шу билан бирга мазкур соҳада олиб борилаётган ишларни қониқарли деб бўлмайди.
Туғма ва наслий касалликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар кутилган натижани бермаяпти. Чақалоқларни перинатал скрининг кўригидан ўтказиш туғма нуқсонларни ўз вақтида аниқлашни ва ногиронликнинг кейинчалик олдини олишни таъминламаяпти.
Ёш болаларни ялпи комплекс скрининг кўригидан ўтказишни ташкил этиш ва олиб боришдаги камчиликлар реабилитация тадбирларини амалга ошириш учун қулай фурсатнинг бой берилишига ҳамда болалар ногиронлиги пайдо бўлишига олиб келмоқда.
Ногиронлик гуруҳини аниқлаш ҳамда протез-ортопедия ва реабилитация техника воситалари билан таъминлашда тиббий-маслаҳат комиссиялари ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятидаги бюрократик тартиб-таомиллар бартараф этилмаган.
Шунингдек, ногиронлар учун реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш талаб этилади.
Ногиронларни ҳисобга олишнинг комплекс тизими мавжуд эмаслиги, замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг етарлича жорий этилмаганлиги ногиронларнинг ижтимоий аҳволини мониторинг қилиш ва уларга ўз вақтида зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш имконини бермаяпти.
Ногиронликни аниқлаш учун тиббий-ижтимоий экспертиза ўтказишда қўлланилаётган мезонлар 40 йил аввалги услубиётга асосланган, мазкур соҳада чуқур илмий тадқиқотларнинг мавжуд эмаслиги бу муаммони янада кучайтирмоқда.
Ногиронларга таълим бериш ва уларни ишга жойлаштиришнинг амалдаги тизими замонавий талабларга жавоб бермайди. Ногиронларни меҳнат фаолиятига жалб этиш ўртача 2 фоизни ташкил қилади, бу эса масъул идораларнинг ушбу соҳадаги иши қониқарсизлигидан далолат беради.
Баён этилганларни инобатга олиб, ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам бериш тизимини янада такомиллаштириш, ногиронларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, таълим олиш ва ишга жойлашишда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилсин.
2. Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
3. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари сифатида белгилансин:
ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқлар, камчиликлар ва коррупциявий омилларни аниқлаш нуқтаи назаридан инвентаризация ва таҳлил қилиш;
ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳолатини, уларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш ҳуқуқлари амалга оширилишини, шунингдек, ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш соҳасидаги ваколатли органлар фаолиятини танқидий ўрганиш;
ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги умумэътироф этилган нормалар ва стандартларни, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг тавсияларини ўрганиш;
тиббий-малакавий комиссиялар ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятини шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, тартиб-таомилларни ўтказишни соддалаштириш ва уларнинг муддатларини қисқартириш мақсадида қайта кўриб чиқиш;
ногиронларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш бўйича, биринчи навбатда, ногиронларни иш билан таъминлашга қаратилган ишлар аҳволини таҳлил қилиш;
ногиронлар учун протез-ортопедия ва реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш ва техник янгилаш, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ўрганишлар ўтказиш ва таклифлар тайёрлаш;
ногиронларнинг жамоат транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан тўсқинликсиз фойдаланишини таъминлаш ҳолатини таҳлил қилиш;
ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш, туғма ва наслий касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш соҳасидаги қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни, шу жумладан, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш ишларини тубдан кучайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.
4. Комиссия:
бир ҳафта муддатда ўзига юклатилган вазифаларни сифатли ва муддатида бажаришни таъминлаш учун ишчи гуруҳлари ташкил этсин, шунингдек, ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини ўрганиш, ушбу соҳадаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш бўйича тадбирлар режасини тасдиқласин;
2017 йил 15 сентябрга қадар муддатда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифларни киритсин.
5. Комиссияга вазирлик ва идораларнинг мутахассисларини, республика илмий ва таълим муассасаларининг вакилларини, шунингдек, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг ресурслари ва экспертларини жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.
6. Масъул вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Комиссияга юклатилган вазифаларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашсин.
7. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри