31.07.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, №ПҚ-3166, 31 июль 2017 йил
Ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига ўзлари ишлаб чикарган маҳсулотларни сотишда кўмаклашиш, маҳаллийлаштириш жараёнларини кенгайтириш, аҳолининг бандлиги ва саноат маҳсулотлари ҳажмининг ўсишини таъминлаш мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан ҳисобланади.
Ушбу мақсадда тузилган “Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси Дирекцияси” давлат корхонаси (кейинги ўринларда Дирекция деб юритилади) кўргазма-ярмарка савдоларини ташкил этиш, уларда иштирок этишга товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни жалб этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар Дирекция фаолиятини ташкил этишнинг амалдаги тартиби давлат ва корпоратив харидларнинг очиқлиги ва шаффофлигини лозим даражада таъминламаётлигини кўрсатди.
Хусусан, тендерлар ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида Кооперация биржаси доирасида асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хом ашё ва материалларнинг харидини амалга оширишга имкон берувчи амалдаги тартиб турли хил коррупция кўринишлари, шу жумладан, олдиндан белгиланган етказиб берувчилар билан шартномалар тузиш мақсадида биржалардан фойдаланиш учун шароит яратмокда.
Кўргазма-ярмарка тадбирларини ўтказишнинг тартиб-таомиллари, энг аввало, кичик бизнес субъектларининг товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб бериш учун давлат ва корпоратив буюртмаларни олишга бўлган имкониятларини, оқибатда, соғлом рақобат муҳитини янада ривожлантиришни лозим даражада таъминламаяпти.
Дирекция томонидан тузилган шартномаларни таҳлил қилиш ва улар асосида тегишли лойиҳаларни Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш, маҳаллий хом ашё базасида тайёр маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш учун саноат кооперациясининг роли ва аҳамиятини ошириш бўйича асосий вазифалар амалда бажарилмаган.
Бундан ташқари, Дирекция фаолиятига илғор ахборот-коммуникация технологияларининг паст даражада жорий этилганлиги давлат ва корпоратив харидларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатмокда.
Шартномаларни рўйхатга олишнинг самарасиз тизими, тузилган шартномалар ижросини назорат қилишнинг таъсирчан механизмлари мавжуд эмаслиги аксарият ҳолларда кабул қилинган шартнома мажбуриятлари ва тасдиқланган тармок жадвалларининг бажарилмаслигига сабаб бўлмокда.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари маблағларидан самарали фойдаланилишини, рақобатнинг янада ривожланишини ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб беришга давлат ва корпоратив буюртмалардан тенг фойдаланиш имкониятини, шунингдек, мазкур жараённинг очиклиги ва шаффофлигини таъминлаш максадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг “Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси Дирекцияси” давлат корхонасини тугатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Дирекцияни тугатиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда зарур чораларни кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлар тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими доирасида давлат харидлари ягона ахборот порталини ҳамда ресурслар ягона миллий маълумотномасини яратиш орқали уларнинг очиқлиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган таклифлар киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи савдо вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
“Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазма мажмуасининг кўргазма-ярмарка фаолиятини янада ривожлантириш бўйича таклифларни;
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасига киритсин.
5. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив- ҳуқуқий хужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2017 йил 31 июль