
01.09.2025

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Аввало, Хитой Халқ Республикасининг Раиси, ҳурматли Си Цзиньпин Жаноби Олийларига мажлисимизни юксак даражада ташкил этгани ва самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман.
Шунингдек, барча иштирокчиларни халқларимиз улкан ҳисса қўшган Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан табриклашга ҳам ижозат бергайсиз.
Қирғиз Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан ҳурматли Президент Садир Нурғожоевич Жапаровга билдирилган табрикларга қўшиламан ва Ўзбекистоннинг энг улуғ ва асосий давлат байрами муносабати билан айтилган илиқ сўзларингиз учун миннатдорлик изҳор этаман.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Бизнинг учрашувимиз Хитойнинг қадимий маданияти ҳамда унинг саноат ва технологик йўналишдаги жадал тараққиёти ўртасидаги уйғунликни ўзида мужассам этган Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтмоқда.
Бу ерда буюк Конфуцийнинг “Ҳаётда ўз ўрнингни топишни хоҳлар экансан, бошқаларга ёрдам бер, муваффақиятга интилар экансан, бошқаларнинг ютуғига кўмак бер”, деган ҳикматли сўзлари ўзгача руҳда янграйди.
Бу минг йиллик фалсафа ўзаро ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳар бир аъзо давлат манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бугунги миссиясига ҳамоҳангдир.
ШҲТ маконида умумий тараққиёт ва равнақ айнан ана шундай мустаҳкам пойдевор устида барпо этилмоқда, деб ҳисоблайман.
Хитойнинг самарали раислиги туфайли Ташкилотимизнинг нуфузи янада мустаҳкамланди, мамлакатларимизнинг ўзаро манфаатли амалий ҳамкорлиги кенгайди.
Ишончим комилки, ўтаётган ушбу саммит янги тарихий даврни бошлаб беради ва ўзаро муносабатларнинг узоқ истиқболга мўлжалланган стратегик йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилади.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Иқтисодий, интеллектуал, ресурс ва технологик йўналишларда улкан салоҳиятга эга бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти халқаро майдонда ўз таъсирини изчил кенгайтириб бормоқда. Глобал ноаниқлик кузатилаётган ҳозирги шароитда бу муҳим аҳамиятга эгадир.
Ишончнинг тизимли инқирози, можароларнинг кенгайиб бораётгани, кўп томонлама институтларнинг заифлашиши ва жаҳон савдо тизимининг парчаланиши халқаро хавфсизлик ва барқарорлик архитектураси асосларига путур етказмоқда. Бундай шароитда ШҲТ давлатларининг бир-бирини ўзаро тушуниши ва бирдамлиги – бу фақат қимматли бойлик эмас, балки бизнинг бепоён минтақамизда тинчликни сақлашнинг калитидир.
Айниқса, ШҲТ тенг ҳуқуқли мулоқот, ўзаро ҳурмат ва шериклик макони бўлиб қолаётгани муҳим. Айнан шу жиҳат манфаатлар мувозанатини таъминлаш ва замонамизнинг энг мураккаб хавф-хатарларига биргаликда жавоб топиш имконини бермоқда.
ШҲТнинг овози бизнинг умумий сиёсий иродамиз ифодаси, тинч келажак ва барқарор тараққиёт йўлидаги қатъий саъй-ҳаракатларга чорловимиз сифатида янада ишончли ва баралла янграши керак, деб ҳисоблаймиз.
Кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича ўз қарашларимиз билан ўртоқлашишни истар эдим.
Энг аввало, Ташкилотнинг самарадорлигини ошириш, унинг институтлари ва қарорларни амалга ошириш механизмларини мустаҳкамлаш зарур. Ташкилотни трансформация қилиш бўйича Самарқанд саммитида бошланган жараёнлар ушбу муҳим вазифаларни ҳал этишга ёрдам беради, деб ишонаман.
Биз Ташкилотнинг изчил кенгайиши тарафдоримиз. Чунки “ШҲТ модели”нинг муваффақияти унинг очиқлиги ва кенг кўламли ҳамкорликка йўналтирилганидадир. Биз ўз келажагини ШҲТ билан боғлиқ ҳолда кўраётган давлатларнинг интилишларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари таркиби, жумладан, бошқа минтақа давлатлари ҳисобидан кенгайиб бораётгани Ташкилотни Глобал Жануб мамлакатлари билан ҳамкорлик платформасига айлантиришга ёрдам беради.
Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик – ШҲТнинг ҳал қилувчи устувор йўналишларидан биридир. Бугунги кунда келишилган ёндашувларга ҳамда ишонч ва хавфсизликни таъминлашнинг янги механизмларига талаб кучайиб бормоқда.
Ядро хавфсизлиги йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ШҲТ декларациясини қабул қилиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Ушбу декларация тинчлик йўлидаги атомни ривожлантириш ва фавқулодда ҳолатларга жавоб қайтаришнинг мустаҳкам асосига айланади, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигидаги тарқатмаслик глобал режимига муносиб ҳисса бўлади.
Терроризм ва экстремизмнинг табиати сезиларли равишда ўзгараётгани, кибержиноятчилик, синтетик наркотиклар ишлаб чиқариш ва айланмаси ўсиб бораётгани, уюшган жиноятчилик кучаяётгани муносабати билан билдирилаётган хавотирларга қўшиламиз.
Ушбу таҳдидларга қарши самарали курашиш мақсадида Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари кенгаши ишини қайта тиклаш, Жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш, Гиёҳвандликка қарам бўлиб қолишга қарши курашишнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган дастурини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
“ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи фаолияти қайта тикланишини қўллаб-қувватлаймиз. Конструктив мулоқотларни ривожлантириш ва Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш унинг асосий вазифаларидан бири бўлиши мумкин.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган ҳозирги тенденцияларни ҳисобга олиб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратамиз.
Биз кенг минтақамизда иқтисодий ҳамкорликнинг барқарор моделларини шакллантириш тарафдоримиз.
ШҲТ маконида минтақавий ички маҳсулот айирбошлаш ҳажмини оширишга туртки берадиган Савдони соддалаштириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги битим имзоланишини муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз.
Ишончли ишлаб чиқариш-логистика занжирларини ривожлантириш ва ўзаро сармояларни рағбатлантириш зарур эканини таъкидламоқчиман.
Шу муносабат билан ШҲТ доирасида минералларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлашда илғор технологияларни жорий этиш мақсадида Стратегик материаллар бўйича ШҲТ минтақавий маркази, мамлакатларимизда мувофиқлаштирилган сиёсат олиб бориш ва “яшил” энергетикани жадал ривожлантириш учун ШҲТ Энергетика консорциуми, стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илгари суриш учун Венчур компаниялари ва жамғармалари тармоғи, мамлакатларимиз минтақаларини жалб қилган ҳолда, бизнес бўйича мулоқотларни йўлга қўйиш ва инвестицияларни илгари суриш учун Махсус электрон портал каби қатор янги кўп томонлама платформалар ва кооперацияни қўллаб-қувватлаш воситаларини ташкил этишни таклиф қиламан.
Минтақавий саноат ва инфратузилма лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаларини тезроқ жорий этиш муҳим. Ушбу масалани ваколатли вазирлар даражасида яна бир бор кўриб чиқишни таклиф этамиз.
Шимол – Жануб ва Шарқ – Ғарб йўналишлари бўйича транспорт-транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш мамлакатларимизнинг умумий манфаатларига жавоб беради.
Марказий Осиё орқали Форс кўрфази ва Ҳинд океани портларига чиқадиган жанубий йўналишдаги йўлакларни ривожлантириш алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда.
Биз “ШҲТ ягона транспорт макони”ни шакллантириш ва уни “Бир макон – бир йўл” стратегик ташаббуси билан боғлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун катта имкониятларни кўрмоқдамиз. Бу янги мультимодал тармоқлар, рақамли платформалар ва “яшил” йўлаклар яратишни назарда тутади. Бу борада тегишли кўп томонлама концепцияни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Яна бир устувор йўналиш – ШҲТнинг “яшил” трансформация соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш. Хитой томонининг ташаббуси билан “Яшил” саноат соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги баёнот ўз вақтида қабул қилинмоқда, деб ҳисоблайман.
Шунингдек, иқлим ўзгаришига мослашиш, ҳавога заҳарли газларни чиқаришни камайтириш, экологик хавф-хатарларни башорат қилиш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари бўйича минтақавий платформани ишга тушириш зарур.
Маданий алоқаларни янада чуқурлаштириш ва халқ дипломатияси институтини кучайтириш ШҲТ доирасидаги узоқ муддатли шерикликнинг муҳим омили ҳисобланади.
Халқ ижодиёти халқаро фестивалларини ўтказиш, “ШҲТ университети” шериклик тармоғининг онлайн кампусини яратиш, инновацион йўналишлар бўйича ҳар йили талабалар ва ёш мутахассислар ўртасида танлов ва олимпиадалар ташкил этиш гуманитар алмашувларни ривожлантириш ва халқларимизни янада яқинлаштиришга кучли туртки бериши мумкин.
Бундан ташқари, “Сайёҳлик йўлаги” ва ШҲТ тиббиёт туризми альянсини ишга тушириш каби истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Фурсатдан фойдаланиб, Қирғизистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раисликни қабул қилгани муносабати билан Садир Нурғожоевични табриклаб, Сизга бу борада улкан муваффақиятлар тилайман.
Нутқимнинг якунида бугун қабул қилинаётган Тяньцзинь декларацияси, ШҲТни 2035 йилга қадар ривожлантириш стратегияси ва бошқа якуний ҳужжатлар кўпқиррали ҳамкорлигимизни кенгайтириш ва замонавий таҳдидларга самарали ечимлар топишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади, деб ишонч билдираман.
Биз ШҲТ доирасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро фойдали ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги умумий вазифаларни ҳал қилиш учун ишларни биргаликда давом эттиришга тайёрмиз.
Эътиборингиз учун раҳмат.