
25.08.2025
Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида қадимий Самарқанд шаҳрининг улуғвор тарихий обидалари билан танишди.
Давлат раҳбарлари аввал Шоҳи Зинда мажмуасига ташриф буюрдилар.
Бу ерда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳобаларидан бири Қусам ибн Аббос ва бошқа арбобларнинг мақбараларидан ташкил топган. Мажмуанинг тарихий, маданий ва бадиий аҳамияти шундаки, у меъморчилик ва безак санъатининг бир неча аср давомидаги тараққиётини акс эттиради. Шоҳи Зинда 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Расман Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизи Фотима ва куёви Али ибн Абу Толибнинг авлодлари ҳисобланган Ҳошимийлар сулоласи вакили бўлган Иордания Подшоҳи Қусам ибн Аббос хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.
Амир Темур мақбараси зиёрати чоғида Иордания делегациясига буюк бобомизнинг давлатчилик сиёсати, ҳарбий маҳорати, турли мамлакатлар билан дипломатик алоқалари ҳақида сўзлаб берилди. Соҳибқирон ҳаёти ва фаолияти, унинг давлати ўз даврининг энг улкан мамлакати бўлгани меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Давлат раҳбарлари Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларидан иборат Регистон мажмуасини ҳам зиёрат қилдилар. Асрлар давомида бу обидалар илм-фан маркази бўлган, юзлаб олим ва тадқиқотчиларни етиштирган. Ўзининг мукаммал жойлашуви ва уйғунлиги туфайли Регистон ҳақли равишда Самарқанднинг "ташриф қоғози" ҳисобланади.
Танишув чоғида олий мартабали меҳмонга ушбу иншоотларнинг бунёд этилиш тарихи ва нақшларининг ўзига хос жиҳатлари, майдонда олиб борилган реставрация ишлари ҳақида маълумот берилди.