
05.08.2025

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Авваламбор, Туркманистон Президенти ҳурматли Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовга ва Туркманистон халқининг Миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедовга самимий қабул ва бугунги конференцияни юксак даражада ташкил этганлари учун чин қалбимдан миннатдорлик изҳор этаман.
Ушбу форумнинг Туркманистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эълон қилинган Халқаро тинчлик ва ишонч йилида, Каспий мўъжизаси – гўзал Авазада ўтказилаётгани рамзий маънога эга.
Ўзбекистон қардош Туркманистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, глобал ва минтақавий барқарорлик ҳамда фаровонликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди ва қатъий қўллаб-қувватлайди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш жанобларига денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатларнинг муаммоларини устувор халқаро масала сифатида илгари суришга шахсан эътибор кўрсатиб келаётгани учун алоҳида ташаккур билдираман.
Биз Аваза сиёсий декларациясини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва ўн йиллик Ҳаракатлар дастурини амалга оширишда фаол иштирок этамиз.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Бугунги конференцияда муҳокама қилинаётган масалалар барчамиз учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эгадир.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз денгиз коммуникацияларига фақат бир неча давлатлар ҳудуди орқали чиқиши мумкин. Биз учун деярли уч минг километр масофада жойлашган портлардан географик олислик бир қатор объектив муаммоларни вужудга келтирмоқда. Булар – юқори тарифлар, транспорт йўлаклари ва инфратузилмаларнинг ўтказиш имконияти чеклангани, шунингдек, бошқа давлатларнинг божхона-транзит сиёсатига боғлиқликда намоён бўлмоқда.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, транспорт харажатларининг катталиги ва транзит тизимининг беқарорлиги туфайли Марказий Осиё минтақаси ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг икки фоизигача йўқотмоқда. Логистика харажатлари маҳсулотлар умумий нархида 60 фоизгача етмоқда. Бу рақам жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан бир неча баробар юқоридир.
Шу боис ишончли янги транзит йўлаклари ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш Марказий Осиёда барқарор тараққиётнинг муҳим омилига айланмоқда.
Бугун бизни бирлаштирган кун тартиби фундаментал масала – адолат масаласига дахлдордир. Бу – денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган давлатларга жаҳон иқтисодиётида тенг шароитларда иштирок этиш имкониятини таъминлашдир.
Бу ўта долзарб вазифани ҳал этиш учун учта принципиал шартни бажариш лозим. Булар – барқарор ривожланиш асоси сифатида инфратузилмани модернизация қилиш, транзит муаммоларини бартараф этиш мақсадида ўзаро боғлиқликни кучайтириш, глобал тенг ҳуқуқлиликнинг муҳим элементи бўлган ривожланиш ҳуқуқини таъминлашдир.
Шу мақсадда Ўзбекистонда сўнгги йилларда, хусусий секторни фаол жалб этган ҳолда, замонавий транспорт-логистика тармоқларини барпо этиш бўйича тизимли қадамлар ташланганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Мамлакатимиз логистика очиқлиги ва шаффофлиги масалаларида юқори динамика кўрсатмоқда. Савдо-транспорт жараёнларини рақамлаштириш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Иқтисодиётда тузилмавий ислоҳотлар, савдо тизими либераллашгани ва инвестиция муҳити тубдан яхшилангани салмоқли натижалар бермоқда. Рақобатдошлик ошди, инновацион тараққиёт тезлашди.
Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва шериклик янги даражага кўтарилгани эса жадал ўзгаришларга кучли туртки бермоқда.
Ҳозирги кунда минтақамизда ягона транспорт-логистика макони шаклланмоқда. Марказий Осиёни Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануби ўртасидаги тўлақонли транзит хабига айлантириш учун дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми 4,5 марта, сармоялар эса икки баробар ўсди. Қўшма корхоналар сони беш карра кўпайди.
Жорий йилда ҳамкорларимиз билан бирга Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишига киришдик. Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия транспорт йўлагида юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ўсди.
Ҳурматли конференция қатнашчилари!
Бугун умумий таҳдид ва муаммоларни енгиб ўтиш бўйича аниқ, амалий ва институционал жиҳатдан таъминланган қарорлар ўта муҳимдир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон қуйидагиларни таклиф этади.
Биринчидан, халқаро транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини жадал ривожлантириш учун мувофиқлаштирилган ҳаракатлар зарур.
Биз Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўлини қуриш лойиҳасини тайёрлаш ва амалга оширишни тезлаштириш тарафдоримиз. Ушбу истиқболли йўлакни қурилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл магистрали билан боғлаш кенг минтақамизда янги савдо-иқтисодий макон ва барқарор транспорт инфратузилмасини шакллантириш учун катта имкониятлар очади.
Биз, шунингдек, Ўрта йўлакни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратамиз. Уни тўлиқ ишга тушириш учун, биринчи навбатда, келишилган транзит сиёсати, тартиботларни соддалаштириш ва контейнерларда юк ташиш учун мақбул тарифларни жорий этиш муҳимдир.
Иккинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун Транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал битимни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Бундай механизм портлар ва коммуникациялардан адолатли фойдаланиш шартларини таъминлайди, юк ташишда хавф-хатарларни пасайтиради, глобал логистикада тенгсизликни камайтиришга хизмат қилади.
Учинчидан, йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун мослашувчан инвестиция воситаларига талаб тобора ўсиб бормоқда.
Марказий Осиё мамлакатларининг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун зарур бўлган сармоялар йилига қарийб 40 миллиард доллар, деб баҳоланмоқда.
Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатларнинг логистика интеграциясига кўмаклашиш жамғармасини таъсис этишни таклиф этамиз. Ушбу жамғармага донор мамлакатлар, халқаро ривожланиш институтлари ва глобал дастурлар ресурсларини кенг жалб этиш мақсадга мувофиқ.
Тўртинчидан, денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатларнинг Заифлик глобал индексини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурамиз.
Бу мамлакатларимизнинг транзит борасида чекланган имкониятларини холис кўриб чиқиш ва мавжуд шароитлардан келиб чиқиб, халқаро молиявий-техник дастурларни кенгайтириш ва ресурсларни самарали тақсимлашнинг таъсирчан воситасига айланади.
Энг асосийси – ушбу индекс мамлакатларимизнинг рақобатбардошлиги ва ишбилармонлик муҳитини адолатли баҳолашда ҳисобга олиниши керак.
Бешинчидан, Ўзбекистонда агротармоқни ривожлантириш учун Инновацион хабни яратиш бўйича таклифимизни амалга ошириш принципиал аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.
Мазкур хаб мослашувчан агротехнологияларни татбиқ этиш, сувни тежаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид инновацион лойиҳаларни илгари суриш, ўзаро билим ва тажриба алмашишга хизмат қилади.
Олтинчидан, умумий таҳдидларни биргаликда бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишга мамлакатларимиз етакчи экспертлари ва “ақл марказлари”ни фаол жалб этиш муҳим.
Бу борада халқаро анжуман ва давра суҳбатлари ўтказишни таклиф қиламиз. Бундай тадбирлар кун тартибига глобал ишлаб чиқариш занжирларига мамлакатларимизнинг чуқур интеграциясини таъминлаш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жадал ривожлантириш, трансчегаравий инвестицияларни кенгайтириш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш масалаларини киритиш мумкин.
Ўзбекистон, шунингдек, денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун Халқаро таҳлил маркази фаолиятига қўшилиш ниятида.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Глобал бозорларга чиқиш барча учун тенг бўлиши керак. Бу – нафақат иқтисодий зарурат, балки биринчи галда, барқарор ривожланишнинг муҳим омили, халқаро муносабатларда ишонч ва ҳамкорлик шартидир.
Ўзбекистон глобал тараққиётнинг янада адолатли архитектурасини шакллантириш борасида конструктив ва узоқ муддатли шерикликка доим очиқ ва тайёр эканини сизларга яна бир бор билдирмоқчиман.