
30.07.2025
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июль куни мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги салоҳияти юқори. Сўнгги уч йилда 250 минг гектар пахта ва ғалла ери қисқартирилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари учун ажратилди. 160 минг гектар янги боғ ва токзор барпо этилди, эскирган 107 минг гектари янгиланди. 1 миллиард долларлик 1 минг 500 та озиқ-овқат лойиҳаси ишга туширилди.
Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар халқаро миқёсда эътироф этилаяпти. Шу ойда Ўзбекистон БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО Кенгаши аъзолигига сайланди. Бу – миллий ва минтақавий ташаббусларни илгари суриш, янги лойиҳаларга маблағ жалб қилиш учун катта имконият.
Маҳсулотларимиз табиий ва ширин бўлгани учун чет элларда жуда қадрланади. Ташқи бозорларда “Ўзбекистонда етиштирилган” деган бренд шаклланган. Айниқса, қуритилган олхўри ва ўрик, шафтоли, майиз, гилос, дуккакли маҳсулотлар экспорти бўйича юртимиз дунёда юқори ўринларда туради.
Бу йил 6 ойда озиқ-овқат экспорти 44 фоиз ўсиб, 1 миллиард 326 миллион доллар бўлди. Экспорт географияси 16 та давлатга кўпайди.
Шу билан бирга, дунёдаги вазият қалтис бўлиб бораяпти. Об-ҳаво инжиқликлари кўпайиб, одатий ҳолга айланаяпти. Бундай шароитда ҳар бир экспорт бозори, ҳар бир доллар ўта муҳим.
Лекин ҳамма жойда ҳам имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Масалан, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон озиқ-овқат маҳсулотлари экспортининг суръати бўйича бошқа ҳудудлардан ортда қолган. Навоий вилояти эса ўтган йилги кўрсаткичларига ҳам етмаган. 21 та туманда экспорт ўтган йилга нисбатан 70 фоизга ҳам етмаган.
Ёки, бу йилги мева-сабзавот экспортининг 80 фоизи 5 та давлатга бўлган. Буюк Британия, Италия, Швеция, Япония, Ҳиндистон, Қатар каби талаб юқори ўлкаларга экспортимиз кам. Хориждаги элчихона ва консулхоналарнинг бу борадаги ўрни сезилмаётгани, савдо маслаҳатчиларининг фаолияти суст экани қайд этилди.
Йиғилишда шу каби камчиликлар таҳлил қилиниб, қишлоқ хўжалигида самарадорлик ва экспортни ошириш чора-тадбирлари белгиланди. Бу иқтисодий хавфсизликнинг устувор йўналиши экани таъкидланди. Шу боис об-ҳаво ва шароитга мослашиб, иссиқ ва совуққа, сувсизликка чидамли маҳсулотлар етиштиришга ўтиш зарурлиги айтилди.
Ҳудудлар кесимидаги таҳлиллар асосида экспорт бўйича янги захира ва имкониятлар кўрсатиб ўтилди.
Соҳа мутасаддилари ҳалигача эскича ишлаётгани оқибатида ўтган йили мева-сабзавот экспортининг 75 фоизи май-октябрга, яъни жаҳон бозори маҳсулотга тўйинган даврга тўғри келган. Қимматроқ сотиш ва бир маромда етказиб бериш учун эса қайта ишлашни ривожлантириш керак.
Масалан, илғор тадбиркорлар олчани “шок” усулида музлатиб, қишда сотишни бошлаган. Юртимизда етишмагани учун қўшни давлатлардан олиб келиб, реэкспорт ҳам қилган.
Шулардан келиб чиқиб, дала четида экспортбоп маҳсулотлар, хусусан, олчани кўпайтириш зарурлиги айтилди.
Бу йил ҳудудларда 16 та замонавий қадоқ тайёрлаш корхонаси ишга тушди. Лекин бу ҳали етарли эмас. Экспортга кетаётган мева-сабзавотнинг 18 фоизи замонавий қадоқланяпти, холос. Шунинг учун йил якунигача яна 15 та корхонани ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Энг катта экспорт захираларимиздан бири – дуккакли маҳсулотлар. Ҳар йили 450 миллион долларлик ловия, мош, тариқ ва нўхат экспорт қилиняпти. Лекин ишчи кучи етишмагани учун ҳосилнинг 30 фоизи тўкилиб, исроф бўлаяпти, катта миқдорда экспорт имконияти бой берилаяпти.
Ривожланган мамлакатларда фермерлар дуккакли экинларни махсус комбайн билан йиғиштиради. Шу боис Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан бундай техникаларга 15 фоизгача субсидия бериладиган бўлди. Кредит ставкасининг 10 фоиздан ошган қисми ҳам қоплаб берилади.
Шунингдек, экспортчилар ташишга ортиқча харажат қилмаслиги учун божхона режимида қайта ишланган маҳсулотни исталган постдан экспорт қилиш мумкин бўлади.
Бугунги кунда янги боғлар барпо қилиш ва эскиларини янгилаш учун 350 миллион дона серҳосил ва экспортбоп мева кўчатларига эҳтиёж бор. 16 та туманда ташкил этилган “Агростар” компаниялари шу мақсадга қаратилган. Улар ишни, аввало, шундан – уруғ, кўчат ва ўғитдан бошлаши кераклиги таъкидланди.
Шу боис “Агростар” компаниялари учун “in vitro” лабораториялари, мазкур туманларда сақлаш, қадоқлаш, саралаш ва қайта ишлашни ўз ичига олган замонавий агромажмуалар барпо этиш бўйича топшириқ берилди.
Бугунги кунда юртимизда 5 минг 100 гектар иссиқхоналар бўлиб, сўнгги етти йилда уларда етиштириладиган маҳсулот ҳажми 110 минг тоннадан 546 минг тоннага кўпайган.
Лекин тадбиркорлар кредит юки оғирлиги, ўғит нархи қимматлиги, узлуксиз газ таъминоти йўқлиги сабабли қийинчиликка учрамоқда. Хусусан, 600 гектардан ортиқ майдондаги иссиқхона фаолиятини тўхтатган, 128 гектари қарздорлик сабабли банк тасарруфига ўтган.
Шу боис иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Эндиликда ички бозор билан бирга экспортга ҳам маҳсулот етиштириш мажбуриятини олган, табиий газда ишлайдиган иссиқхоналарга қишки мавсумда газ кафолатли ҳажмда берилади. Кўмир ёки бошқа муқобил ёқилғига ўтган ҳамда экспорт мажбуриятини олган иссиқхоналарга ҳам табиий газга қайтиш имкони берилади.
Айланма маблағ етарли бўлиши учун олдиндан тўлов октябрь-март ойларига 50 фоиз қилиб белгиланади. Бунда иссиқхоналар газ корхоналари билан 1 октябргача шартнома имзолайди.
Кўмир ёки бошқа муқобил иситиш тизимига ўтган иссиқхоналарга ажратилган кредит муддати узайтирилади. Иссиқлик насослари технологияси асосида иссиқхона ташкил қилганларга харажатларнинг 20 фоизгача қисми, бу ишлар кредит ҳисобидан бўлса, кредит ставкасини 4 фоизи қоплаб берилади.
Яна бир янгилик – бундан буён иссиқхоналар, тоифасидан қатъи назар, ер солиғини қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасида тўлайди. 2028 йилга қадар иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилади.
Солиқ қўмитасига иссиқхоналардан қисқартирилган газ қайси соҳаларга йўналтирилгани ва уларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш топширилди. Агар у тармоқда қўшилган қиймат кам бўлса, газ иссиқхоналарга йўналтирилади.
Экологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Тошкент вилоятидаги иссиқхоналар фаолиятининг ҳаво сифатига салбий таъсири билан боғлиқ муаммоларни узил-кесил ҳал қилиш вазифаси қўйилди.
Ҳозиргача 224 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилингани яхши самара берди. Бунинг натижасида 420 миллион кубметр сув иқтисод қилиниб, қўшимча 65 минг гектарда мева-сабзавот етиштириш имконияти яратилди. Бунинг учун ўтган йили 2,6 триллион сўм, жорий йил эса 1,2 триллион сўм сарфланди.
Энди йил якунигача яна 10 минг гектарда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришни йўлга қўйиш, 200 минг гектарни лазерли текислаш режалаштирилган. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бунинг учун 500 миллиард сўм маблағ ажратиш, келаси йил дастури учун 2 триллион сўм ресурс шакллантириш топширилди.
Маълумки, яқинда дала четига экин экиш, кооперациялар бўйича қонунлар қабул қилинди. Шунингдек, Сув кодексининг қабул қилингани сув танқислиги шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Энди буни давом эттириб, қишлоқ хўжалигида даромадни ошириш, экспортни рағбатлантириш, илғор стандартларни жорий этиш бўйича ҳам қонунчиликни мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
Ҳукуматга экспортчи, иссиқхоначи ва мева-сабзавот етиштирувчилар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиб, давлат идораларига боғлиқ барча муаммоларини аниқлаб, жойида ҳал қилиб бориш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда тадбиркорларнинг намунали тажрибалари кўриб чиқилди, мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.