
29.07.2025

Қадрли ватандошлар!
Мамлакатимизда ягона ва аҳил оила бўлиб яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элатлар вакиллари бўлган сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўпмиллатли бутун халқимизни 30 июль – Халқлар дўстлиги куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ҳеч шубҳасиз, юртимиз заминида қадимги даврлардан буён давом этиб келаётган этник хилма-хиллик ноёб ижтимоий ҳодиса бўлиб, бугун – Янги Ўзбекистон шароитида янгича маъно-мазмун ва анъаналарга эга бўлиб бораётгани диққатга сазовордир.
Барчамиз учун азиз ва мўътабар бўлган Ватанимиз айнан шу асосда инсон қадри ва бахти улуғланадиган том маънодаги тинчлик, дўстлик ва меҳр-оқибат диёрига айланиб бормоқда, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.
Муҳтарам дўстлар!
Мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликнинг муҳим омили бўлган миллатлараро муносабатларни ривожлантиришни биз юртимизда демократик ҳуқуқий давлат ҳамда эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг устувор йўналиши сифатида белгилаб олдик ва бу борада улкан ишларни амалга ошириб келмоқдамиз.
Аввало, соҳага доир давлат сиёсати тубдан такомиллаштирилиб, унинг ҳуқуқий ва институционал асослари мустаҳкамланди.
Энг муҳими, бу йўналишда давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатилиб, уларнинг имкониятлари бирлаштирилиб, тизимли ва кенг миқёсда иш олиб борилмоқда.
Биргина мисол – мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 157 та миллий-маданий марказ, 42 та дўстлик жамияти ва хориждаги 100 дан ортиқ ватандошлар жамоат бирлашмалари давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда юртимизда дўстлик ва бағрикенглик муҳити, миллий ва умумбашарий қадриятлар уйғунлигини мустаҳкамлаш, чет эллар билан маданий-маърифий алоқалар, халқ дипломатиясини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кўплаб ижобий натижаларга эришмоқда.
Биз ўзининг ҳалол меҳнати, ватанпарварлик фазилатлари билан республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишга беқиёс ҳисса қўшиб келаётган турли миллатга мансуб юртдошларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Улар давлат ва жамоат ташкилотларида турли масъул лавозимларда чин дилдан меҳнат қилишмоқда, фидокорона хизматлари учун Ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишмоқда. Уларнинг орасида депутат ва сенаторлар, таниқли ишлаб чиқариш вакиллари, тадбиркорлар, таълим, тиббиёт, илм-фан, маданият, адабиёт, санъат ва спорт намояндалари борлигини барчамиз яхши биламиз.
Ўз тақдири ва келажагини Ўзбекистон билан боғлаган бундай олижаноб юртдошларимиз тарихий ватанлари билан мамлакатимиз ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда ҳам алоҳида намуна кўрсатишмоқда.
Миллий-маданий марказларнинг барчамиз учун умумхалқ байрамларига, гўзал қадриятларга айланиб кетган Наврўз ва Мустақиллик тантаналари, бошқа оммавий тадбирларни ўтказишда доимо фаол иштирок этиб келишаётгани ҳам таҳсинга лойиқдир.
Барчамиз биргаликда нишонлаётган бугунги байрам – Халқлар дўстлиги куни ҳам халқимизнинг тинчлик, дўстлик ва эзгулик ғоялари мужассам бўлган бой маданияти, урф-одат ҳамда анъаналарини яққол намойиш этиш учун яна бир катта имконият эканини таъкидлаш лозим.
Сўнгги йилларда қатъий сиёсий иродамиз билан минтақамиздаги қардош давлатлар ўртасидаги дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилиб, дунё сиёсатида “Марказий Осиё руҳи” деган ибора ва воқелик пайдо бўлгани барчамизнинг умумий ютуғимиз, десак, тўғри бўлади. Бу ҳақда гапирганда, шу йил март ойида Ўзбекистон – Қирғизистон – Тожикистон чегаралари ўзаро туташган нуқтада “Дўстлик” стеласи ўрнатилгани ўртамиздаги яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганидан яна бир ёрқин далолатдир.
Ҳурматли юртдошлар!
Дунёнинг турли минтақаларида миллий ва диний асосда турли низолар давом этаётган ҳозирги ўта таҳликали шароитда ягона Ўзбекистон ғояси асосида энг катта бойлигимиз – юртимиздаги осойишталик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, билим-маърифат, касб-ҳунарлар эгаси этиб тарбиялаш, инклюзивлик тамойилларини чуқурлаштириш борасидаги ишларимизни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз.
Ўзбекистон фуқароси эканидан фахрланадиган барча миллат ва конфессиялар вакиллари ҳамда хориждаги ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини Конституция ва қонунларимиз талаблари асосида ҳамма жойда қатъий ҳимоя қилиш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Сиз, азизлар Ватанимизнинг иқтисодий ва ижтимоий қудратини ошириш, халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш йўлида бундан буён ҳам фидокорона меҳнат қилиб, бутун куч-ғайратингиз, билим ва тажрибангиз, истеъдод ҳамда маҳоратингизни, касбий ва инсоний салоҳиятингизни тўла намоён этасизлар, деб ишонаман.
Барчангизни бугунги шукуҳли байрам билан яна бир бор қизғин табриклайман.
Сизларга мустаҳкам соғлиқ, мамлакатимиз равнақи йўлидаги олижаноб фаолиятингизда янги зафарлар, оилавий бахт, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Барчамиз учун ягона Ватан бўлган жонажон Ўзбекистонимиз доимо омон бўлсин, ҳамиша гуллаб-яшнасин!
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти