
25.07.2025

Туғилган куним муносабати билан чин юракдан муборакбод этиб, ўзларининг самимий қутловлари ва эзгу тилакларини билдирган хорижий давлатлар, ҳукуматлар ва парламентлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар етакчиларига, таниқли сиёсат ва жамоат арбоблари, ишбилармон доиралар вакилларига, юртимиздаги меҳнат жамоалари, маҳаллалар, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари фаолларига, тадбиркорларимизга, мамлакатимиз ва чет эллардаги барча ватандошларимизга чуқур миннатдорлик изҳор этаман.
Менинг номимга йўлланган ушбу табрик ва тилакларни, аввало, кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ва давлатига юксак ҳурмат ва эҳтиром, дунё ҳамжамияти билан яқин ҳамкорликда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимизга, ёруғ келажагимизга ишонч ва эътибор ифодаси сифатида қабул қиламан.
Барча ташаббус ва дастурларимизни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган мард ва олижаноб халқимизга яна бир бор чин дилдан фарзандлик меҳрим ва эҳтиромимни билдиришдан бахтиёрман.
Ишончим комил, эл-юртимизнинг улкан яратувчилик меҳнати, азму шижоати билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни жаҳондаги тараққий этган давлатлар қаторига олиб чиқиш бўйича ўз олдимизга қўйган буюк мақсадларга албатта етамиз.
Чуқур ҳурмат ва энг эзгу тилаклар билан,
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти