28.07.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Таъкидлаб ўтилсинки, сўнгги йилларда Тошкент вилоятининг ишлаб чиқариш ва саноат тармоқларида чуқур таркибий ўзгартиришлар, уни модернизация ва диверсификация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида «Ангрен» эркин-иқтисодий зонаси ташкил этилди.
Ёқилғи-энергетика, тоғ-кон, кимё ва бошқа тармоқларда замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш, маҳаллий хомашё асосида янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш давом эттирилмоқда.
Саноат ишлаб чиқариш тармоқларининг узоқ муддатли ва барқарор ривожланиши, янги ишлаб чиқариш воситаларини амалга татбиқ қилиш, уларнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишдаги самарадорлигини таъминлаш ва юқори оширилган қийматдаги маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича белгиланган вазифалар илғор халқаро тажрибалар асосида юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашни талаб этади.
Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш ҳамда олий техник таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида:
1. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали (кейинги ўринларда – Филиал деб аталади) ташкил этилсин.
2. Филиалнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш;
фундаментал ва амалий тадқиқотлар соҳасидаги халқаро ютуқларни ўрганиш асосида фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасидаги маҳаллий илмий ва интеллектуал салоҳиятни ривожлантириш;
фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича янги илғор технологияларни ишлаб чиқиш, уларни республиканинг геологик ва иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда амалиётга татбиқ қилиш;
тоғ-кон ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш, уларни энг замонавий халқаро фан ва технологиялар ютуқлари асосида қайта тайёрлаш;
энг илғор хорижий олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан кенг ҳамкорликни амалга ошириш.
3. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалининг таркибий тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирига, зарур ҳолларда, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалининг тасдиқланган таркибий тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
Филиал Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг юридик шахс мақомидаги таркибий тузилмаси ҳисобланиб, кундузги, махсус сиртқи ва кечки таълим шаклида кадрлар тайёрлашни амалга оширади.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2017 йил 1 сентябргача:
Филиал Устави ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ҳамда унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Филиални танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан, шу жумладан, фаолияти тугатилаётган Навоий давлат кончилик институтининг Олмалиқ факультети профессор-ўқитувчилари ҳисобидан таъминлаш чораларини кўрсин;
Филиалда ўқув-методик жараённинг ташкил этилишини таъминлаш, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни ўқув адабиётлари, замонавий ўқув лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин.
5. Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатиш, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва мақсадли бадаллари;
халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Белгилаб қўйилсинки, 2017/2018 ўқув йили учун Филиалнинг бакалавриат таълим йўналишларига қабул ўқитиш шакллари бўйича қуйидагича:
кундузги бўлимга Навоий давлат кончилик институтининг Олмалиқ факультетига 2017/2018 ўқув йили учун белгиланган квота ҳисобидан;
махсус сиртқи ва кечки бўлимларга 2-иловага мувофиқ амалга оширилади.
7. Белгилаб қўйилсинки:
2017/2018 ўқув йилида Филиалнинг махсус сиртқи ва кечки бўлимига мақсадли қабул ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига, камида уч йиллик амалий иш стажига эга бўлган ҳамда “Олмалиқ КМК” АЖ, “Навоий КМК” ДК, “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ, “Ўзбеккўмир” АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг йўлланмаси берилган кадрлар ҳисобидан суҳбат асосида амалга оширилади;
суҳбат Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва “Олмалиқ КМК” АЖ томонидан тасдиқланадиган Махсус комиссия томонидан ўтказилади;
махсус сиртқи ва кечки бўлимларга ўқишга қабул қилинганда ўқишни якунлагандан сўнг кўрсатилган жойда мажбурий равишда беш йилдан кам бўлмаган муддат ишлаб бериш шарти билан тегишли ташкилот, Филиал ва талаба ўртасида уч томонлама шартнома тузилади.
Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига Филиалда таълим олиш учун йўлланма берувчи ташкилот ва корхоналар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига “Олмалиқ КМК” АЖ, “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ, “Ўзбеккўмир” АЖ, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва бошқа манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда ҳар йили юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни таҳлил қилиш ва унинг натижаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кейинги ўқув йилларида Филиалга таълим шакллари, йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича қабул қилинадиган талабалар сони бўйича таклифлар киритиш юклатилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Олий таълим муассасалари махсус сиртқи (сиртқи) ва кечки бўлимлари тўғрисида Низомни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Навоий КМК” ДК, “Олмалиқ КМК” АЖ ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг:
Навоий давлат кончилик институтининг Олмалиқ факультети фаолиятини тугатиш;
факультетнинг 2016/2017 ўқув йили бакалавриати 1-3 курс талабалари ўқишини турдош ва мос йўналишлар бўйича Навоий давлат кончилик институтига ёки янги ташкил қилинаётган Филиалга кўчириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
11. Белгилансинки, Навоий давлат кончилик институтининг Олмалиқ факультети талабалари орасидан ўқишни Ўзбекистон Республикасининг бошқа олий таълим муассасаларида давом эттиришни истаганлар ўқишини кўчириш Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланган тартиб асосида амалга оширилади.
Филиални сақлаш харажатлари 2017 йилда “Маориф” соҳаси бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2018 йилдан бошлаб эса мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.
12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурининг 2018 йилга ва кейинги йилларга параметрларини шакллантиришда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали объектларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига:
Филиалга иккита, шу жумладан, битта хизмат ва битта навбатчи енгил автотранспорт воситасини сақлашга лимит ажратсин;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Навоий давлат кончилик институтининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2017 йил харажатлар параметрига ушбу қарор асосида тегишли ўзгартиришлар киритсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Филиалнинг буюртманомалари бўйича Филиал ўқув жараёнида иштирок этувчи хорижий мутахассисларга давлат божи тўламасдан кўп маротабали кириш визаларини расмийлаштириш ва узайтириш, шунингдек, профессор-ўқитувчилар таркибини вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.
15. Филиалга ўқитувчилик ва илмий иш учун шартнома асосида таклиф этиладиган хорижлик профессор-ўқитувчиларнинг яшаши ва транспорт харажатлари учун тўловларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифлар бўйича миллий валютада тўлашга рухсат берилсин.
16. Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олмалиқ шаҳри, Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган Навоий давлат кончилик институти қошидаги Олмалиқ академик лицейининг бинолари ва иншоотларини Филиалга оператив бошқариш ҳуқуқи билан бепул фойдаланишга бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
17. “Олмалиқ КМК” АЖга бошқа асосий кадрлар буюртмачилари билан биргаликда Филиалнинг моддий-техник ва лаборатория базасини мустаҳкамлаш, таълим жараёнига чет эллик олимлар, ўқитувчилар ва мутахассисларни жалб этишда кўмаклашиш тавсия этилсин.
18. Россиянинг Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСиС»нинг Олмалиқ филиалини ташкил этиш бўйича Ташкилий қўмитаси таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ташкилий қўмита (Ибрагимов Ғ.И.) уч ой муддатда амалга оширилган ишлар натижаси асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 июндаги “Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3101-сон қарорининг 3-иловаси матни 4-иловага мувофиқ таҳрирда баён этилсин.
20. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2017 йил 27 июль