icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон ёшлари – янги тарих яратадиган олтин авлод

30.06.2025

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда нутқ сўзлади. Ўзбекистон ёшларини ушбу қутлуғ айём билан табриклаб, уларга меҳри ва ишончини билдирди.

Мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шароитлар аниқ натижалар бераётгани қайд этилди. Ўтган йили юртимиз ёшлари “ТОП-500”талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Бугунги кунда 30 нафар йигит-қиз дунёдаги “ТОП-10”, 500 нафари “ТОП-100” ва 1 минг 500 нафари “ТОП-300”дан жой олган нуфузли университетларда таҳсил олмоқда.

Юртдошларимиз санъат, спорт соҳаларида ҳам катта муваффақиятларга эришмоқда. Яқинда футбол бўйича миллий терма жамоамиз тарихда илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

– Биринчи ва иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда. Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз. Сизлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз, – дея таъкидлади Президент.

Ёшларга сифатли таълим-тарбия бериш, хорижий тилларни ўргатиш, касб эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш – давлатимизнинг асосий вазифасига айланган. Бунда замон талабидан келиб чиқиб, зарур шароитлар яратилмоқда.

Жумладан, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 минг ёшлар ўқитилган. Ўтган йили 150 мингдан зиёд йигит-қиз халқаро тил сертификатлари олган, бу – 2023 йилга нисбатан 2 баравар кўп.

Бу йил 35 миллиард долларлик 8 минг 300 та лойиҳа орқали 292 мингта иш ўрни яратилмоқда. Яна 500 мингта иш ўрни яратадиган 83 миллиард долларлик лойиҳалар режалаштирилган. Натижада “яшил” иқтисодиёт, саноат, энергетика, геология, муҳандислик ва бошқа соҳаларда минглаб мутахассисларга талаб пайдо бўлади.

Учрашувда давлатимиз раҳбари ёшларга имкониятларни кенгайтиришга қаратилган муҳим ташаббусларни билдирди.

Хусусан, Президентимиз фармони билан Беруний номидаги халқаро мактаб ташкил этилди. Унга 8-синф битирувчилари орасидан 60 нафар ўқувчи саралаб олиниб, 3 та йўналишда чуқурлаштириб ўқитилади.

Миллий дастур асосида ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчи танланиб, Гарвард, Йель, Колумбия, Корнель каби дунёнинг нуфузли олийгоҳларига тайёрланади. Шундан камида 300 нафари эҳтиёжманд оила фарзандлари бўлади.

Нуфузли хорижий олийгоҳларга кираётган барча ёшлар ҳам 100 фоизлик грант олиш имкониятига эга эмас. Шу боис энди “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан “ТОП-300”талик олийгоҳга кирганларнинг ўқиш ва яшаш харажатини қоплаш тизими янги тартибда ишлай бошлайди.

Энг аввало, илм-фан, технология, муҳандислик ва математика, энергетика, транспорт, урбанизация, архитектура, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги каби драйвер соҳалар учун квоталар оширилмоқда. Энди банклар “ТОП-300” талик олийгоҳга кирган ёшларга 20 минг долларгача имтиёзли кредит беради.

Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича банк-молия, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва энергетика устувор йўналиш сифатида белгиланиб, 100 та лойиҳа амалга оширилади. Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури ишга туширилади.

Массачусетс технология институтининг сунъий интеллект таълим дастури асосида информатика ўқув дастурлари янгиланади. Вилоятлардаги информатика ўқитувчилари Янги Ўзбекистон университетида ушбу дастурга ўқитилади.

“Рақамли авлод қизлари” танловида таълим, сунъий интеллект, “яшил” иқтисодиёт, иқлим ўзгариши каби соҳаларда 7 минг ўқувчи ва талабанинг 120 та стартап лойиҳаси танлаб олинди. Жорий йил бу лойиҳага камида 50 минг нафар қизлар қамраб олинади.

Стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизим яратилиб, уларни молиялаштиришга 145 миллион доллар венчур сармоя киритилди. Энди бу маблағ 1 миллиард долларга етказилади. Мактабларда ўқувчилар учун “моҳирлик ва бизнес соати” киритилиб, уларнинг ғоясини стартапга айлантиришга 100 миллиард сўм грант йўналтирилади.

Олийгоҳлар ўртасида ҳам стартаплар бўйича ҳар йили “Энг яхши креатив ғоя” танлови ўтказилиб, ғолибларга олийгоҳ жамғармасидан 300 миллион сўмгача грант берилади.

Стартапни прототипга айлантириш ва синовдан ўтказиш учун Инновация агентлиги ва IT-парк тадқиқот ва тараққиёт марказини очади. Бунда, энг яхши лойиҳалар бўйича прототип яратиш харажатининг 50 минг долларгача қисми “Ёшлар венчур” жамғармасидан қопланади.

Энди саноат, сервис, тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалигида банд ёшларнинг касбий ривожланиши бўйича ҳам тизим яратилади. Ҳар бир касб йўналиши бўйича ёшлар ўртасида республика мусобақалари ўтказилади. Бунда давлат корхоналари ва хусусий сектор вакиллари тенгма-тенг иштирок этади.

Тармоқ раҳбарлари ҳар йили ўз тизимидаги 100 нафар ёшни селекция қилиб, хорижий стажировкага юборишни йўлга қўяди. Бунинг учун, ҳар бир тармоқ 10 миллиард сўмдан ажратади.

Маълумки, мактаб битирувчилари ҳамда талабаларнинг бандлигини таъминлаш бўйича иккита дастур қабул қилинган. Шу мақсадда Алоқабанк ва Миллий банкка 300 миллион доллар ажратилган. Улар “Ёшлар бизнеси” дастури доирасида 100 минг ёшларни, “Келажакка қадам” орқали 140 минг олийгоҳ битирувчисини даромадли иш билан таъминлашга масъул бўлади.

Бандлик вазирлиги, Савдо-саноат палатаси Миллий банк билан бирга йил якунигача олийгоҳ, техникум, касбий таълим битирувчиларини иш берувчилар билан боғлайдиган платформани ишга туширади. “Ҳаракатда даромад” электрон тизими яратилиб, таътилдаги 3 миллион ёшлар малака талаб қилмайдиган ишларга жалб қилинади.

Сўнгги етти йилда бошқарув кадрлари таркиби анча ёшариб, 40 ёшгача бўлган раҳбарлар улуши 37 фоиздан 65 фоизга ошди. Ўтган ойда истиқболли кадрлар тайёрлаш ва уларни давлат бошқарувига жалб этиш бўйича Президент фармони имзоланди.

Энди Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида “Келажак лидерлари” дастури бўйича ҳар йили 100 нафар салоҳиятли ёшлар ўқитилади. Улар вазир ва ҳокимларга бириктирилиб, тажриба орттиради, хорижий стажировкага юборилади. Дастурни тамомлаган ёшлар раҳбарлик лавозимларига асосий номзод бўлади.

Ёшлар таълим-тарбиясида китобсеварлик, санъат ва маданиятнинг аҳамияти катта. Шу боис бу йўналишдаги танловларда ғолиб бўлганлар чекка ҳудудлардаги мактабларга бориб, чиқишлар қилади. Бунинг учун вилоят ҳокимлари биттадан автобус олиб беради.

Республика танлови ғолибларига маданият ва санъат олийгоҳларига киришда имтиёз берилади. “Иқтидор” мактаб ансамбли танловининг вилоят босқичи ғолиблари Болалар ва мусиқа санъат мактабларида бепул ўқитилади.

Ёш авлодда ватанпарварликни кучайтириш, турли зарарли таъсирлардан асраш масаласи ҳам долзарб. Пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи”да очилган “Миллат фидойилари” монументидан мақсад ҳам шу. У ерда эл-юртимиз тинчлиги йўлида азиз жонини фидо қилган 196 нафар мард ва жасур ҳарбийларимиз, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг номлари муҳрланган. Бу қутлуғ масканни зиёрат қилган ёшларда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси янада юксалиши таъкидланди.

Давлатимизнинг ёшларга оид сиёсатини халқаро ҳамжамият ҳам кенг эътироф этмоқда. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига кирди. Ёшлар тараққиёт индексида мамлакатимиз бу борада энг тез суръатлар билан ривожланаётган давлат, деб топилди.

Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлари пойтахти, Тошкент шаҳри – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ёшлари пойтахти мақомини олди.

Шу кунларда юртимизда Глобал ёшлар фестивали бўлиб ўтмоқда. Ушбу форум нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё ёшлари учун самарали ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлиши қайд этилди.

Президентимиз ёшларнинг билим ва иқтидорини эътироф этиб, улар билан ғурурланишини таъкидлади.

– Сизларнинг ҳар бир ютуғингиз – бутун халқимизнинг ютуғидир. Азму шижоатингиз, соғлом дунёқарашингиз, бахту иқболингиз – миллионлаб ота-оналар, устоз-мураббийлар, яқинларингизнинг ҳам бахту саодатидир, – деди давлат раҳбари.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo