icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига

27.06.2025

Қадрли юртдошлар!

Аввало, Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган матбуотида, телерадиоканаллар, интернет нашрлари, нашриёт ва матбаа корхоналарида, ахборот хизматлари ва платформаларида ўз бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган сиз, ҳурматли журналистлар, муҳтарам фахрийларни, барча ижодий ва техник ходимларни бугунги касб байрамингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Глобал ижтимоий-сиёсий жараёнлар беқиёс шиддат билан ўзгараётган ҳозирги ўта мураккаб ва нотинч дунёда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва таъсири ҳар қачонгидан ҳам кучли аҳамият касб этаётганини ҳаммамиз сезиб-англаб турибмиз.

Шу маънода, бепоён медиаоламда холис ва ҳаққоний ахборот тарқатиш билан бирга, миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қиладиган журналист аҳлининг машаққатли меҳнатини муқаддас сарҳадларимизда сергак турган Ватан посбонларининг жасоратига қиёсласак, ўйлайманки, ўринли бўлади.

Ушбу қутлуғ айёмда мамлакатимизда амалга оширилаётган тарихий ишларга ўз истеъдоди, профессионал маҳорати билан муносиб ҳисса қўшиб келаётган оммавий ахборот воситаларининг барча ходимларига халқимиз номидан юксак ҳурмат ва эзгу тилаклар изҳор этиш мен учун катта шарафдир.

Азиз дўстлар!

Атоқли жадид бобомиз Ҳожи Муин айтганидек, “Матбуот тарихи – Уйғониш даври тарихининг бир бўлагидир”.

Биз кейинги йилларда, улуғ аждодларимиз бошлаб берган ибратли анъаналарни давом эттириб, демократик жамиятнинг муҳим шарти ва тамойили бўлган оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантиришга устувор эътибор қаратмоқдамиз.

Ана шундай ёндашув туфайли медиа маконимизга илғор лойиҳа ва технологиялар, янгича мулкий муносабатлар жадал  кириб келмоқда. Республикамизда фаолият кўрсатаётган 2 минг 400 га яқин оммавий ахборот воситаларининг 65 фоизи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келаётгани, хусусий нашрлар, телерадиоканаллар, интернет ресурслари тобора ортиб, улардан фойдаланувчилар сони 14,7 миллиондан 32,7 миллионга етгани, ахборот контентларини яратувчилар сафи кенгайиб бораётгани, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизнинг медиа соҳасидаги салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Айниқса, миллий медиаконтентни ривожлантириш йўлида ёш ижодкорлар, мустақил студия ва продюсерлик марказлари фаолияти қўллаб-қувватланаётгани виртуал маконда юксак сифатли, рақобатбардош лойиҳалар пайдо бўлиши учун замин яратмоқда.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини, матбуот ва сўз эркинлигининг қонуний ижросини таъминлаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Биз келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизни баркамол этиб тарбиялаш билан бирга, уларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор бермоқдамиз. Бу борада 2030 йилгача болалар учун мўлжалланган миллий контентлар, жумладан, нашр маҳсулотлари фойда солиғидан озод қилиниб, ижтимоий солиқ 1 фоиз миқдорида белгилангани, қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартиби жорий этилгани муҳим қадам бўлди.

Ана шу ўзгаришларнинг давоми сифатида яқинда Болалар контентини ривожлантириш марказини ташкил этдик. Ушбу марказ ёш авлодимизни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни эзгулик ва маърифатга ошно этиш бўйича амалий ҳаракатларни бошлаб юборгани албатта эътиборлидир.

Бу ҳақда гапирганда, онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганини ҳам қайд этиш лозим.

Ҳозирги вақтда сунъий интеллект технологияларининг шиддат билан ривожланаётгани журналистика учун катта имкониятлар очиш билан бирга, бу борадаги ишларимизни замон талабларига мос ҳолда йўлга қўйишни талаб этмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўз касбини, она тили билан бирга хорижий тилларни, IT технологияларини пухта эгаллаган, жонкуяр ва ватанпарвар янги журналистлар авлоди етишиб келаётгани барчамизни хурсанд қилади.

Айни вақтда оммавий ахборот воситаларида холислик ва қонун устуворлигини таъминлаш, профессионал билим ва маҳоратни ошириб бориш, ахборот тарқатишнинг замонавий усулларини ўзлаштириш, аҳоли ўртасида ахборот, баҳс ва мулоқот маданиятини шакллаштириш, жамиятимиздаги турли иллатлар, коррупция балосига қарши курашиш каби долзарб вазифалар бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарур.

Қадрли оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Мамлакатимиз журналистлари ва ижодий жамоалари томонидан билдирилган таклифларни инобатга олиб, бу йил “Олтин қалам” миллий мукофоти биринчи марта 27 июнда – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида топширилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, бугун сизларнинг иштирокингизда тантанали равишда тақдирланадиган барча танлов ғолибларини ва юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган соҳа ходимларини чин қалбимдан самимий табриклайман.

Сизларнинг ҳар бирингиз келгусида ўз тажриба ва маҳорат мактабингизни яратиб, миллий журналистикамиз равнақига янада катта ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман.

Ҳеч шубҳасиз, оммавий ахборот воситалари ходимларининг машаққатли меҳнатини қадрлаш, ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бундан буён ҳам Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолади.

Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, қалбимдаги энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Доимо соғ-омон бўлинг, масъулиятли ва шарафли меҳнатингиздан барака топинг, азизлар!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo