icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон ва Мўғулистон етакчилари музокаралар якунларини сарҳисоб қилдилар

24.06.2025

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух ўтказилган музокаралар натижаларига доир фикрларини баён қилдилар.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқининг бошида дўст Мўғулистон халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам - Халқ инқилоби куни билан самимий муборакбод этди.

- Мўғулистонлик дўстларимизнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги эътиборга лойиқ муваффақиятлари ва ютуқларидан чин дилдан хурсандмиз, сизнинг тинчликсевар ташқи сиёсатингизни тўла қўллаб-қувватлаймиз, - деди мамлакатимиз етакчиси.

Бугунги кунда Мўғулистон иқтисодиёти барқарор юқори ўсиш суръатларини кўрсатаётгани таъкидланди. Мамлакатда саноат тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма модернизация қилинмоқда. Қорақурум шаҳрини кенг кўламли реконструкция қилиш ишлари бошланган. Изчил, прагматик ва фаол сиёсат туфайли мамлакатнинг халқаро нуфузи ошмоқда.

Ўзбекистон Президентининг Мўғулистонга илк ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари ривожида тарихий воқеа бўлгани алоҳида қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари ташрифнинг асосий натижаларидан бири сифатида Ўзбекистон-Мўғулистон ҳамкорлигида янги босқични бошлаб берадиган муҳим ҳужжат - Кенг қамровли шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланганини таъкидлади.

Музокаралар давомида амалий ҳамкорликнинг барча асосий масалалари ва истиқболли йўналишлари атрофлича кўриб чиқилгани, келажакка мўлжалланган аниқ вазифа ва режалар белгилаб олингани айтилди.

2024 йилда Тошкентда бўлиб ўтган саммитдан сўнг барча йўналишларда алоқалар фаоллашгани қайд этилди. Жорий йил февраль ойида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши самарали ўтказилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида яқин ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Президентининг сўзларига кўра, музокараларда асосий эътибор иқтисодий ҳамкорликка қаратилди. Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини, энг аввало, харидоргир маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш орқали бир неча баробар ошириш вазифалари белгиланди. Улан-Баторда кўргазма залига эга бўлган Ўзбекистон савдо уйи очилиши бу ишлар учун амалий асос бўлиши таъкидланди.

Ташриф арафасида Ўзбекистон ва Мўғулистон тадбиркорларининг бизнес форуми ва учрашувлари муваффақиятли ўтказилгани, янги шартнома ва битимлар имзолангани мамнуният билан қайд этилди. Давлат раҳбарлари бундан буён ҳам тадбиркорлик учун барча шароитларни яратиш ва уларнинг ишбилармонлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.

Шу муносабат билан имтиёзли савдо ва инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни энг қисқа муддатларда қабул қилишга келишилди.

Бундан ташқари, музокаралар чоғида икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини самарали тўлдириши мумкин бўлган тармоқларда саноат кооперациясининг аниқ йўналишлари белгилаб олинди.

Жумладан, минерал ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, енгил саноатда ҳамкорлик, жумладан, жун, терини чуқур қайта ишлаш ва кўплаб бошқа йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар сифатида экспертларни кенг жалб қилган ҳолда самарали транспорт йўналишларини биргаликда ривожлантиришга келишиб олинди. Жорий йилнинг кузидан пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши қайд этилди.

Маданият, таълим ва туризм соҳаларида фаол алмашинувларни давом эттиришга келишилди. Шу кунларда Улан-Баторда Ўзбекистон маданияти кунлари, икки мамлакат сайёҳлик ташкилотларининг учрашувлари ўтказилмоқда.

Томонлар мунтазам равишда ўзаро концертлар, кўргазмалар, кино намойишлари уюштириш, фестивалларда иштирок этишга келишиб олдилар.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ажратилаётган квоталар доирасида мўғулистонлик ёшларнинг Ўзбекистондаги етакчи олий таълим муассасаларида таълим олишини қайта йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.

Эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун икки мамлакат ҳукуматлари томонидан кенг қамровли "йўл харитаси" қабул қилиниши таъкидланди.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари Мўғулистон Президентини расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этганини маълум қилди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo