
23.06.2025

Ҳурматли Форум қатнашчилари!
Ҳурматли меҳмонлар!
Авваламбор, сизларни Марказий Осиё минтақасида илк бор ўтказилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Давлат хизмати бўйича Форумининг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Форумни дунё цивилизациялари чорраҳасида жойлашган Самарқанд шаҳрида ўтказиш борасидаги ташаббусимизни қўллаб-қувватлагани учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гуттериш Жаноби Олийларига алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман.
Фурсатдан фойдаланиб, БМТ ташаббуси билан дунёда кенг нишонланиб келаётган 23 июнь – Давлат хизмати куни билан барчангизни қизғин табриклайман.
Барчамизга аёнки, бугунги кунда дунё барқарор ривожланишга тўсиқ бўлаётган сиёсий зиддиятларнинг кучайиши, иқлим ўзгариши, табиий ва инсон ресурсларининг танқислиги, кибертаҳдидлар каби глобал муаммолар билан тўқнаш келмоқда.
“2030 йилга қадар 5 йил: Барқарор келажак учун хизмат кўрсатиш жараёнларини жадаллаштириш” мавзуида ўтказилаётган мазкур халқаро анжуман глобал тараққиётда муҳим ўрин тутадиган давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини такомиллаштириш, уни замон билан ҳамнафас ҳолда янги босқичга кўтариш, кадрлар салоҳияти ва уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, бу борада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мазкур тадбиримизда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар, дунёнинг турли қитъа ва минтақа давлатларидан келган 400 га яқин делегатлар иштирок этаётгани ҳам ушбу анъанавий анжуманнинг мақоми тобора ортиб бораётганини яққол кўрсатади.
Ҳурматли Форум иштирокчилари!
Бугунги кунда давлат бошқарувида рақамли трансформацияни рағбатлантириш, давлат хизматларини кўрсатишнинг инновацион ечимларини қўллаш, давлат сектори институтларида самарадорликни кескин ошириш, лидерлик бошқарув услубини ривожлантириш, узлуксиз таълим олишни кенгайтириш ва бўлажак раҳбарлар учун зарур кўникмаларни белгилаш бўйича илғор тажриба алмашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эгадир.
Дунёга тобора очилаётган, жадал ислоҳотлар йўлидан бораётган ва илғор халқаро тажрибани кенг татбиқ этаётган, “давлат – халқ учун” тамойилига қатъий амал қилиб келаётган Янги Ўзбекистон давлат хизмати соҳасида глобал ўзгаришларнинг ажралмас бир қисмига айланаётганини алоҳида таъкидлашни истар эдим.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат хизматини чинакамига инклюзив халқ хизматига айлантириш бўйича тизимли ислоҳотларни олиб бормоқдамиз. Жумладан, халқаро экспертлар билан биргаликда “Давлат фуқаролик хизмати” тўғрисидаги қонун тайёрланди.
Ислоҳотларнинг ҳар бир хонадонга қадар кириб бориши учун “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди, манзилли кўмак ва ижтимоий ҳимоя институти кучайтирилди, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга етиб, мамлакатимиз бу борада минтақада етакчи ўринни эгаллади. 700 дан зиёд давлат хизматлари “ягона дарча” тамойили асосида онлайн платформалар орқали амалга оширилмоқда.
Давлат хизмати ва бошқаруви жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш натижасида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг электрон ҳукуматлар ривожланиш даражаси бўйича глобал рейтингида 24 поғонага, Сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро индексда сўнгги бир йил ичида 17 поғонага кўтарилди.
Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш мақсадида замон талабларига мос иқтидорли мутахассисларни жалб қилиш ва профессионал давлат хизматчилари корпусини шакллантириш бўйича кадрлар тайёрлаш кластерини ташкил этдик.
Институционал салоҳиятни ошириш ва инсон капиталига сармоя киритишга кўмаклашиш учун халқаро тажриба асосида эндаумент имкониятларидан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Шу боис, сизларни Ўзбекистонда давлат хизматида рақамли трансформация бўйича Глобал билим марказини очиш, халқаро Ёш етакчилар мактабини ташкил этиш каби глобал ташаббусларимизни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.
Бу ташаббуслар Ҳукуматлар, новаторлар ва ривожланиш бўйича шериклар ўртасида алмашувларни фаоллаштириш, келажак авлод давлат хизматчиларини тарбиялаш, бошқарувда ва кундалик ҳаётда рақамли воситалардан кенг фойдаланиш, давлат секторида инновацияларни жорий этиш учун катта имкониятлар эшигини очади.
Бундай муҳим ташаббус ва таклифлар Форум доирасида қабул қилинадиган Самарқанд декларациясида ўзининг тўлиқ ифодасини топишига, мазкур муҳим ҳужжат ҳаммамиз учун инклюзив, барқарор ва инсон манфаатларига йўналтирилган давлат хизматига эришиш йўлида биргаликда ҳаракат қилиш бўйича ўзига хос дастуриламал бўлишига ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, бу эзгу йўлда барчангизга улкан куч-ғайрат ва омадлар, Форум ишига муваффақият тилайман.
Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти