
19.06.2025
Президент Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабз тумани Ҳисор тоғи ён бағридаги сайёҳлик салоҳияти билан танишди.
Туризм кам маблағ билан кўп иш ўрни яратадиган, аҳоли даромади ва ҳудудлар қиёфасини яхшилайдиган соҳа. Қашқадарёда ҳам бу борада имкониятлар кўп.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 ноябрдаги қарори асосида Қашқадарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм мажмуалари барпо этилмоқда. Жумладан, хорижий давлатларнинг малакали экспертлари ва етакчи компаниялари иштирокида Мираки, Амир Темур, Улоч ва Полмон маҳаллаларида сайёҳлар учун қулайликлар яратилмоқда. Умумий 240 гектар майдонда 400 миллион долларлик 117 та лойиҳа амалга оширилаётир. Бунинг натижасида эса 1 минг 700 та доимий иш ўрни очилади.
Бугун Миракидаги ўзгаришлар мазкур қарор ва туризм бўйича ўтказилган йиғилишлар натижаси.
Илгари бу сўлим жойлардан ҳар ким ўз билганича фойдаланар эди. Сой бўйлари бетартиб, оромгоҳларда инфратузилма етишмасди. Бугун бу манзил яхлит туризм кластерига – “Мираки” халқаро туризм марказига айланди.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги ободлик ва қулайликларни кўздан кечирди. Оқсув дарёсининг икки қирғоғи бўйлаб пиёда ва велосипедда юриш учун ўн километрлик “эко йўлак” ташкил этилган. Болалар майдончаси, кўнгилочар боғ, нуронийлар маскани, оилавий меҳмон уйлари ҳамда кўчма савдо шохобчалари маҳалла кўркини оширган.
“Miraki spa and resort” дам олиш ҳудуди туризм марказининг замонавий қисми. Бу ерда иккита меҳмонхона, савдо ва кўнгилочар мажмуа барпо қилинган. Шунингдек, бир вақтнинг ўзида 600 нафар сайёҳни қабул қилувчи меҳмонхоналар, 300 ўринли оилавий хостел очилган. Бу йилига 300 мингдан ортиқ меҳмонга хизмат кўрсатилишини англатади.
Давлатимиз раҳбари янги меҳмонхона ва савдо мажмуаси фаолияти билан танишди. Сайёҳлик бўйича истиқболдаги муҳим лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
- Шаҳрисабзнинг устун тарафи - йил давомида саёҳатга келиш мумкин. Бунинг учун йўл, коммуникация, меҳмонхоналар қураяпмиз. Энди хизмат турларини кўпайтиришни ўйлаш керак. Масалан, Миракига келган меҳмон вақтини қандай ўтказади, нималар харид қилади? Шу талаблардан келиб чиқиб, хизматлар таклиф қилиш, бу ернинг табиати ва шароитини чет элларда кенг тарғиб этиш керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Янги сайёҳлик марказига инвесторларни жалб этиш учун муҳандислик-коммуникация тармоқлари тортилган. Миракига элтувчи ва маҳалла ичидаги йўллар мукаммал таъмирланган. Электр таъминоти яхшиланган. Сайёҳларни қизиқтириш учун Ҳисорак сув омборига туташ ҳудудда икки километрдан ортиқ дор йўли ва денгиз сатҳидан 2 минг 700 метр баландликда ресторан ҳам барпо этилган.
Бундай кенг қулайликлар Қашқадарёга келувчи сайёҳлар сонини оширмоқда. Ўтган йили вилоятга икки ярим миллион нафардан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган. Шундан беш юз минг нафарга яқини айнан Шаҳрисабз туманига келган. Ҳудуддаги бу ўзгаришлардан кейин келтирилган рақам бир неча баробар ўсиши табиий.