icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Халқимизни янада бирлаштирган тарихий ютуқ

11.06.2025

Президент Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни “Бунёдкор” стадионига ташриф буюриб, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинини томоша қилди.

Бу оддий ўйин эмас, ўзбек футболининг катта байрами. Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг сўнгги учрашуви. Лекин моҳир спортчиларимиз мундиал йўлланмасини муддатидан олдин нақд қилиб қўйган – Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этади!

Буни футболсевар халқимиз кўп йиллар орзиқиб кутган эди. Терма жамоамиз бундан олдин етти марта саралашларда қатнашиб, мундиалга чиқа олмаганди. Ҳар доим ё тақвим, ё голлар нисбати, ё маҳорат етишмаслиги сабаб бўлиб қолаверарди.

Ҳеч қандай сабаб-баҳонага ўрин қолмаслиги учун эса футболчилар кучли бўлиши керак, пойдевор мустаҳкам бўлиши керак. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги қарори билан, 2018-2022 йилларда футболни янада ривожлантириш дастури қабул қилинган эди. Истеъдодли ёшларни танлаш, кейинчалик профессионал этиб тайёрлаш ҳамда миллий терма жамоалар захирасини яратиш мақсадида 14 та ҳудудда болалар ва ўсмирлар футбол академиялари ташкил этилди. Машғулот ва мусобақаларда сифат ошди. Мураббийлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларга эътибор кучайди.

2019 йил 4 декабрда Президентимиз “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон имзолади. Унда клублар фаолиятини ривожлантириш, халқаро даражадаги мутахассислар тайёрлаш, терма жамоаларнинг ўқув-машғулот жараёнини замонавий ташкил этиш, мамлакатимизда нуфузли мусобақалар ўтказиш мақсадлари белгиланган эди. 2023 йил 8 апрелда қабул қилинган оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришга оид Президент қарори ҳам катта аҳамиятга эга бўлди.

Бундай эътибор ва тизим туфайли бирин-кетин натижалар кела бошлади. 2018 йилда U-23 жамоамиз Хитойда, 2023 йилда U-20 футболчиларимиз Ўзбекистонда ўтган мусобақаларда Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Юртимизда ФИФА ва ОФК дастуридаги турнирларни ўтказиш йўлга қўйилди.

2024 йилда ўзбек футболи ривожида янги саҳифа очилди – 23 ёшгача бўлган терма жамоамиз биринчи марта Олимпия ўйинларида иштирок этди.

Ютуқ ва хурсандчиликлар бу йил ҳам давом этмоқда. Яқиндагина, апрель ойида Cаудия Арабистонида ўтган мусобақада 17 ёшгача бўлган ўсмирларимиз Осиё кубогини қўлга киритиб, жаҳон чемпионатига йўлланма олган эди. Мана энди асосий терма жамоамиз ҳам янги тарих яратди.

Ўзбекистон ушбу 3-саралаш босқичининг “А” гуруҳидан ўрин олган эди. Қарийб бир йил мобайнида Эрон, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Қирғизистон, Шимолий Корея футболчилари билан баҳс олиб борилди. 5 июнь куни ўтган БАА – Ўзбекистон ўйинида дуранг қайд этилди. Натижада 9-тур якунларига кўра, терма жамоамиз очколари сони 18 тага етди ва жаҳон чемпионатига чиқиш кафолатланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан йўллаган табригида футболчиларимиз чинакам жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб, халқимиз орзусини рўёбга чиқарганини таъкидлади.

Аминман, бу тарихий ютуқ халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада бирлаштиради, минг-минглаб ёшларимиз учун илҳом манбаига, ибрат тимсолига айланади, Янги Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини янада оширишга хизмат қилади, - деди давлатимиз раҳбари.

Чиндан ҳам, бу тарихий воқеа бутун халқимизни бирлаштирди, қувонтирди. Шу боис ҳам сўнгги турдаги Ўзбекистон - Қатар ўйини байрамга айланиб кетди.

Учрашув ўз жонкуярлари олдида ўйнаган ҳамюртларимизнинг тўлиқ устунлигида ўтди. Якунда Ўзбекистон 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6 июндаги фармонига мувофиқ, Ватанимиз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани, ёш авлодни спортга меҳр ва миллий ғурур руҳида тарбиялашга қўшган ҳиссаси учун футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ва мураббийларидан бир гуруҳи мукофотланган эди. Ўйиндан кейин ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлди. Давлатимиз раҳбари қаҳрамон спортчиларимизга фахрий унвон, орден ва медалларни топширди. Шунингдек, терма жамоамиз аъзолари ва мутахассисларига BYD автомобиллари совға қилинди.

Президентимиз билан ўйинни Болгария Президенти Румен Радев ва Словакия Бош вазири Роберт Фицо ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ҳукумат раҳбарлари биргаликда кузатди. 

Футбол байрами дронлар ва мушаклар шоуси билан якунланди.

2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. 48 та жамоа 12 та гуруҳга бўлиниб баҳс олиб боради. Гуруҳларда биринчи-иккинчи ўринни эгаллаганлар ҳамда натижалари энг яхши 8 та учинчи ўрин соҳиблари кейинги босқичга йўл олади. Ўзбекистон ифтихори бўлган футболчиларимиздан бу мусобақада ҳам яхши натижалар кутиб қоламиз.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo