icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон халқига байрам табриги

08.05.2025

Қадрли ватандошлар!

Аввало, сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни қутлуғ айём – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 80 йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан бахтиёрман.

Мана шу ҳаяжонли, айни пайтда изтиробли дамларда инсониятни фашизм балосидан халос этишга муносиб ҳисса қўшган қаҳрамон аждодларимизни ёд этиб, уларнинг ёрқин хотираси олдида таъзим қиламиз.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишда олтинга тенг дуолари, маслаҳатлари билан фаол иштирок этиб келаётган муҳтарам уруш ва меҳнат фахрийларига алоҳида қутлов ва ташаккурларимизни изҳор этамиз.

Ҳеч шубҳасиз, тинч ва фаровон ҳаёт посбонлари улуғланадиган ушбу мунаввар айёмда мустақиллик йилларида Ватанимиз озодлиги, халқимиз осойишталигини ҳимоя қилиш йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Азиз дўстлар!

Башарият тарихидаги энг даҳшатли қирғин бўлган Иккинчи жаҳон уруши дунё халқлари, жумладан, эл-юртимиз бошига солган оғир мусибатлар, мислсиз кулфат ва йўқотишлар ҳеч қачон унутилмайди.

Бу – замон ва макон чегарасини билмайдиган чинакам мардлик ва қаҳрамонлик солномасидир.

Бундай муаззам, шонли зафарга муносиб ҳисса қўшган матонатли халқимиз билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.  

Кейинги йилларда жонкуяр олим ва мутахассисларимизнинг илмий изланишлари туфайли Иккинчи жаҳон уруши тарихининг янги саҳифалари билан танишмоқдамиз.

Ҳужжатларнинг далолат беришича, фашизмга қарши қонли жангларда ўша пайтда 6 миллион 800 минг нафарни ташкил этган аҳолимизнинг қарийб 2 миллион нафари иштирок этган. Шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган, 50 мингдан ортиғи концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар туфайли ҳалок бўлган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган.

Ўзбекистонлик аскар ва офицерлардан 214 мингга яқини жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани, 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвонга, 70 нафардан зиёди учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлгани, ҳеч шубҳасиз, юртимиз вакиллари томонидан уруш майдонларида кўрсатилган жасорат ва матонатнинг юксак амалий эътирофидир.

Мамлакатимиз уруш йилларида фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айлангани, республикамиздан жанг майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилгани ўша суронли даврнинг яна бир унутилмас саҳифасини ташкил этади.

Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан юртимизга 170 дан ортиқ завод ва фабрика кўчириб келтирилди, қисқа муддатда 280 та янги корхона бунёд этилди.

Халқимиз ғоят оғир ва мураккаб шароитда уруш ҳудудларидан ўлкамизга олиб келинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонни, жумладан, ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болани бағрига олиб, уларга меҳр-мурувват кўрсатди.

Тарих китобига муҳрланган бундай мисолларни бугун яна бир бор эсга олар эканмиз, ҳар қандай вазиятда ҳам инсоний эътиқодига содиқ қолган олижаноб ва бағрикенг халқимизнинг буюк гуманистик фазилатларига таҳсин ва тасаннолар айтамиз.

Қадрли ватандошлар!

Сўнгги йилларда қаҳрамон аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти, мардлик ва матонатини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёш авлодни уларнинг шонли анъаналари руҳида тарбиялаш бўйича кўп ишларни амалга оширмоқдамиз.

Бу борада Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ғалаба боғи, ҳудудлардаги “Ватанпарвар” боғлари муҳим роль ўйнамоқда. Ушбу табаррук масканлар қисқа муддатда барча юртдошларимиз ва чет эллик меҳмонлар учун қутлуғ зиёратгоҳларга айланди.

Ана шундай эзгу ишларимизнинг давоми сифатида Ғалаба боғи ҳудудида она юрт қалқонлари шарафига барпо этилган яна бир тарихий ёдгорлик – Миллат фидойилари мажмуаси ҳам, ҳеч шубҳасиз, ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Ишончим комил, юзлаб марҳум баҳодир ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг номлари зарҳал ҳарфлар билан муҳрлаб қўйилган ушбу муҳташам бадиий обида эл-юртимиз чин дилдан интиладиган ва фахрланадиган яна бир мўътабар маскан бўлиб қолади.

Ҳурматли дўстлар!

Бугунги кунда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда.

Бу йил Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 минг АҚШ доллари миқдорида, ушбу тоифага тенглаштирилган шахсларга 25 миллион сўм, меҳнат фронти қатнашчиларига 3 миллион сўмдан бир марталик пул мукофотлари ва “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медаллари топширилгани муҳтарам фахрийларимизга эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Уруш фахрийлари ва ногиронлари учун тиббий ва ижтимоий хизматлар, жумладан, патронаж хизмати кўрсатилмоқда. Улар ўз хоҳишларига кўра санаторийларда даволанмоқда.

Ушбу қувончли кунларда халқимиз мўътабар кексаларимиз, уруш ва меҳнат фахрийларини зиёрат қилиб, уларнинг дуосини олмоқда.

Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, ҳарбий қисмлар раҳбарлари иштирокида уруш ва меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур кўмак ва ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Албатта, биз бугунги тинч, озод ва эркин ҳаёт учун ўзининг азиз жонини ҳам аямасдан курашган бундай фидойи инсонларнинг олдида доимо қарздормиз. Улар бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг меҳрини, эътиборини ҳис қилиб яшайдилар.

Азиз ва муҳтарам юртдошлар!

Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, диёримиздаги тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро аҳиллик ва тотувликни асраш йўлида қаҳрамон ота-боболаримизнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган сабот ва матонати биз учун ҳамиша ибрат мактаби, куч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.

Ушбу унутилмас айёмда сиз, азизларни, муҳтарам фахрийларимизни, бутун халқимизни яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Юртимиз тинч, халқимиз доимо омон бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo