
16.04.2025
16 апрель куни Булоқбоши туманида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди.
Андижонда янги Ўзбекистон шукуҳи ҳар бир туман, ҳар бир маҳаллага кириб бораётгани қайд этилди. Ўтган йили вилоятда 4 мингдан зиёд янги тадбиркор иш бошлаган. 450 минг аҳоли ишли бўлган.
Вилоятда 1,5 миллион квадрат метр турар жой ва 850 минг квадрат метр нотурар жойлар қад кўтарди. Бунинг ҳисобига, ўтган йили савдо ва хизматлар 13 фоизга, саноат 7,5 фоизга ошди.
Лекин ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Андижонда иқтисодий салоҳият, янги лойиҳалар ва ташаббуслар кўп.
Йиғилишда кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш, қурилиш, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Аввало, 2025 йилда Андижон вилоятида камида 6 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаб, ялпи ҳудудий маҳсулотни 105 триллион сўмдан ошириш, 305 минг аҳолини банд қилиб, 150 минг одамни камбағалликдан чиқариш имконияти кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Андижонда дастгоҳсозлик саноати яхши шаклланган. Лекин икки йилда вилоятга четдан 1 миллиард долларлик асбоб-ускуналар импорт қилинган. Агар уларни ўзимизда тайёрлаш ўзлаштирилса, иқтисодиётга қўшимча тушум, одамларга иш ўрни бўлади. Бундай ташаббускорларни қўллаб, сертификат ва зарур буюмлар олишига кўмаклашиш керак.
Шунингдек, машинасозлик-конструкторлик ишлаб чиқариш марказлари ташкил этилади. Саноат тармоқларида талаб юқори бўлган импорт ускуналарнинг техник кўрсаткичлари ўрганилиб, маҳаллий корхоналарга муқобиллари таклиф қилинади. Бундай ускуналарни маҳаллийлаштириш истагидаги тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади.
Вилоятдаги 13 минг гектар адирга сув чиқариб, бемалол экин экиш мумкин. Лекин у ерларга сув чиқаришда насос ишлатиш учун электрни нархи деҳқонларга оғирлик қилади. Шу боис қуёш панели ўрнатиш учун молиявий инструментлар қўлланади. Қўрғонтепада 300 гектар адирликда саноат усулида интенсив боғ ва узумзор барпо этилиб, тадбиркорларга тайёр ҳолда таклиф қилинади.
Бошқа ҳудудлардаги самарасиз иссиқхоналар Андижонга кўчирилиб, аҳолига лизингга берилади. Маҳаллаларга арзон уруғ ва минерал ўғит етказилади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Балиқчи ва Олтинкўлда 5 гектардан иссиқхона ташкил этиб, 100 та эҳтиёжманд оилани даромадли қилган. Энди бу Улуғнор, Пахтаобод, Хўжаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида ҳам йўлга қўйилади. Бундай замонавий иссиқхоналарни намунавий ташкил қилган маҳалла раисларига 100 фоиз устама берилади.
Вилоятдаги сунъий сув ҳавзаларининг атиги 23 фоизида интенсив усулда балиқ етиштирилаяпти, холос. Осиё тараққиёт банкидан 15 миллион доллар жалб этиб, 320 гектарда интенсив усулда балиқ етиштириш, 500 та хонадон билан кооперация қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Мутасаддиларга бу лойиҳани назоратга олиш, умуман, республикада балиқчиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Андижонда туризм салоҳияти ҳам юқори. Хонободдаги Кампировот, Булоқбошидаги Ширмонбулоқ, Хўжаободдаги Тош ота маҳаллаларида туризм масканлари ташкил қилиб, сайёҳларни кўпайтириш имконияти бор. Бу йил соҳада 125 миллион долларлик 25 та лойиҳани якунлаш, 3,5 миллион хорижий ва маҳаллий сайёҳ жалб қилиб, туризм экспортини 200 миллион долардан ошириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда инвестиция ва экспорт масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу йил хорижий инвестициялар ҳажми 3,1 миллиард долларга етказилиши, 1 миллиард долларлик 23 та йирик, 321 та кичик ва ўрта лойиҳа ишга туширилиши қайд этилди. Экспортни 1,5 миллиард долларга, маҳаллийлаштириш ҳажмини 10 триллион сўмга олиб чиқиш имконияти бор.
Ҳар йили Андижондан Қирғизистонга 200 миллион долларлик экспорт бўлаяпти. Чегарадан 5 минг долларликкача бўлган маҳсулотни қўлда олиб ўтишга рухсат берилгани натижасида яна миллионлаб долларлик товар сотилаяпти. Ўзаро савдони кенгайтириш учун Қўрғонтепа ва Хўжаободда эркин савдо ва саноат зоналари ташкил қилиш таклифи билдирилди.
Вилоятдаги 360 та бўш ва самарасиз кўчмас мулкни қулай шартларда аукционга чиқариб, тадбиркорлик лойиҳаларига замин яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Сув оқими юқори бўлган ариқ ва каналларида 75 мегаватт қувватга эга кичик ва микро ГЭСлар қуриш имконияти бор. Бунда қатнашадиган тадбиркорларга 3 йил имтиёзли давр билан, 7 йилга 12 фоиз ставкада кредит берилади.
Қурилиш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳам вазифалар кўп. Хусусан, бу йил 9 минг 700 хонадонли 245 та кўп қаватли уй қурилади. Бу соҳада 10 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади. Минг километрдан зиёд йўл ва кўприклар таъмирланади.
Хонобод – Андижон магистрал сув қувурининг қуввати етишмаслиги сабабли 6 та тумандаги 510 минг аҳолига сув етказиб беришда муаммолар бор. Шу боис Осиё тараққиёт банки иштирокида ушбу қувурнинг 2-тармоғини қуриш зарурлиги таъкидланди.
Қўшни давлатлар билан боғловчи йўлларнинг ўтказувчанлигини ошириш, Андижон шаҳри билан туманлар ўртасида жамоат транспортини ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.
Ижтимоий йўналишлар аҳоли турмушида бевосита акс этади. Андижонда бу йил юқори технологик жарроҳлик амалиёти улуши 40 фоизга етказилади. 15 минг нафар техникум битирувчисининг бандлиги таъминланади. 6 минг талаба дуал таълим билан қамраб олинади. Олий таълимнинг муҳандислик, тиббиёт, иқтисодиёт, аграр йўналишидаги 4 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилади.
Шу мақсадда, жумладан, тиббиёт таълими ва туризмини ривожлантириш, маҳаллаларда туну кун хизмат кўрсатадиган хусусий тиббиёт пунктларини кўпайтириш чоралари белгиланди.
Маълумки, салоҳияти ва кўникмасини оширган мактаб директорларини рағбатлантириш йўлга қўйилган. Энди бу тизим техникумларда ҳам жорий қилинади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан, ҳар йили Бобур шаҳрида рассомлар фестивали ўтказилади. Ғолибларга Президент совғаси сифатида автомобиль берилиши эълон қилинди.
– Бугун Андижон ривожини янги босқичга кўтариш бўйича энг муҳим вазифаларни белгилаб олдик, барча масалаларга тўхталиб, вилоят учун зарур маблағларни ҳам ҳал этдик, – деди Шавкат Мирзиёев. – Агар барчамиз бир бўлиб, ҳамжиҳат бўлиб иш олиб борсак, ютуқларимиз янада кўпаяди, биз забт этолмайдиган марранинг ўзи бўлмайди, Андижон янада обод бўлади.
Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва бошқа мутасаддилар ўз йўналишлари бўйича ахборот берди. Вилоят ҳокими, 16 та шаҳар ва туман ҳокими аҳоли ва тадбиркорларни ҳар куни эшитиб, ҳозирги суръатни сақлаб қолиши, дунёдаги иқтисодий тебранишлар шароитида фавқулодда масъулият олиши лозимлиги таъкидланди.