
07.04.2025
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси очилишида нутқ сўзлади.
Анжуманда 140 га яқин давлатдан 2 мингдан зиёд делегатлар қатнашмоқда.
Ўз сафида 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган Иттифоқнинг Ассамблеяси илк марта Марказий Осиё минтақасида бўлиб ўтмоқда.
Сўзининг аввалида Ўзбекистон Президенти сўнгги йилларда дунёнинг турли минтақаларида қуролли тўқнашувлар, экологик ва техноген фожиалар, иқтисодий инқирозлар, “савдо урушлари”, терроризм ва экстремизм таҳдидлари тобора кучайиб бораётганини қайд этди.
- Бундай ўта мураккаб шароитда жаҳонда тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентлар иштироки ва таъсирини оширишни замоннинг ўзи талаб этмоқда, – деди Президент.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ташаббуси билан бу галги Ассамблея “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусида ўтказилмоқда.
Таҳлилларга кўра, сўнгги ўттиз йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 4,5 баробарга ортган. Лекин инсониятнинг камбағал қатламлари даромадлари деярли ўзгармаган. Агар бу тенденция сақланиб қолса, 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг 575 миллион нафари қашшоқликда умр кечиради. 84 миллион бола эса таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлади.
Ушбу йўналишда давлатларнинг вакиллик органлари ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва янада кенгайтириш умумий тараққиётга муносиб ҳисса қўшиши қайд этилди.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида парламент институтини ривожлантириш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Кейинги йилларда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрнини оширишга қаратилган 20 дан зиёд қонунлар қабул қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенат ваколатлари эса 14 тадан 18 тага етказилди. Президентнинг қатор ваколатлари қонун чиқарувчи ҳокимиятга ўтказилди.
Миллий парламентимизда хотин-қизларнинг улуши бугунги кунда 38 фоизга етди. 2021 йилда Олий Мажлис палаталари қошида илк бор ёшлар парламентлари фаолияти йўлга қўйилди.
Ўзбекистон парламент йўналишида глобал аҳамиятга молик бўлган қатор халқаро ташаббусларни илгари суриб келмоқда. БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияси қабул қилинди.
Ўзбекистон вакиллари Осиё Парламентлари Ассамблеяси, Марказий Осиё парламентлари форуми, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент Ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлар Ассамблеяси ва бошқа платформаларда фаол иштирок этмоқда.
Давалатимиз раҳбари парламентлараро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.
Жаҳоннинг турли минтақаларидаги низолар глобал ва минтақавий тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётгани таъкидланди. Ўзбекистон ҳар қандай зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори экани қайд этилди.
Бундай масалаларда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми ва резолюциялари асосида ечим топиш муҳим.
Шу маънода, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотини универсал ва муқобили йўқ ягона глобал тузилма сифатида эътироф этади.
Ўзбекистон етакчиси иқлим ўзгаришлари доимо диққат марказида бўлиши кераклигини таъкидлади. Париж битими доирасида ва углерод нейтраллигига эришиш борасида олинган мажбуриятлар тўлиқ бажарилиши муҳимлиги қайд этилди.
Хотин-қизлар ҳуқуқларини қатъий қарор топтириш ижтимоий тараққиётнинг асосий шартларидан биридир. Дунё миқёсида аёл депутатларнинг улуши 1995 йилдаги 11,3 фоиздан жорий йилга келиб 27,2 фоизга кўтарилган.
Сўнгги йилларда юртимизда БМТ институтлари ва Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорликда Осиё хотин-қизлар форуми ва Жаҳон парламентлари аёл раҳбарлари саммити самарали ўтказилди.
Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилаётган БМТ Бош Ассамблеясининг “Осиё хотин-қизларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар фаоллигини ошириш тўғрисида”ги резолюцияси қўллаб-қувватланишига умид билдирилди.
Ёшларнинг парламент фаолияти билан бир қаторда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўлақонли иштирок этиши учун уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ўта долзарб масаладир. Шу боис миллий парламентлар ҳамда Иттифоқ фаолиятига ёшларни фаол жалб этиш зарурлиги таъкидланди.
Парламентлараро иттифоқ тизими доирасида Ёшлар парламентлари глобал платформасини ташкил этиш ва унинг таъсис форумини Ўзбекистонда ўтказиш таклиф қилинди.
Ҳар бир инсоннинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, халқаро стандарт ва меъёрлар асосида сифатли хизматлар кўрсатиш ҳам устувор масала экани қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти анжуман иштирокчиларини шу йил сентябрь ойида юртимизда бўлиб ўтадиган камбағалликни қисқартиришга бағишланган халқаро конференция ишида фаол иштирок этиш учун таклиф қилди.
Давлатимиз раҳбари сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорликни кучайтиришни бугунги замоннинг ўзи талаб этаётганини таъкидлади. Сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича намунавий қонун ишлаб чиқилса, ушбу инновацион ҳуқуқий асос мазкур соҳани самарали тартибга солишда барча давлатлар учун ўзига хос намуна бўлади.
Билдирилган барча таклиф ва ташаббуслар Парламентлараро иттифоқнинг Стратегияси мақсадларига тўла мос экани қайд этилди.
Сўзининг якунида Ўзбекистон Президенти юбилей Ассамблея ишига ҳамда иштирокчиларига катта ютуқ ва муваффақиятлар тилади.