
07.04.2025

Ҳурматли Тулия Эксон Хоним олиялари!
Ҳурматли Мартин Чунгонг Жаноби олийлари!
Ҳурматли парламентлар раҳбарлари ва аъзолари!
Хонимлар ва жаноблар!
Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясида иштирок этиш учун дунёнинг барча қитъаларидан келган нуфузли делегацияларни Ўзбекистон заминида самимий қутлашдан ғоят хурсандман.
Ўз сафида 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган Иттифоқнинг Ассамблеяси илк марта Марказий Осиё минтақасида бўлиб ўтмоқда. Анжуманнинг азим пойтахтимиз – Тошкент шаҳрида ўтказилаётгани бизга улкан ифтихор бағишлайди.
Бундай юксак ишонч ва эҳтиромни биз юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, парламентаризм ва вакиллик ҳокимиятини ривожлантириш борасида эришилаётган катта натижаларнинг эътирофи, деб қабул қиламиз.
Мен ҳам 15 йил давомида парламент аъзоси бўлганман. Дунёни тинч-осойишта, жамиятларни янада фаровон қилишга қаратилган олижаноб фаолиятингиз нақадар масъулиятли эканини яхши биламан ва тушунаман.
Сизлар – бамисоли халқларни бир-бирига боғловчи мустаҳкам дўстлик кўпригисиз. Сизлар – одамларнинг дарду ташвиши ва муаммоларини энг қуйи тизимдан бошлаб, керак бўлса, минтақавий ва халқаро миқёсга олиб чиқишга, уларга самарали ечим топишга қодир бўлган қудратли кучсизлар.
Албатта, сизлар ўз халқларингизнинг хоҳиш-иродасини намоён этиб, миллий тараққиёт моделларини ишлаб чиқишда, замонавий хавф-хатарларга муносиб жавоб беришда катта роль ўйнамоқдасиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Парламентлараро Иттифоқ раҳбариятига, ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг қонунчилик органлари ҳамда халқаро парламент уюшмалари вакилларига чин дилдан самимий ташаккур изҳор этаман.
Ўзбекистонга хуш келибсиз, азиз меҳмонлар!
Ҳурматли Ассамблея иштирокчилари!
Сир эмас, сўнгги йилларда дунёнинг турли минтақаларида қуролли тўқнашувлар, экологик ва техноген фожиалар, иқтисодий инқирозлар, “савдо урушлари”, терроризм ва экстремизм таҳдидлари тобора кучайиб бормоқда. Бундай ўта мураккаб шароитда жаҳонда тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентлар иштироки ва таъсирини оширишни замоннинг ўзи талаб этмоқда.
Вакиллик дипломатиясини амалга ошириш, долзарб масалаларни халқлар ва давлатларнинг умумий манфаатлари асосида тизимли ҳал этишда Парламентлараро Иттифоқ нуфузли ва энг йирик кўп томонлама институтга айланганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Иттифоқнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотида доимий кузатувчи мақомига эга экани унинг глобал барқарорлик ва ҳамжиҳатликка қўшаётган ҳиссасининг ифодасидир. Бугунги анжуманда 140 га яқин давлатдан 2 мингдан зиёд иштирокчилар қатнашаётгани ҳам фикримнинг ёрқин далилидир.
Бизнинг ташаббусимиз билан Ассамблея “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусида ўтказилаётгани албатта чуқур рамзий маънога эга.
Таҳлилларга кўра, сўнгги ўттиз йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 4,5 баробарга ортган. Лекин, афсуски, инсониятнинг камбағал қатламлари даромадлари деярли ўзгармаган. Агар бу тенденция сақланиб қолса, 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг 575 миллион нафари қашшоқликда умр кечиради. 84 миллион бола эса таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлади.
Ўз-ўзидан равшанки, бу ҳолат иқтисодиёт ва жамиятга катта зарар етказади, ижтимоий-иқтисодий институтлар фаолиятини заифлаштиради, пировард натижада одамларнинг имкониятларини чеклайди.
Албатта, бундай тенгсизликнинг асл сабабларини аниқлаш ва унинг оқибатларига қарши курашиш барчамизнинг асосий вазифамиздир.
Ишонаман, ушбу йўналишда давлатларнинг вакиллик органлари ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва янада кенгайтириш умумий тараққиётимизга муносиб ҳисса қўшади.
Бу борада парламентлар энг яхши анъана ва илғор тажрибаларни ишга солиш ва алмашиш, ўзаро саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда, бор интеллектуал салоҳияти ва кучини тўлиқ сафарбар қилишига умид қиламан.
Барчангизга ана шундай шарафли ишда улкан ютуқ ва омадлар тилайман.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари ва аъзолари!
Бугунги кунда Янги Ўзбекистон ортга қайтмас демократик ислоҳотлар ва прагматик ташқи сиёсат йўлидан дадил қадам босиб, дунё ҳамжамияти билан очиқ ва жадал мулоқот олиб бормоқда.
Биз мамлакатимизда кучли ва масъулиятли парламентни барпо этиш, самарали парламент дипломатиясини татбиқ қилиш учун кенг шароитлар яратяпмиз.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида парламент институтини ривожлантиришни муҳим вазифа сифатида алоҳида белгиладик. Сўнгги йилларда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрнини оширишга қаратилган 20 дан зиёд қонунлар қабул қилинди.
Айниқса, 2023 йили умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги Конституцияда парламент ваколатлари кескин оширилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенат ваколатлари эса 14 тадан 18 тага етказилди. Суд, коррупцияга қарши кураш ва рақобат органларини шакллантириш бўйича Президентнинг қатор ваколатлари қонун чиқарувчи ҳокимиятга ўтказилди. Парламентнинг Ҳукуматни шакллантиришдаги иштироки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар устидан назорат механизмлари янада кучайтирилди.
Бу ўзгаришларга мос тарзда ҳудудларимизда ҳам халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ваколатлари кенгайтирилди. Жумладан, 30 дан ортиқ ваколатлар маҳаллий кенгашларга ўтказилди ва бу жараёнлар изчил давом эттирилмоқда.
Миллий парламентимизда хотин-қизларнинг улуши бугунги кунда 38 фоизга етди. Мазкур кўрсаткич Парламентлараро Иттифоқ томонидан юксак эътироф этилиб, Осиё минтақасида сўнгги ўттиз йилда энг юқори ўсиш сифатида баҳолангани бизга алоҳида мамнуният бағишлайди.
Бундан ташқари, 2021 йилда Олий Мажлис палаталари қошида илк бор ёшлар парламентлари фаолияти йўлга қўйилди.
Айни пайтда миллий парламентимиз 100 га яқин хорижий ҳамкорлари билан яқин алоқалар ўрнатган. 80 та қўшма дўстлик гуруҳлари ва комиссиялари самарали ишлаяпти.
Ўзбекистон парламент йўналишида глобал аҳамиятга молик бўлган қатор халқаро ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияси қабул қилинди.
Иттифоқ билан ҳамкорликда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун ҳар икки йилда Парламентлараро глобал ҳамкорлик форуми ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон вакиллари Осиё Парламентлари Ассамблеяси, Марказий Осиё парламентлари форуми, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент Ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлар Ассамблеяси ва бошқа платформаларда фаол иштирок этмоқда.
Умуман, бугунги кунда вакиллик органларимиз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя ва камбағалликни қисқартириш, гендер тенгликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳам ўз зиммасига катта масъулият олган.
Ушбу эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш учун парламентимизда етарли салоҳият, юксак тафаккур ва бой тажрибага эга, сайловчиларнинг мустаҳкам ишончини қозонган жонкуяр ва фидойи халқ ноиблари фаолият юритмоқда.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Жаҳонда юз бераётган бугунги глобал ўзгаришлар Парламентлараро Иттифоқ ва миллий парламентларимиз олдига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ушбу Ташкилотнинг тўлақонли аъзоси сифатида унинг барча тузилма ва форумлари ишида фаол иштирок этиб келмоқда. Глобал кун тартибидаги устувор йўналишлар бўйича сермаҳсул амалий ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.
Ижозатингиз билан қуйидаги масалаларга алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Биринчи. Жаҳоннинг турли минтақаларидаги низолар глобал ва минтақавий тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солмоқда.
Ўзбекистон ҳар қандай зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор таъкидламоқчиман.
Умид қиламизки, Украина атрофидаги вазият бўйича бошланган музокаралар жараёни ўзининг ижобий натижасини беради.
Энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми ва резолюциялари асосида ечим топиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Жумладан, Фаластин – Исроил низосининг ягона ва адолатли ечими “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини рўёбга чиқаришдан иборатдир.
Бизга қўшни бўлган Афғонистон ҳақида тўхталиб ўтмаслик мумкин эмас. Ушбу мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бу борада парламентларнинг кўмагига ишонамиз.
Умуман олганда, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотини универсал ва муқобили йўқ ягона глобал тузилма сифатида эътироф этади. Биз бу борада Бош котиб Антониу Гутерришнинг мазкур халқаро ташкилотни чуқур ислоҳ қилиш, унинг салоҳиятини ошириш бўйича олиб бораётган тизимли саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Шу билан бирга, Евросиё гуруҳининг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган баёнотини тўла олқишлаймиз.
Иккинчи. Давримизнинг ўткир муаммосига айланган, сайёрамиз тараққиётига жиддий тўсиқ бўлаётган иқлим ўзгаришлари доимо диққатимиз марказида бўлиши керак. Чунки унинг аянчли оқибатлари, энг аввало, ривожланаётган мамлакатларга кучли таъсир кўрсатмоқда.
Париж битими доирасида ва углерод нейтраллигига эришиш борасида ўз зиммамизга олган мажбуриятларни тўлиқ бажариш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Бу масалаларни яқинда Самарқандда бўлиб ўтган халқаро иқлим форумида ҳам атрофлича муҳокама қилдик.
Давлатларнинг иқлим сиёсати бўйича илғор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, қайта тикланадиган энергия манбалари ва “яшил” технологияларга ўтишни рағбатлантириш парламентларнинг муҳим вазифасига айланса, албатта, салмоқли ютуқларга эришамиз.
Иқлим ўзгариши мавзуси Ассамблеянинг кун тартибидаги бош масалалардан бири сифатида доимий ўрин олиши керак, деб ҳисоблаймиз.
Учинчи. Хотин-қизлар ҳуқуқларини қатъий қарор топтириш ижтимоий тараққиётнинг асосий шартларидан биридир.
Таҳлилларга кўра, иқтисодиётнинг барча тармоқларида аёлларнинг эркаклар билан тенг иштироки таъминланса, жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 26 фоизга ўсади. Дунё миқёсида аёл депутатларнинг улуши 1995 йилдаги 11,3 фоиздан жорий йилга келиб 27,2 фоизга кўтарилгани албатта қувонарли ҳолдир.
Жамият бошқарувида аёллар фаоллигини қўллаб-қувватлаш бўйича таъсирчан чоралар ёрдамида, ҳеч шубҳасиз, янги натижаларга эришамиз.
Сўнгги йилларда юртимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтлари ва Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорликда Осиё хотин-қизлар форуми ва Жаҳон парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити самарали ўтказилганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Шу боис бизнинг ташаббусимиз билан илгари сурилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Осиё хотин-қизларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар фаоллигини ошириш тўғрисида”ги резолюциясини қўллаб-қувватлашингизга умид қиламан.
Тўртинчи. Ёшларнинг парламент фаолияти билан бир қаторда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўлақонли иштирок этиши учун уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ўта долзарб масаладир.
Парламентлар учун янги авлодни тарбиялаш, бу борада самарали халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш келажагимизнинг муҳим омилидир. Шу боис миллий парламентлар ҳамда Иттифоқ фаолиятига ёшларни фаол жалб этиб, доимий мулоқотни кучайтириш зарур, деб ўйлайман. Бу борада Парламентлараро Иттифоқ тизими доирасида Ёшлар парламентлари глобал платформасини ташкил этиш ва унинг таъсис форумини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қиламан.
Бешинчи. Ҳар бир инсоннинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, халқаро стандарт ва меъёрлар асосида сифатли хизматлар кўрсатиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб масаладир.
Биз Ўзбекистонни ижтимоий давлат, деб эълон қилиб, аҳолининг ҳар томонлама ҳимоясини таъминлашни сиёсатимизнинг устувор йўналиши этиб белгиладик. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширяпмиз.
Охирги саккиз йилда 7 миллиондан зиёд аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, унинг даражаси 35 фоиздан 8,9 фоизга туширилди. Жорий йилда бу кўрсаткични 6 фоизга пасайтиришни мақсад қилганмиз.
Шу йил сентябрь ойида юртимизда бўлиб ўтадиган камбағалликни қисқартиришга бағишланган халқаро конференция ишида давлатларингиз парламентлари вакилларини фаол иштирок этиш учун таклиф қиламиз.
Яна бир муҳим масала. Ҳозирги кунда барча жабҳаларга кенг кириб келаётган сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорликни кучайтиришни бугунги замоннинг ўзи биздан талаб этмоқда.
Сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича модель қонун ишлаб чиқилса, ушбу инновацион ҳуқуқий асос дунё миқёсида тез ривожланаётган ушбу соҳани самарали тартибга солишда барча давлатлар учун ўзига хос намуна бўлар эди.
Ҳурматли парламентлар раҳбарлари ва аъзолари!
Бизнинг барча таклиф ва ташаббусларимиз Парламентлараро Иттифоқнинг Стратегияси мақсадларига тўла мос экани билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, ёндашувларимиз бугунги тарихий Ассамблея якунлари бўйича қабул қилинадиган Тошкент декларациясида ҳам ўз ифодасини топади, деб ишонаман.
Албатта, дунёдаги ҳеч бир давлат ва жамият фақат кўплаб қонун ёки қарорлар қабул қилиш билан ривожлана олмайди. Барчамиз бу йўлда бирлашиб, қонун ижодкорлиги руҳини кучайтириб, бор билим ва тажрибамизни ягона мақсад сари сафарбар этиш орқали умумий мақсадимизга эриша оламиз.
Ассамблея доирасида ўтаётган 70 га яқин турли тадбир ва дебатларда парламентлар олдида турган энг асосий вазифалар юзасидан атрофлича фикр алмашилади ҳамда истиқболли режалар белгилаб олинади, деб ишонаман.
Қабул қилинадиган барча қарорлар эса кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлигимиз тарихида янги саҳифа очади.
Азиз дўстлар!
Халқаро ҳамжамиятнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, ижтимоий адолат ва тенгликни таъминлаш ҳамда юксак демократик қадриятларни илгари суриш йўлидаги эзгу фаолиятингизда барчангизга мустаҳкам соғлиқ ва туганмас куч-ғайрат ёр бўлсин!
Ассамблея ишига катта ютуқ ва муваффақиятлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.