
20.03.2025
Юртимизнинг барча жойларида Наврўз айёми кўтаринки руҳда кутиб олинмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 20 март куни Бектемир тумани Роҳат маҳалласига ташриф буюриб, байрам сайлида қатнашди.
Хизмат кўрсатиш ва савдога ихтисослашган маҳаллада 4 минг нафар аҳоли яшайди. Бандликни таъминлаш бўйича янги тизимга мувофиқ, банклар иштирокида маҳалланинг ички имкониятлари юзага чиқарилмоқда. Ўтган йили юзга яқин аҳоли ишга жойлаштирилган, 256 нафари ўзини ўзи банд қилган, 13 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлаган. Иккита ишлаб чиқариш корхонаси, ўнлаб савдо ва маиший хизмат шохобчалари одамларга қулайлик яратмоқда.
Президентимиз ушбу корхоналарни кўздан кечирди.
Маҳаллада кўчалар обод, хонадонлар саранжом-саришта. Таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт майдончалари, ўқув маркази, амфитеатр, ҳунармандлар ва ахборот-кутубхона марказлари фаолият юритмоқда. Ҳозир, айниқса, нуронийлар маскани гавжум.
Давлатимиз раҳбари ушбу масканда ташкил этилган сумалак сайлида қатнашди, маҳалла фаоллари, нуронийлар билан самимий суҳбатлашди. Мулоқотда жорий йилги режалар, жумладан, тинчлик-осойишталикни сақлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳақида сўз юритилди.
– Маҳаллангиздаги ободликни, одамларнинг кайфиятини кўриб, мамнун бўлдим. Вақти билан барча туманлардаги имкониятларни оширамиз. Бунинг учун энг асосийси – тинчлик-аҳиллик керак. Илгари чегараларимизда вазият қандай эди? Вазминлик билан, сиёсий ирода билан ҳамма масалаларга ечим топаяпмиз. Барча ишларни қуйи тизимда ташкил қилганимиз учун 10 мингга яқин маҳалланинг ҳолати яққол намоён. “Маҳалла еттилиги” орқали хонадонга етиб борилаяпти. Одамларнинг даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш, ёшлар сиёсатида ҳали ишларимиз кўп. Шунинг учун таълимга, ўғил-қизларни ўқитишга катта эътибор беришимиз керак. Ёшлари билимли ва маънавиятли жамият, албатта, фаровонликка эришади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Роҳат маҳалласида умумтаълим мактаби, болалар мусиқа ва санъат мактаби, “Баркамол авлод” маркази, академик лицей фаолият юритмоқда. Яқинда янги мактабгача таълим ташкилоти қуриб битказилди. Булар ҳам ёшлар маърифатини оширишга хизмат қилади.