
18.03.2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган Наврўз байрами муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва муваффақиятлар, биродар халқларимизга тинчлик-осойишталик ва равнақ тиладилар.
Президентимиз Тожикистон етакчисини музокаралар муваффақиятли якунлангани ва Тожикистон-Қирғизистон давлат чегарасини делимитация қилиш тўғрисидаги шартнома имзолангани билан ҳам табриклади.
Олий даражада қабул қилинган битим ва келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Фаол сиёсий мулоқотни давом эттириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини, жадал маданий-гуманитар ва ҳудудлараро алмашинув дастурларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Март ойи охирида Тожикистонда бўлажак уч томонлама учрашувга ҳамда жорий йил апрель-май ойларида мамлакатимизда ўтадиган "Марказий Осиё плюс" форматидаги саммитларга тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.