
03.03.2025
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҚарориМамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзининг иқтидори, муҳим ғоя ва ташаббуслари, ибратли амалий ишлари ва эришган ютуқлари билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, Ватанимиз равнақи йўлида бор куч-ғайрати, замонавий билим ва малакаси, маънавий-интеллектуал салоҳиятини намоён этаётган қизларимизни муносиб рағбатлантириш мақсадида:
1. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтидорли қизларини аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари соҳаларида ва жамоатчилик фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифлари иловадаги рўйхатга мувофиқ маъқуллансин.
2. Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганларга 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тантаналарида совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаларининг ибратли фаолияти, уларнинг ноёб истеъдоди ва эришган ютуқларини кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Ғ.Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.Мирзиёев
Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганлар
Р Ў Й Х А Т И
Туремуратова Бийбиназ Кенесбай қизи - Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нукус филиали компьютер инжиниринги мутахассислиги бўйича 1-босқич магистранти (Қорақалпоғистон Республикаси)
Ибрагимова Шахзода Алишер қизи - Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактабининг бадиий гимнастика бўйича мураббийси (Қорақалпоғистон Республикаси)
Сотволдиева Мохинур Хазратулло қизи - Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг адабиёт назарияси ихтисослиги бўйича таянч докторанти (Андижон вилояти)
Усмонова Дилшода Эгамберди қизи - Андижон давлат педагогика институтининг жисмоний маданият факультети 2-босқич талабаси
Рухиллаева Нилуфар Шукрулло қизи - Ўзбекистон Миллий университетининг хорижий филология факультети 3-босқич талабаси (Бухоро вилояти)
Баҳронова Дилшода Тоҳировна - Бухоро давлат тиббиёт институтининг тиббиёт факультети 6-босқич талабаси
Ортиқова Эъзоза Нодир қизи - Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро иқтисодиёт ва менежмент мутахассислиги бўйича 1-босқич магистранти (Жиззах вилояти)
Абдуразоқова Меҳрибон Жалолиддин қизи - Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 8-болалар мусиқа ва санъат мактабининг фортепиано синфи ўқитувчиси
Шералиева Жасмина Эркин қизи - Гулистон давлат университетининг санъатшунослик факультети 1-босқич талабаси (Қашқадарё вилояти)
Маҳаммадризоева Мадинабону Маҳаммадриза қизи - Халқаро қишлоқ хўжалиги университетининг қишлоқ хўжалиги факультети 3-босқич талабаси (Қашқадарё вилояти)
Йўлдошева Умматой Тўлқиновна - «Янги Ўзбекистон» университетининг саноат бошқаруви мутахассислиги бўйича 1-босқич магистранти (Навоий вилояти)
Абдуллаева Саида Равшан қизи - Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш факультети 1-босқич талабаси (Навоий вилояти)
Олимжонова Ақидахон Анваржон қизи - Наманган вилояти Наманган ихтисослаштирилган санъат мактабининг 11-синф ўқувчиси
Тўйчиева Дилафруз Нуъмонжон қизи - Қўқон давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультети 3-босқич талабаси (Наманган вилояти)
Анорова Гулҳаё Зокир қизи - Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги «Ватанпарвар» маҳалла фуқаролар йиғини комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходими
Хамдамова Афрўза Акбаровна - Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги 42-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси
Абдусаламова Занжилой Фарход қизи - Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети 3-босқич талабаси (Сирдарё вилояти)
Ғаниева Мафтуна Абдуазиз қизи - Гулистон давлат университетининг таълим-тарбия назарияси ва методикаси ихтисослиги бўйича таянч докторанти (Сирдарё вилояти)
Абдусаидова Гулрухсорабегим Комилжон қизи - Тошкент давлат юридик университетининг жиноий одил судлов факультети 4-босқич талабаси (Сурхондарё вилояти)
Зарипова Рушана Робертовна - Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ўзбек адабиёти ихтисослиги бўйича таянч докторанти (Сурхондарё вилояти)
Анварова Наима Анвар қизи - Тошкент вилояти Чиноз туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси
Уралова Ойша Абдураим қизи - Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги «Yangiobod kelajak sari» оилавий корхонаси раҳбари
Абдурасулова Дилноза Ботирали қизи - Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали дастурий инжиниринг кафедраси ассистенти
Сайназарова Лайлохон Одилжон қизи - Фарғона вилояти Қувасой шаҳар маданият бўлими тўгарак раҳбари
Камалова Шахзода Кахрамон қизи - Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 3-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси
Собирова Лайлохон Арслонбек қизи - Тошкент халқаро молиявий бошқарув ва технологиялар университетининг жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси мутахассислиги бўйича 1-босқич магистранти (Хоразм вилояти)
Содиқова Насиба Мажитовна - Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг театр санъати факультети 3-босқич талабаси (Тошкент шаҳри)
Бабешко Алина Александровна - Ўзбекистон давлат хореография академиясининг хореография кафедраси ўқитувчиси (Тошкент шаҳри)