
21.02.2025
Президент Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни Мудофаа саноати агентлигининг Инновацион технологиялар марказига ташриф буюриб, бу ердаги ишлаб чиқариш қувватлари, илғор ишланмалар, ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан танишди.
Армия қобилиятини мустаҳкамлашда ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарлиги билан бир қаторда мудофаа саноатини ривожлантириш муҳим ўрин тутади. Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда замонавий мудофаа саноатига асос солингани тарихий аҳамиятга эга бўлди. Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги агентлик томонидан қурол-яроғларни модернизация қилиш, янги технологияларни ўзлаштириш ва истиқболли ишланмаларни қўшинларда жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур Инновацион технологиялар марказида 80 га яқин ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, робототехника ва учувчисиз аппаратлар бўйича стартап лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда.
Ташриф чоғида ҳарбий техниканинг янги намуналари, мудофаа соҳасини янада ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳа ва режалар тақдимот қилинди.
Давлатимиз раҳбари бу биринчи қадамлар бўлганини айтиб, мудофаа тизимининг рақобатбардошлигини ошириб бориш бўйича кўрсатмалар берди. Ишлаб чиқаришни мунтазам такомиллаштириб, янги маҳсулотларни ўзлаштириш, бунда инновацион технологиялар ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, буюртма асосида соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб этиб, ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулот турларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди. Янги иш ўринлари яратиш, мутахассисларни тизимли тайёрлаш, янги техникалар бўйича илмий лабораториялар ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мудофаа саноати корхоналари халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаларда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 17-21 февраль кунлари Абу-Даби шаҳрида (БАА) бўлиб ўтаётган "IDEX-2025" кўргазмасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 100 дан ортиқ ҳарбий техника ва маҳсулотлар намуналари намойиш этилмоқда. Хорижий ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотган "Арслон 8×8" ва "Арслон 6×6" зирҳли транспортёрлар, "Тўфон" ўзиюрар гаубицаси шулар жумласдан.
Ташриф якунида Президентимиз мудофаа саноатини янада ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини кўрсатиб, мутасаддилар олдига маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлаш, ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш ва маҳаллий корхоналарнинг халқаро бозордаги ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ вазифалар қўйди.