
18.02.2025
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Кувайт Давлатига илк расмий ташрифи тадбирлари якунланди.
Давлатимиз раҳбари Ал-Кувайт шаҳрида Амир Шайх Мишъал ас-Сабоҳ ва Валиаҳд Шайх Сабоҳ ас-Сабоҳ билан тарихий музокаралар, шунингдек, ушбу мамлакат ҳукуматининг аъзолари, етакчи компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан самарали учрашувлар ўтказди.
Саммит якунида Қўшма баёнот қабул қилинди, шунингдек, ҳамкорликнинг турли йўналишлари, жумладан, иқтисодий соҳада 4,9 миллиард долларлик салмоқли келишувлар тўплами имзоланди.
Давлатимиз раҳбари маданий дастур доирасида "Ас-Салом" сарой-музейининг Кувайт халқи маданияти ва тарихини акс эттирувчи экспозицияларини кўздан кечирди.
Ташриф тадбирлари якунлангач, Ал-Кувайт халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Валиаҳд Шайх Сабоҳ ас-Сабоҳ ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрига жўнаб кетди.