23.01.2025
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 январь куни ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йилги режалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ўтган йили юртимизда жами 40 миллион квадрат метрдан зиёд бино-иншоотлар қурилган. Жумладан, 100 мингдан зиёд хонадонга эга 2 минг 44 та кўп қаватли уйлар бунёд этилган.
Бу фақат ижтимоий ёки қурилиш масаласи эмас, балки ҳудудлар иқтисодиётида яна бир драйвер бўлмоқда. Хусусан, мазкур уйларни барпо этишда ва ёндош тармоқларда 350 минг одам иш билан таъминланган. Мебель, электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари соҳаларида қўшимча 11 триллион сўмлик бозор пайдо бўлган. Иқтисодиётда 73 триллион сўм маблағ айланиб, бюджетга 14 триллион сўм тушган.
Соҳани рағбатлантириш учун 2024 йилда 59 минг одамга 17 триллион сўм ипотека кредити ажратилган. Қурувчи ва девелоперларга айланма маблағ учун жами 3 триллион сўм берилган.
Имкониятлардан тўла фойдаланилса, натижалар бундан-да яхши бўларди. Лекин Қорақалпоғистон, Жиззах ва Сирдарёда айрим лойиҳалар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Баъзи вилоятларда аукционда сотиб олинган ўнлаб ерларда қурилиш бошланмаган. Аҳоли ва инфратузилмадан узоқ жойда қурилгани учун 781 та хонадон сотилмаган.
Давлатимиз раҳбари, айниқса, “Янги Ўзбекистон” массивларидаги ишларнинг боришидан норозилигини билдирди.
– “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш бу – Президент сиёсати. Улар билан ҳудудлар обод бўлади, маданият, маърифат, дунёқараш ўзгаради, савдо ва хизматлар кўпаяди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис бу борада янги тартиб белгиланди. Энди “Янги Ўзбекистон” массивига ажратилган ер бўйича лойиҳалаш 2 ойдан ошмаслиги, 3 ой ичида қурилиш бошланиши керак. Бу талаб бузилса, ер қайта аукционга чиқарилади. Лойиҳа кўпи билан ўн беш кунда экспертизадан ўтказилади.
Бу йил ушбу массивлар инфратузилмаси учун 1,2 триллион сўм йўналтирилади.
Қурилишда “эскроу” тизими жорий қилиниши билан, девелоперларга ҳозиргидан пастроқ ставкада 1 миллиард доллар айланма маблағ жалб этиш имконияти пайдо бўлади. Муҳими, уларни молиялаштириш уй қуриш билан бирга бошланади ва давом этади. Фуқаролар эса қурилиш бошидан ипотека ва субсидия олиш, уй битмасдан ҳам бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади.
Ишончли девелоперлар учун яна бир имконият: иморатнинг 50 фоизи қурилганда фуқаролар кредит ва субсидия олиши мумкин бўлади. Ушбу тартиб нафақат имтиёзли, балки тижорат ипотека кредитлари учун ҳам татбиқ этилади.
Қурувчи ташкилотлар қурилиш бошлаганидан якунлагунича, лекин кўпи билан 12 ой давомида ер солиғи тўлашдан озод қилинади. Объект муддатида топширилмаса, девелопер ер солиғини 2 карра миқдорда тўлайди.
“Янги Ўзбекистон” массиви учун ажратилган ернинг 10 фоизи девелоперларга тижорат бинолари қуриш учун ягона лот сифатида савдога чиқарилади. Уйларнинг 1-2-қаватида хусусий боғчалар очиш қўллаб-қувватланиб, мулк солиғидан ҳам озод этилади.
Умуман, 2030 йилгача 100 та “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун ерлар камида 70 минг одам яшайдиган туман маркази ёки шаҳар ҳудудига 1-2 километр масофадаги жойдан ажратилади. Бу массивларнинг ҳар бирида 100 минг квадрат метрли 2 мингта хонадон қурилади.
Ишларни сифатли ташкиллаштириш учун замонавий менежерлардан иборат “Ўз уйим” компанияси тузилади. Ушбу компания “Янги Ўзбекистон” массивларига ер танлаш, лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишга масъул бўлади.
Мутасаддиларга халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, келгуси беш йил учун уй-жой сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.
Қурилиш сифати ва назорати масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Энди бу жараёнлар соддалаштирилиши қайд этилди.
Жумаладан, бинокорлар “Шаффоф қурилиш” платформаси орқали тайёр лойиҳани идоралар билан онлайн келишади. Иншоотнинг лойиҳага мослигини Қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекцияси текширади ва битганидан кейин хулоса беради. Зарур ҳолларда, бошқа соҳадаги мутахассисларни жалб қилади. Қурилиш давомида зилзилага бардошлиликни синовдан ўтказган лабораториянинг ўзи охирида қўшимча ҳақ олмай хулоса беради. Бинони фойдаланишга топширишда ҳозирги 7 та идора ўрнига фақат 2 та – Қурилиш инспекцияси ва ёнғин хавфсизлигининг хулосаси етарли бўлади.
Маълумки, яқинда Тошкент шаҳрини Бош режаси тасдиқланди. Энди архитектура-режалаштириш топшириғи ва қурилишга рухсат бериш жараёнини бирлаштириб, бунга кетадиган вақтни 2 карра қисқартириш зарурлиги айтилди. Бу тизим келгуси йилдан бошқа вилоятларда ҳам йўлга қўйилади. Ер олишдан бошлаб, бинони фойдаланишга топширишгача бўлган ҳар бир босқич кўриниб турадиган рақамли тизим яратилади.
Соҳага салоҳиятли девелоперларни жалб қилиш мақсадида, бундан буён кўп қаватли уй қуриш учун ерлар аукционда фақат ҚҚС тўловчи юридик шахсларга сотилади.
Бугунги кунда 15 мингга яқин кўп қаватли уйларга туташ майдон мулкдорга бириктирилмагани сабабли бошқарув-сервис компанияси хизмат кўрсатадиган ҳудудлар чегараси маълум эмас. Бундай жойларни аниқ белгилаб, компанияларга бириктириш, дарахтлар экиб, атроф-муҳитни асраш юзасидан кўрсатмалар берилди. Бу борадаги шартномавий муносабатлар ва яшил ҳудуд бўйича меъёрларни қонун билан мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Жорий йилда мамлакатимизда 120 минг хонадонли кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Янги Тошкентда 15 минг хонадон барпо қилиш кўзда тутилган. Бу уйларда “яшил” энергиядан фойдаланилади. Энергия барқарорлигини таъминлаш учун хусусий шериклик асосида 100 мегаватт соат сиғимли электр сақлаш қуввати ўрнатилади.
Янги Тошкентдаги уйларни иситиш ва совутиш марказлашган “уч генерация” тизими орқали бўлади. Бунинг ҳисобига ёз мавсумида электр сарфи 4 карра қисқаради. Барча бино-иншоотларга юқори энергия самарадорлик талаблари жорий қилинади. Транспорт, ёритиш тизимлари ва зарядлаш станциялари фақат “яшил” технологиялар асосида бўлади.
Эски уйларни реновация асосида янгилаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Бунда ердан фойдаланиш самарадорлиги 4-5 карра ошади, коммуникация харажати 2 карра камаяди. Асосийси, бу орқали шу ҳудуддаги одамларнинг дунёқараши ўзгаради, турмуш тарзи тубдан яхшиланади, иш ўрни кўпайиб, иқтисодиёт ривожланади.
Жиззах, Марғилон, Қўқон, Шаҳрисабз, Қарши шаҳарлари, Дўстлик ва пойтахт туманларида шундай ишлар бошланган. Бу босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширилади.
Бу йил уй-жой дастурларини молиялаштиришга бюджетдан 15 триллион 500 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган. Банклар томонидан бунга қўшимча 10 триллион сўм, “Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” томонидан 2,3 триллион сўм йўналтирилади.
Бунинг ёрдамида 70 мингта хонадоннинг ипотека кредити орқали сотилишига шароит яратилади. Шундан 30 минг хонадон, бошланғич бадалига бюджетдан субсидия тўланган ҳолда, даромади юқори бўлмаган оилаларга берилади.
Йиғилишда вилоят ҳокимлари “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши, ипотека ва реновация лойиҳалари бўйича ахборот берди.