16.01.2025
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 январь куни инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспорт ҳажмини ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Мамлакатимиздаги очиқлик, кучли инвестиция сиёсати натижасида иқтисодиёт барқарор ўсиб келаяпти. Хусусан, 2024 йилда ялпи ички маҳсулот 6,5 фоизга ошиб, 115 миллиард долларга етди. Хорижий инвестиция 1,6 баробар ўсиб, қарийб 35 миллиард долларни ташкил қилди. Қиймати 10 миллиард долларлик 242 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга тушди. Экспорт илк бор 27 миллиард долларга етди.
Ўтган йили тоғ-кон, нефтгаз, кимё, қишлоқ хўжалиги соҳаларида инвестиция 2 карра ошган. 50 та туманга 100 миллион доллардан кўп сармоя кириб келган.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда соҳадаги қолоқликлар атрофлича таҳлил қилинди.
Тўқимачилик саноати, “Ўзтрансгаз”, “Ўзметкомбинат”, “Ўзсувтаъминот” тизимида инвестиция кўрсаткичлари пасайган. Экология, Қишлоқ хўжалиги, Рақамли технологиялар, Транспорт, Қурилиш, Соғлиқни сақлаш, Спорт, Маданият, Олий таълим, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари олиб келган инвестиция ва грантлар имкониятга яраша эмас.
Айрим туман ҳокимлари инвестиция ва экспорт масаласини ўз ҳолига ташлаб қўйгани кўрсатиб ўтилди. Жумладан, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Пешку, Янгиобод, Қамаши, Хонқа, Шовот, Ромитан, Деҳқонобод, Миришкор, Чироқчи, Нарпай, Нуробод ва Гулистон туманлари ҳамда Оҳангарон шаҳри ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди. Фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев лавозимидан озод этилди.
Йиғилишда инвестиция ва экспорт бўйича бу йилги асосий вазифалар белгиланди.
Аввало, бу масала ҳудудлар кесимида кўриб чиқилди. 27 та туманда инвестиция ҳажми 200 миллион доллардан ошиши ҳисоб-китоб қилинган. Лекин 10 та туманда режа 40 миллион долларга ҳам етмайди. Мутасаддиларга ушбу туманларда янги лойиҳаларни шакллантириб, инвестицияни кўпайтириш бўйича топшириқ берилди.
Маблағларнинг самарадорлигига алоҳида тўхталиб ўтилди. Масалан, сўнгги етти йилда киритилган 120 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 6 мингдан ортиқ корхона ишга тушган. Таҳлил қилинса, ҳар 1 минг доллар инвестиция йилига ўртача 530 доллар қўшилган қиймат яратаяпти. Бу кўрсаткич тоғ-кон саноатида 700 долларга етган.
Лекин нефть-газ, металлургия ва қурилиш материаллари соҳаларида инвестиция самарадорлиги нисбатан паст. Ҳудудлардан эса Сирдарё, Бухоро ва Қорақалпоғистонда шундай ҳолат.
Янги очилган 92 та корхонада ускуналар ишлатилмай тургани учун кредитлар қайтиши кечикаяпти. 105 та тадбиркор олиб келган ускуналар божхона омборларида турибди.
Президент инвестициянинг самарадорлигини ошириш ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг асосий вазифаси бўлиши кераклигини таъкидлади.
– Бу иқтисодиётимиз ўсишига катта туртки беради. Кафолатли харид ҳисобига, жуда кўп янги иш ўринлари яратилади, валюта тежалади ва ёндош соҳалар ривожланади. Буни ҳокимлар яхши тушуниб, ҳар бир лойиҳанинг “ичига кириб”, ишни унумли ташкил қилиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тадбиркорлар иштирокида ярмаркалар ўтказиб, янги маҳсулотларни ўзлаштириш, йирик инвестиция лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мамлакатимизда тадбиркорлар синфи кенгайиб, халқаро доирага чиқмоқда. Илғор корхоналаримиз чет элдан тўғридан-тўғри маблағ олиб келишни бошлади. Буни қўллаб-қувватлаш мақсадида, Президент фармони билан, Савдо-саноат палатасида Тадбиркорларга ташқи молия бозорларига чиқишга кўмаклашиш маркази ташкил қилинди. Энди бундан фойдаланиб, кўпроқ тадбиркорлар хориждан маблағ жалб қилишга ўргатилиши айтилди.
Бу йил халқаро молия институтлари ҳисобидан 5 миллиард 200 миллион долларлик ишлар режалаштирилган. Уларни ўз вақтида амалга ошириш учун Бош вазир бошчилигида фавқулодда штаб ташкил қилиниши белгиланди.
Европа тикланиш ва тараққиёти банки билан 1 миллиард 100 миллион доллар, Ислом тараққиёт банки билан 1 миллиард долларлик лойиҳалар кўзда тутилган. Мутасаддиларга ушбу банклар билан давлат кафолатисиз лойиҳаларни кўпайтириш, маблағ жалб қилишда тадбиркорларга кўмаклашиш топширилди.
Инвестиция самарадорлигининг кўрсаткичларидан бири – экспорт. Масалан, эркин иқтисодий зоналардаги корхоналар киритган сармоясига қараб, имтиёз олаяпти. Бу таннархни пасайтириш, экспортга чиқишга хизмат қилиши керак.
Ўтган йили 22 та эркин иқтисодий зонадаги 589 та корхона 42 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган. Лекин товарларнинг атиги 18 фоизи ташқи бозорларга сотилган, 372 та корхона умуман экспорт қилмаган.
Шу боис энди фақат экспортга ишлайдиган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиши таъкидланди. Уларда хорижий брендлар билан юқори қийматли, ташқи бозорларда талабгир маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Шулардан биринчиси Наманган вилоятида, 30 гектар майдонда тўқимачилик йўналишида ташкил этилади.
Яна бир янги ёндашув – ўтган йили 12 та технопарк хорижий корхоналар бошқарувига берилди. Ҳозирча уларга 2,5 миллиард долларлик 27 та лойиҳа жойлаштирилган. Бу тажрибани кенгайтириб, хорижий компнаиялар иштирокида яна бир нечта технопарклар ташкил қилиш таклифи билдирилди.
Бу йил экспортни 30 миллиард доллардан ошириш мўлжалланмоқда. Масалан, юртимизда хомашёси бўлган тўқимачилик, электротехника каби тармоқларда экспортни 2-3 карра ошириш имконияти бор.
Шу боис бу иккита драйвер тармоқни ривожлантириш, экспортга ишлаётган корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.
Хусусан, экспортчиларни айланма маблағ билан таъминлаш учун алоҳида факторинг ташкилоти очилиб, унга 100 миллион доллар ажратилади. Корхоналарни халқаро сертификат талабларига мослаштириш харажатларининг 20 минг долларгача қисми қоплаб берилади. Ривожланиш ва тадқиқот марказлари (R&D) учун олиб келинадиган лаборатория жиҳозлари божхона божларидан озод қилинади. Халқаро маркетплейслар орқали маҳаллий маҳсулотларини тарғиб қилиш учун 2 миллион доллар йўналтирилади.
Мутасаддиларга ташқи бозорлардаги имкониятни таҳлил қилиб, уч йиллик экспорт стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Пахта етиштириш ва қайта ишлашда ҳам қўшимча бозор механизмлари жорий қилинади. Шу йилдан бошлаб, кластерлар пахтага талаби ва нарх таклифини биржага қўяди, фермерлар эса ўзига маъқулини танлаб, фьючерс шартномасини тузади. Имтиёзли кредит олмай, ўзи пахта етиштирган фермерларга биржада сотган пахтасининг 10 фоизи миқдорида субсидия берилади. Имтиёзли кредитни 31 декабргача тўлиқ қайтарган фермерларга кредитнинг 4 фоизи қайтариб берилади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчи томорқа эгалари маҳалла банкирларига мижоз бўлади.
Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари жаҳонда инвестиция ва бозорлар учун рақобат кескинлигини яна бир бор таъкидлаб, мутасаддиларга ишчанлик ва натижадорликни ошириш талабини қўйди. Бу борада назорат ва сўров қаттиқ бўлиши кўрсатиб ўтилди.
Бош вазирга бу йилги 42 миллиард доллар хорижий инвестиция бўйича ойма-ой режа тасдиқлаб, ижросини таъминлаш топширилди.
Йиғилишда вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг ахбороти эшитилди.