icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон халқига Янги йил табриги

01.01.2025

Муҳтарам ватандошлар!

Сиз, азизларни, кўпмиллатли Ўзбекистон халқини янги – 2025 йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман. 

Жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамасдан, ўтаётган йил мамлакатимиз учун қутли ва баракали бўлди. Бунинг учун ҳар қанча шукрона айтсак, арзийди.

Меҳнаткаш халқимизнинг фидокорона меҳнати, сиёсий-ижтимоий фаоллиги билан Янги Ўзбекистон ғояси реал воқеликка айланмоқда.

Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар демократик ислоҳотларнинг янги даврига қадам қўйганимизни яна бир марта тасдиқлади.

Юртимизда юқори технологияли янги саноат мажмуалари, инфратузилма ва логистика тармоқлари, автомобиль ва темир йўллар барпо этилди. Бизнес, IT ва туризм соҳалари изчил ривожланмоқда. Аҳоли даромадлари ва турмуш сифати ошмоқда. 

Миришкор деҳқон ва фермерларимиз, кластерларимиз ишчи-хизматчилари мардона меҳнат қилиб, мўл ҳосил етиштирдилар. 

Янги уй-жойлар, боғча ва мактаблар, олийгоҳлар, маданият ва спорт масканлари қад кўтармоқда. Юртимиз тобора обод қиёфа касб этмоқда. Минглаб юртдошларимиз Янги йилни янги уйларда кутиб олмоқда.

Билимли ва шижоатли, навқирон ёшларимиз улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Айниқса, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида эришилган рекорд натижалар миллий спортимиз тарихида янги саҳифа очди.

Фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, маҳалланинг роли ва таъсири кучаймоқда. Маънавий юксалиш жараёнлари ҳаётимизда янги куч, янги ҳаракатга айланмоқда.

Глобал аҳамиятга эга ташаббусларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Халқаро майдонда Ўзбекистоннинг рақобатбардош мамлакат, ишончли ҳамкор сифатидаги обрў-эътибори юксалиб бормоқда.

Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси диёримиздаги барқарорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик натижасидир.

Бугунги шукуҳли оқшомда сиз, азизларга, олижаноб ва бунёдкор халқимизга ҳалол меҳнатингиз, она юртга садоқатингиз учун самимий миннатдорчилик изҳор этаман.

Қадрли дўстлар!

Биз 2025 йилга мамлакатимизда Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб ном бердик. Асосий мақсадимиз – инсон ва табиат мувозанатига асосланган тизим яратишдир.

Янги йилда бизнес учун янада кенг имкониятлар яратилади. Хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш ишларини қатъий давом эттирамиз. 

Ижтимоий соҳалар, иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар, нафақалар миқдорини ошириш эътиборимиз марказида бўлади.

Фарзандларимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгалари, баркамол бўлиб тарбия топишлари учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. 

Илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт соҳаларига эътибор янада кучайтирилади.

Муҳтарам фахрийларимиз, хотин-қизлар ва ёшларга ғамхўрлик қилиш, ижтимоий ҳимоя самарасини ошириш устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Қуролли Кучларимиз салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш ишларини янги босқичга кўтарамиз. 

Мухтасар айтганда, “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган олижаноб мақсадни барчамиз биргаликда амалга оширамиз. 

Азиз ва муҳтарам юртдошлар!

Барчангизни, чет эллардаги ватандошларимиз, хорижий ҳамкор ва дўстларимизни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор чин дилдан табриклайман.

Янги йил ҳар бир инсон, ҳар бир оилага, жонажон юртимизга катта-катта ютуқ ва омадлар олиб келсин!

Ҳамма эзгу ниятларимиз рўёбга чиқсин!

Янги йил барчамизга муборак бўлсин! 

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo