24.10.2024
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган БРИКС саммити доирасида Вьетнам Социалистик Республикаси Бош вазири Фам Минь Тинь билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Вьетнам ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва амалий алоқаларни, айниқса савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳукуматлараро ва идоралараро мулоқотларга тизимли тус бериш зарурлиги таъкидланди. Томонлар келгуси йил бошида Ханой шаҳрида Савдо-иқтисодий масалалар бўйича қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини, шунингдек, бизнес форуми ва саноат кўргазмасини ўтказишга келишиб олдилар.
Янги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида нефть-кимё, электротехника, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда саноат кооперациясини ривожлантириш дастурини тайёрлаш таклиф этилди. Ишбилармонлик ва сайёҳлик алоқаларини, шу жумладан визасиз тартиб жорий этиш орқали кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлажак олий ва юқори даражадаги учрашувлар жадвали кўриб чиқилди. Бош вазир Фам Минь Тинь Ўзбекистон Президентини расмий ташриф билан Вьетнамга келишга таклиф этди.