30.09.2024
Президент Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтига ташриф буюриб, янгиланган шароитлар билан танишди.
Ҳар бир ривожланган мамлакат каби Ўзбекистон ҳам ўз тараққиётини таълимга асосланиб қурмоқда. Бу соҳада чуқур ислоҳотлар, катта-катта дастурлар амалга оширилмоқда. Бунда энг муҳим бўғин, ёшлар сиёсатининг пойдевори – бошланғич ва умумий таълимдир.
Юртимизда 37 мингдан зиёд болалар боғчаси, 10 мингдан ортиқ мактаб бор. Жойларда яна янгилари қурилмоқда. Лекин бу мақсаднинг бир қисми. Энг асосий масала – таълим сифати.
Шу боис педагог ва мутахассислар малакаси доимий ошириб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 июнда қабул қилинган мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришга доир қарори бу тизимни янги босқичга кўтарди.
Жумладан, шу соҳадаги институт А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтига айлантирилди. Мавжуд мажмуа капитал таъмирланиб, иккита қўшимча бино қурилди, барчаси замонавий жиҳозланди. Тингловчилар ўрни ҳам, йўналишлар ҳам кўпайди. Энг муҳими, малака тизими мазмунан бойиди.
Институт бундан 90 йил олдин, 1934 йилда очилган. Шунга бағишлаб, бу ерда музей ташкил этилган. Унда жадид боболаримизнинг илмга эътибори, Абдулла Авлоний асос солган маориф тизими, ўша даврдаги дарсликлар ва саҳна асарлари, умумий таълимнинг ривожланиш босқичлари акс этган. Сунъий интеллект ёрдамида маърифатпарвар жадидлар қиёфаси гавдалантирилган. Шу ерда қарийб 88 минг китоб фондига эга кутубхона ҳам бор. Давлатимиз раҳбари ушбу музей ва кутубхонани кўздан кечирди.
Муассасада малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг анъанавий, муқобил ҳамда дуал шакллари, шу жумладан сунъий интеллект технологиялари асосида ўқитиш жорий этилган. Ситуацион ўқув хонаси Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги педагогик маҳорат марказлари билан видеоалоқа орқали уланган. Узлуксиз касбий таълим, менежерлик ўқув курслари, педагогларни аттестациядан ўтказиш ва малака тоифасини бериш, мактабгача ва мактаб таълимини бошқариш каби дастурий платформалар жорий этилган. Бу ҳудудлардаги директор ва ўқитувчиларни янги педагогик технология ва услубларга тезкор ўқитиш имконини беради.
Бугунги кунда мактаб директори нафақат тажрибали педагог, балки яхши бошқарувчи, маълум маънода стратег ҳам бўлиши керак. Институт ўқув дастурида бунга катта эътибор қаратилиб, директорлар мактаби ташкил этилган.
Инклюзив таълим ва психолог хоналарида шу йўналишда ишлайдиган дефектолог ва тарбиячилар малакаси оширилади. Медиа студияда видеодарслар тасвирга олинади. Шунингдек, институтда конференция зали, компьютер ва семинар хоналари, ошхона ва шароитлар бор.
Маълумки, бугун мамлакатимизда аниқ ва табиий фанларга алоҳида аҳамият қаратилиб, мактаблар замонавий жиҳоз ва ўқув қўлланмалари билан таъминланмоқда. Бу ўқитувчилардан шунга мослашишни, янги билим ва кўникмаларни ўзлаштиришни талаб қилади. “STEM” лабораторияси педагогларни шу борада қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга хизмат қилади.
Замонавий таълим талабидан келиб чиқиб, институтда ўқиш соатлари кўпайтирилди. Ўқитувчиларга муносиб шароит яратиш мақсадида ётоқхона замонавий таъмирланиб, ўринлар сони оширилди.
Президентимиз ушбу хоналарда бўлиб, янги қулайлик ва имкониятлар билан танишди.
– Бу институт кутиб ўтирувчи эмас, тарғиботчи, етакчи бўлиши керак. Ҳудудлардаги ўқитувчи ва директорларни кўпроқ таклиф этиб, барча мактабларда сифатни ошириш зарур. Янги замон кишиси, келажагимиз бунёдкорлари мактабда тарбияланади. Таълимсиз келажак йўқ, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бу ерда дарс берадиган ўқитувчи ва мураббийларни хорижда ўқитиш, дунёдаги илғор тажрибаларни уйғунлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида институтда 4 минг 300 нафарга яқин таълим муассасалари раҳбарлари малака оширди. Шунингдек, 2 минг нафарга яқин директор ва директорликка номзодлар менежерлик курсларида ўқитилди. “Узлуксиз касбий таълим” платформаси орқали дарсларда 113 минг нафардан ортиқ педагоглар қатнашди.
Сингапур халқаро таълим ташкилоти томонидан 100 нафар мактаб директори, 200 нафар математика ва табиий фанлар ўқитувчиси қайта тайёрланди. Институт тузилмасида Халқаро тадқиқотлар маркази ҳам иш бошлади.
Умуман, мамлакатимизда мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ҳамда мутахассис кадрларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишнинг узлуксиз тизими йўлга қўйилади. 2025 йилдан бошлаб улар беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда малака оширади. Бундан ташқари, умумий ўрта таълим муассасаларида “Касбий ривожланиш соати” ҳамда “Касбий ривожланиш куни” жорий этилади. Президент мактабларида тўпланган илғор тажрибалар узлуксиз касбий ривожлантириш тизими орқали умумий ўрта таълим муассасаларига кенг татбиқ қилинади.