13.09.2024
Қадрли ватандошлар!
Қаҳрамон ўғил-қизларим!
Ҳурматли устоз-мураббийлар, муҳтарам ота-оналар!
Шу кунларда жонажон юртимиз катта байрам шукуҳи билан яшамоқда.
Сиз, азиз спортчилар Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида рекорд натижаларга эришиб, мамлакатимизга мана шундай байрам руҳини олиб келдингиз.
Барчангизни оламшумул ютуқ ва натижаларингиз билан ўз номимдан, эл-юртимиз номидан чин юракдан самимий табриклайман.
Муҳтарам дўстлар!
Ушбу халқаро спорт анжуманида дунёнинг 168 та давлатидан 4 минг 400 га яқин энг кучли ва маҳоратли спортчилар иштирок этгани унинг нуфузи ва миқёси нақадар улкан эканидан далолат беради.
Шу маънода, Паралимпия ўйинлари – бу чинакам ирода, жасорат ва матонат, эзгулик ва гуманизм намойиши, десак, тўғри бўлади.
Сиз, азму шижоатли фарзандларимиз ғоят кескин беллашувларда юксак марраларни эгаллаб, мусобақаларнинг ҳақиқий қаҳрамонларига айландингиз.
Ўзбекистон жамоаси 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллагани буни яққол тасдиқлаб турибди.
Маълумки, Ўзбекистон ўз спорт тарихида кўп-кўп ютуқ ва зафарларни кўрган. Лекин Паралимпия ўйинларида бундай рекорд натижа илгари ҳеч қачон бўлмаган эди.
Бу – сизларнинг тинимсиз меҳнатингиз, букилмас иродангиз, истеъдод ва маҳоратингиз самарасидир.
Бу – юртимизда инсон қадрини амалда таъминлашга қаратилган тизимли ишларимиз натижасидир.
Ўз Ватанини жону дили билан севадиган, метин иродали, юрагида ўти бор инсонларгина шундай улуғ ишларга қодир бўлади.
Халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади.
Катта раҳмат сизларга!
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Биз Токио Паралимпия ўйинларидан сўнг кейинги сафар албатта кучли “ўн бешталикка” кирамиз, деб эзгу ният қилган эдик.
Ўтган йиллар давомида шу мақсад йўлида тинимсиз меҳнат қилдик. Спортчиларимиз учун барча зарур шароитларни яратиб, юксак марралар учун пухта замин тайёрладик.
Натижада Ўзбекистон бу йилги Паралимпия ўйинларида биринчи марта энг кўп таркиб билан, яъни, 9 та спорт тури бўйича 65 нафар спортчи билан иштирок этди.
Айниқса, пара велоспорт бўйича вакилларимиз ушбу мусобақаларда илк бор қатнашганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Албатта, Паралимпия ўйинларида эришилган ҳар бир ютуқ, ҳар бир натижа беқиёс аҳамиятга эга. Чунки тўрт йилда бир марта ўтадиган бундай йирик халқаро мусобақа орқали дунё ҳамжамияти ҳар бир қатнашчи мамлакатда инсоннинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини рўёбга чиқаришга қандай эътибор қаратилаётганига баҳо беради.
Шу боис, сизлар тарихий ютуқларингиз билан Ўзбекистон шаънини, юртимиз нуфузини юксак босқичга олиб чиқдингиз, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Муҳтарам юртдошлар!
Бугун Паралимпия якунларини таҳлил қилар эканмиз, аввало, эришилган рекорд натижаларга урғу беришимиз табиий, албатта.
Аввало, шуни таъкидлаш керакки, ушбу Паралимпиадада юртимиз вакиллари жами бўлиб 26 та медални қўлга киритиб, тарихий рекорд ўрнатдилар. Бундай мислсиз, ёрқин ғалаба Ўзбекистон тарихига олтин ҳарфлар билан муҳрланди.
Бу ҳақда гапирганда, афсонавий енгил атлетикачимиз Ҳусниддин Норбековнинг мамлакатимиз тарихида биринчи марта уч карра Паралимпия чемпиони бўлганини, шу билан бирга янги рекорд ўрнатганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Паҳлавон ўғлонларимиз Бобиржон Омонов ва Шерзод Намозов ядро улоқтириш ва дзюдо бўйича иккинчи бор олтин медалларни қўлга киритдилар. Бобиржон эса Паралимпия рекордини ҳам янгилагани юксак эътирофга лойиқ.
Мана, бизнинг қандай баҳодир фарзандларимиз бор!
Айни вақтда юксак матонатли қизларимиз ҳам Ўзбекистон ғалабасига муносиб ҳисса қўшганлари тўғрисида ҳар қанча ғурур ва ифтихор билан гапирсак арзийди, албатта. Жамоамиз қўлга киритган медалларнинг 11 таси айнан қизларимиз ҳисобига ёзилгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Шижоатда тенгсиз қизларимиз Асила Мирзаёрова узунликка сакраш, Нурхон Қурбонова эса найза улоқтириш бўйича Паралимпия чемпионлари бўлдилар. Улар ўз натижалари билан ушбу ўйинлардаги ва жаҳон миқёсидаги рекордларни ҳам янгилаганига қойил қолмасликнинг иложи йўқ.
Нурхон қизимиз айни пайтда ядро улоқтириш бўйича бронза медални ҳам қўлга киритди ва иккита медаль соҳибасига айланди.
15 яшар навқирон қизимиз – Шаҳинахон Йигиталиева кумуш медални қўлга киритиб, Паралимпия ўйинларидаги энг ёш совриндор сифатида тарихга кирди.
Офарин сизларга, она қизларим!
Барака топинглар, доимо бахтингизни, омадингизни берсин!
Моҳир спортчимиз Толиббой Йўлдошев ҳам бирйўла иккита маррани забт этди. Кўриб турганингиздек, унинг кўксида ҳам олтин ва бронза медаллар нур сочиб турибди.
Яна бир қаҳрамонимиз, икки карра Паралимпия чемпиони Ёрқинбек Одилов найза улоқтириш бўйича Осиё рекордини янгилади.
Бугун мана шу тантанали маросимда Қудратиллохон Маъруфхўжаев, Элбек Султонов, Асадбек Тоштемиров, Шерзод Намозов каби ўғлонларимизни ҳам олтин медаллар билан яна бир бор чин юракдан қутлаймиз.
Қаҳрамон спортчиларимиз эришган ютуқлар ҳақида тўлиб-тошиб, яна узоқ гапириш мумкин.
Пўлат иродали қизимиз Рўза Қўзиева пауэрлифтинг бўйича кумуш медални қўлга киритди. Аслида бу олтинга тенг ғалаба эканини бутун дунё тан олди.
Таэквондо бўйича терма жамоамиз биринчи марта Паралимпия ўйинларида 3 та медални қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади.
Енгил атлетика бўйича вакилларимиз эса биринчи марта 8 та олтин медални, яъни энг юқори совринларнинг 80 фоизини эгаллаганлари алоҳида диққатга сазовордир.
Бир сўз билан айтганда, сизлар Ўзбекистон Паралимпия ҳаракатининг олтин авлоди сифатида майдонга чиқиб, мамлакатимизга мислсиз улкан ютуқлар олиб келдингиз.
Ана шу ғалабалар шарафига Парижда Ўзбекистон мадҳияси 10 бор янграб, мамлакатимиз байроғи 26 марта баланд кўтарилганида миллий ғуруримиз ҳам юксакларга кўтарилди, десак, муболаға бўлмайди.
Мана, биз мақсад сари чин дилдан интилсак, қандай буюк марраларни эгаллашга қодирмиз!
Мана, биз бирлашиб, ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилсак, қандай буюк халқ, қандай буюк Ватанмиз!
Азиз дўстлар!
Албатта, ҳамиша кескин ва муросасиз курашлар билан ўтадиган Паралимпия ўйинларида фақат энг кучли ва иродали спортчиларгина иштирок эта олади.
Шу маънода, бу гал озгина омад етишмаган бўлса-да, Ватанимиз шарафини бор куч-ғайрати билан ҳимоя қилган, қизғин беллашувларда катта тажриба орттирган спортчиларимиз – парадзюдочилар Турғун Абдиев, Улжон Амриева, Шоҳрух Мамедов, Феруза Эргашева ва параканоэчи Шаҳзода Мамадалиевани ҳам самимий табриклаб, келгуси мусобақаларда уларнинг барчасига зафар ёр бўлишини тилаймиз.
Қадрли ўғил-қизларим!
Сизлар эришган бу улкан зафарлар Оллоҳ таолонинг чинакам мўъжизаси бўлган инсон зоти қандай беқиёс имкониятларга, қандай тенгсиз қудратга эга эканини яна бир бор яққол намоён этди.
Чиндан ҳам, бу ҳаётда кўп нарсани ҳал қиладиган омил – бу юксак ирода ва матонатдир. Лекин одамнинг қалбига мана шундай ирода ва матонатни сингдириш, уни тарбиялаб, камолга етказиш – бу албатта осон иш эмас.
Очиқ айтиш керакки, бундай жасорат ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди.
Сиз, азиз фарзандларим бугунги ғалаба шоҳсупасига етиб келгунга қадар қандай узоқ, оғир ва машаққатли йўлни босиб ўтганингизни мен ўзимга яхши тасаввур қиламан.
Бу олис йўлда гоҳо турли синов ва муаммолар, шубҳа-гумонлар, ишончсизлик, изтироб ва армонлар ҳам сизларни қийнаганини, қанча-қанча узун тунларни ухламасдан, бедор ўтказганингизни ҳам яхши биламан.
Ўз олдингизга қўйган мақсадга эришиш йўлида сизларнинг бошқаларга қараганда ўн марта, балки юз марта кўпроқ меҳнат қилишингизга, машаққат чекишингизга тўғри келганини ҳам мен яхши англайман.
Мана шундай мураккаб дамларда сизларнинг юрагингизга умид ва ишонч, қатъият ва жасорат туйғусини бағишлаган, сизлар билан ёнма-ён туриб, сизларни доимо қўллаб-қувватлаб, зафарли марралар сари руҳлантирган фидойи инсонлар бор. Уларнинг кўпларини бугунги даврамизда кўриб турганимдан хурсандман.
Булар – аввало сизларнинг меҳрибон ота-оналарингиз, яқинларингиз, жигарларингиздир.
Сизлар эришган ғалабаларда уларнинг ҳам албатта муносиб ҳиссалари бор.
Келинглар, азиз дўстлар, қаҳрамон спортчиларимизнинг қаҳрамон ота-оналари, оила аъзоларини ҳам олқишлаб, уларга энг эзгу тилак ва ҳурматимизни билдирайлик!
Айни вақтда моҳир ва жонкуяр мураббийларга, барча мутасадди ва мутахассисларимизга ҳам чин дилдан ташаккур айтамиз.
Айниқса, пара-енгил атлетика бўйича тажрибали тренерлар – Иброҳимжон Юсупов, Яҳёбек Ёқубов, Сардор Худойберганов, Григорий Камуля, Азизжон Норматов, Раҳмонберди Хўжамов, Галина Казаковага, пара-дзюдо бўйича моҳир мураббийлар – Маҳмуд Омонов, Муратбой Дусумбетов, Алфия Ибрагимова, Фозил Караматов ва пара-таэквондо бўйича таниқли мураббий Бобур Қўзиевга, пауэрлифтинг бўйича тажрибали устозлар – Фазлиддин Умирзоқов, пара-сузиш бўйича Равшанбек Амилов ва ўқ отиш бўйича Наталья Ефимовага, шунингдек, психолог мутахассис Лола Агзамовага алоҳида ташаккур изҳор этаман.
Бугун бир ҳақиқатни тўла ишонч билан айта оламиз: Янги Ўзбекистоннинг ўз матонат мактаби, шон-шараф мактаби бор.
Бу мактабнинг чинакам бунёдкорлари сизлар, десак, буям айни ҳақиқат бўлади.
Ҳеч шубҳасиз, сизларнинг спортдаги, ҳаётдаги ютуқларингиз биринчи навбатда ёшларимиз учун куч-ғайрат манбаи, матонат ва ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.
Ҳурматли юртдошлар!
Париждаги ютуқлар ҳақида гапирганда, юртимизда спорт ва жисмоний тарбия соҳасини, Паралимпия ҳаракатини равнақ топтиришга берилаётган эътибор, имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларга инклюзив шароит яратиш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаш ўринлидир.
Ўтган йилдан бошлаб, республикамизда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўз фаолиятини бошлаганидан хабарингиз бор. Шунингдек, адаптив спортни ривожлантириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни спортнинг ушбу йўналишига жалб этиш мақсадида Адаптив спорт турлари ассоциацияси ташкил қилинди.
Ҳеч шубҳасиз, Париж майдонларида эришилган тарихий ғалабаларда уларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Шу муносабат билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адаптив спорт турлари ассоциацияси ҳамда барча спорт федерациялари раҳбарлари ва фаолларига ҳам самимий миннатдорлик билдираман.
Биз келгусида юртимизда параспорт турлари билан бирга ногиронлиги бўлган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган спорт турларини ҳам кенг ривожлантиришга алоҳида аҳамият берамиз.
Асосий эътибор ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлашга қаратилади.
Шу ўринда халқимиз, зиёлиларимизнинг ўз қаҳрамон фарзандларига бўлган меҳри ва эҳтиромининг яна бир ифодаси ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.
Истеъдодли шоир ва адибларимиз сизларнинг жасоратингизни улуғлаб, “Олимп узра ҳилпирар Ўзбекистон байроғи” китобининг иккинчи нашрини тайёрладилар.
Бугун мана шу китобларни ҳам ҳар бирингизга эсдалик сифатида совға қиламиз ва сизларнинг номингиздан ижодкорларимизга раҳмат айтамиз.
Азиз дўстлар!
Албатта, Парижда эришган натижаларимизни атрофлича таҳлил қилиб, 2028 йилда Лос-Анжелесда бўладиган Паралимпия ўйинлари учун тайёргарликни ҳозирдан бошлашимиз керак.
Ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек, Париждаги “Стад де Франс” стадионида параатлетларимиз югуриш, ядро ва найза улоқтириш, узунлик ва баландликка сакраш бўйича мусобақаларда жуда фаол иштирок этишди.
Энди, бундай спорт турлари географиясини янада кенгайтиришимиз керак.
Келгуси Паралимпия ўйинларида амалда юксак самара бераётган спорт турлари қаторида парасузиш ва ўқ отиш каби беллашувлар бўйича ҳам тайёргарлик ва натижадорлик юқори бўлиши учун аниқ стратегия асосида иш олиб боришимиз лозим.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу йилги Паралимпия ўйинларида велоспорт бўйича вакилларимиз илк бор иштирок этишди.
Энди, бу йўналишда фақат лицензия учун эмас, балки ушбу нуфузли мусобақаларда аниқ натижага эришиш учун курашиш керак.
Бунинг учун, спортчиларимизга барча шароитларни яратиб берамиз. Хусусан, уларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, фармакология ва диетология бўйича ишлар кучайтирилади.
Шунингдек, параспортчиларимиз билан ишлайдиган спорт психологлари фаолиятини кучайтириш учун уларни рағбатлантириш бўйича алоҳида тизим жорий этилади.
Умуман олганда, келгуси Паралимпия ўйинларида умумжамоа ҳисобида кучли “ўнталик”ка кириш бош мақсадимиз бўлади. Бунга эришиш учун тегишли вазирлик, спорт федерациялари ҳамда сиз, азизларнинг таклиф ва мулоҳазаларингиз асосида албатта махсус дастур ишлаб чиқамиз.
Қадрли дўстлар!
Ҳурматли спортчилар!
Куни кеча XVII ёзги Паралимпия ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари, уларнинг мураббийлари ҳамда спорт делегациямиз аъзоларидан бир гуруҳини мукофотлаш ҳақидаги фармонга имзо чекдим.
Ёзги Паралимпия ўйинларида эришган улкан ютуқларингиз, юксак давлат мукофотлари билан сизларни яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: сизлар тақдирнинг ҳар қандай синовларига қарамасдан, фақат ва фақат ғалаба, эзгу мақсад сари интиладиган инсонларсиз. Мана шундай фазилатларингиз янада зиёда бўлсин, сизларга доимо бахт ва омад келтирсин!
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик ва фаровонлик, янги-янги зафарлар ёр бўлсин!