26.08.2024
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ФармониЯнги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижросини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган тизимини, шунингдек, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Қуйидагилар фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада ошириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ва гуманитар соҳаларни ривожлантиришда уларнинг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш;
жамият манфаатлари ва аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларини кўзлаган, жойларда сақланиб қолаётган долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш;
давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш;
фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш йўлида таъсирчан жамоатчилик назорати олиб борилишини рағбатлантириш;
фуқаролик жамияти институтларининг хориждаги ватандошлар билан алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг хориждаги уюшмалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;
фуқаролик жамияти институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларга ўз фаолиятини амалга ошириши учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш.
2. Олий Мажлис палаталари, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари (кейинги ўринларда – маҳаллий кенгашлар) ҳамда уларнинг ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияларининг қуйидаги ташаббуслари қўллаб-қувватлансин:
Олий Мажлис, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда маҳаллий кенгашлар ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини
ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларини қўшиб юбориш ва уларнинг негизида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди (кейинги ўринларда – Фонд) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги алоҳида бўлинмаларини (кейинги ўринларда – алоҳида бўлинмалар) ташкил этиш;
Фонд маблағларини бошқариш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат бўлган парламент палаталари вакиллари ҳар йили навбатма-навбат раислик қиладиган Парламент комиссиясини (кейинги ўринларда – Парламент комиссияси) тузиш, унинг фаолиятига манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда фаол жамоатчилик вакилларини жалб этиш;
фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ташаббускор фуқароларни “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирлаш ваколатини Парламент комиссиясига ўтказиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий кенгашлар ҳузурида уларнинг ваколатига кирадиган вазифаларни самарали амалга оширишга кўмаклашувчи фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган маслаҳат гуруҳлари фаолиятини жамоатчилик асосида йўлга қўйиш.
3. Маълумот учун қабул қилинсинки:
Фонд жами 45 та, шу жумладан, ижро этувчи девон – 17 та, алоҳида бўлинмалар – 28 та штат бирлигидан иборат бўлади;
Фонд ижро этувчи девони фаолиятини сақлаш, ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, алоҳида бўлинмаларнинг худди шундай харажатлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қопланади;
Фонд фаолиятини ташкил этиш тартиби ва унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Олий Мажлис палаталари томонидан белгиланади.
4. Олий Мажлис палаталарига икки ой муддатда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз қарорларини қайта кўриб чиқиш тавсия этилсин.
5. 2024 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябрга қадар Фонд маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳалари доирасида тўланадиган қуйидаги солиқ турлари бўйича белгиланган солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилсин:
лойиҳага меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари асосида жалб қилинган мутахассисларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида олган даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан меҳнатга ҳақ тўлашга доир харажатлари бўйича тўланадиган ижтимоий солиқ.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар аъзоларига ҳомийлик ташкилотлари томонидан солиқ даври мобайнида тўғридан-тўғри бериладиган пул маблағлари тарзидаги ҳомийлик хайрияларининг солиқ солинмайдиган миқдорини ўн беш миллион сўмдан базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача ошириш;
2025 йил 1 январдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ҳамда болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган давлат божлари миқдорини икки бараварга камайтирилган ҳолда ундириш.
Адлия вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси ва “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
бир календарь йилда банк ҳисобварақларида пул айланмаси бўлмаган жамоат фондлари учун ушбу календарь йилда ўз фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш ихтиёрий тартибда амалга оширилади;
ҳар йили вазирлик ва идоралар фуқаролик жамияти институтларига бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижтимоий буюртма бериш бўйича танловлар ташкил этади. Бунда танловлар устувор равишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупцияга муросасиз муҳитни шакллантириш ҳамда таълим, тиббиёт, экология, қурилиш, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларнинг энг долзарб муаммолари ечимига қаратилади;
ҳар йили камида бир маротаба вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан соҳавий ва ҳудудий фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилади;
фуқаролик жамияти институтларига тегишли соҳа ва тармоқларда мавжуд муаммоларнинг таъсирчан ечимини назарда тутувчи ташаббусли лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмасини олиш тўғрисида манфаатдор давлат органига таклиф киритиш ҳуқуқи берилади. Бунда ташаббусли лойиҳа белгиланган тартибга мувофиқ давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши томонидан ижобий баҳоланган тақдирда, унинг ташаббускорига давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача миқдорда тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан ижтимоий буюртма берилиши мумкин.
8. Белгилаб қўйилсинки:
давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари (кейинги ўринларда – жамоатчилик кенгашлари) раислари фуқаролик жамияти институтлари вакиллари орасидан тасдиқланади;
ҳар йили жамоатчилик кенгашларининг фаолияти самарадорлиги баҳоланади ва унинг натижалари эълон қилинади;
жамоатчилик кенгашларининг фаол аъзолари давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантириб борилади.
“Юксалиш” ҳаракатига ҳар йили жамоатчилик кенгашлари фаолият самарадорлигини баҳолаш ва унинг натижаларини ўз расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилиб бориш тавсия этилсин.
9. Давлат органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
икки ой муддатда ўзларининг ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамда мазкур Фармоннинг 8-бандида назарда тутилган талаблар асосида қайта ташкил этсин;
“Юксалиш” ҳаракатига унинг сўровига асосан жамоатчилик кенгашлари фаолиятига доир маълумотларни тақдим этиб борилишини таъминласин.
10. Адлия вазирлиги уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунини жамоатчилик назорати механизмларини янада кенгайтириш нуқтаи назаридан такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда қуйидагилар назарда тутилсин:
жамоатчилик назоратининг илғор хорижий тажрибага асосланган таъсирчан шакллари;
жамоатчилик назоратининг ҳар бир шаклини амалга ошириш механизми ва тартиб-таомиллари;
жамоатчилик назоратининг натижаларига кўра якуний ҳужжатларни расмийлаштириш, жамоатчилик назорати объектига киритиш ва уларни кўриб чиқишнинг аниқ тартиби ва муддатлари;
давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини тартибга солиш.
11. Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, “Юксалиш” ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг:
ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”ни ўтказиб бориш, унинг доирасида Олий Мажлис, Адлия вазирлигида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашув ва мулоқот ўтказиш, фуқаролик жамияти институтларини рағбатлантириш бўйича тадбирлар ташкил этиш, шу жумладан, “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирлаш;
ҳар икки йилда Фонд томонидан тақдирланадиган “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофотини таъсис этиш;
журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ёритиш йўналишида номинация ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Адлия вазирлиги бир ой муддатда “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Белгилансинки, мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Фондга ажратиладиган маблағлар, ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
12. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзоларининг мазкур ассоциация раисига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакили сифатида иштирок этиш ҳуқуқини бериш ҳақидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакили ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини жорий қилиш, уларни амалиётга тўғри қўллаш юзасидан таклифлар киритиши ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этиши маълумот учун қабул қилинсин.
13. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий шериклик асосида жалб қилиш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
14. Рақамли технологиялар вазирлиги Фонд билан биргаликда 2024 йил 1 октябрдан бошлаб фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган қуйидаги асосий имкониятларни назарда тутувчи ягона электрон платформани ишга туширсин:
фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчилик томонидан танловлар йўналишларини шакллантириш ҳамда уларнинг муҳокамасида бевосита иштирок этиш;
танловларда иштирок этиш учун лойиҳаларни топшириш ва давлат субсидиясини олиш учун буюртмаларни юбориш, уларни кўриб чиқиш
ва баҳолаш жараёнларини кузатиб бориш;
танлов иштирокчиларидан талаб этиладиган ҳужжатларни электрон платформани давлат органларининг маълумотлар базаларига интеграция қилиш орқали онлайн олиш.
15. Адлия вазирлиги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш марказининг Тугатиш комиссияси билан биргаликда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш марказининг мол-мулки ушбу соҳада фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари эҳтиёжи учун йўналтирилишини таъминласин.
16. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили Парламент комиссиясининг асослантирилган ҳисоб-китобларига кўра фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатларни Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
17. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
18. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб адлия вазири А.Д. Ташкулов белгилансин.
Фармон ижросини назорат қилиш ва масъул ижрочиларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев