19.08.2024
Кегейли туманида 19 август куни Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Барча ҳудудлар қатори Қорақалпоғистонда ҳам драйвер йўналишларда инвестиция, иш ўрни, экспортни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Ўтган даврда Қорақалпоғистонда 1,4 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция эвазига 150 та лойиҳа ишга тушган. Тадбиркорлар 12 мингдан 25 мингга, тижорат майдонлари 1,5 миллион квадрат метрга кўпайиб, 212 минг одам доимий ишга жойлашган.
Бизнес ва инвестиция учун қулай муҳит натижасида тадбиркорлик ривожланаяпти. Масалан, фаолиятини микролойиҳадан бошлаган 13 минг тадбиркор кичик бизнесга, яна 351 таси ўрта бизнесга ўтди. Йиллик “айланмаси” 100 миллиард сўмдан юқори тадбиркорлар 43 тага етди.
Ижтимоий инфратузилма натижасини одамлар ўз ҳаётида кўрмоқда. Хусусан, мактабгача таълим қамрови 28 фоиздан 84 фоизга ошди. Янги 21 та мактаб қурилди, яна 243 таси тўлиқ таъмирланди.
Илк марта 700 ўринга мўлжалланган 17 қаватли IT-парк қурилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида икки йил ичида 40 мингга яқин қорақалпоғистонлик ёшлар ўқитилди.
Туман ва шаҳарларда 74 та оилавий шифокорлик пункти, 81 та поликлиника, 92 та маҳалла тиббиёт пунктлари ишга тушди. Тўрткўл, Қўнғирот ва Чимбой туманларида қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилди.
Яқин-яқингача ўз уйига мулк ҳуқуқи бўлмагани сабабли 100 мингдан ортиқ аҳоли қийналиб келаётган эди. Бу муаммо ҳал бўлиб, 27 мингта хонадонда яшовчи фуқароларнинг уй-жойига бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилди.
Қорақалпоғистонда Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, 452 та маҳалланинг ҳар бирига 500 миллион сўмдан ажратилди. Натижада, 316 километр ички йўл таъмирланди, 151 километр электр тармоғи янгиланди, 55 километр газ ва 112 километр сув тармоғи ўтказилди.
Осиё тараққиёти банкидан жалб қилинган 274 миллион доллар ҳисобидан “Бухоро – Нукус – Бейнов” йўналишидаги 240 километр магистрал йўл яқин кунларда ишга тушади.
Орол бўйидаги иқлим шароитини яхшилаш бўйича ҳам жуда катта дастур бошланган. Сўнгги етти йилда Орол денгизининг қуриган тубида 1,9 миллион гектарда яшил қопламали ўрмонзорлар барпо этилди. Экотизимни яхшилаш, шўрланган, сувсиз муҳитда янги нав ва уруғларни яратиш учун Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди.
Яқинда қишлоқ хўжалигини иқлимга мослаштириш дастури тасдиқланди. Унга кўра, Орол бўйида иқлим ўзгариши оқибатини юмшатишга 80 миллион доллар берилади. Ушбу маблағлар 100 минг гектар яйловни деградациядан чиқариш, тупроқ-иқлимга мос кунжут ва қовун навларини етиштириш, чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар тайёрлашга берилади.
Шу билан бирга, фойдаланилмаган имкониятлар ҳам кўп. Айрим инвестиция лойиҳалари ижроси суст. Йил бошидан бери Қорақалпоғистондаги 19 минг корхона 350 миллиард сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган. Натижада тадбиркорлар “соя”дан чиққани, фаолиятини кенгайтиргани ҳисобига 4 минг аҳоли ишли бўлди. Лекин, имтиёз олган 6 минг корхонада иш ўринлари камайган.
Аслида, Қорақалпоғистонда бизнес учун яратилган имконият ва шароит бошқа бирорта вилоятда йўқ. Бу имкониятлар лойиҳа ва иш ўрнига айлантирилганида, кўрсаткичлар 5-10 карра юқори бўларди.
Шу сабабли ярим йил якунлари бўйича Қораўзак ва Тахиатош ҳокимлари ишдан олинган. Амударё, Беруний, Бўзатов, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Тахтакўпир, Тўрткўл, Хўжайли ва Чимбой туман ҳокимларига интизомий жазо қўлланган.
Йиғилишда республикадаги улкан имкониятлар кўрсатиб ўтилди.
Масалан, йил бошидан бери Қорақалпоғистонга 1 миллион 300 минг сайёҳ келган. Лекин, меҳмонхона ўринлари кам. Агар ер берилса, тадбиркорлар замонавий меҳмонхона ва конгресс холл қуриш истагини билдирган.
Нукус шаҳрида жойлашган “Аччиқкўл” атрофидаги 20 гектарда турар жой, замонавий меҳмонхона ва дам олиш масканларини ташкил қилиш мумкин. Дўстлик ва Кегейли каналлари, Хўжайлидаги “Тасли жап” ва “Ширин жап” каналлари бўйида савдо ва кўнгилочар маскан ташкил этса бўлади. Амударё, Тўрткўл, Берунийда ҳам туристларни жалб қилиш бўйича жуда катта салоҳият бор.
“Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов” йўли бўйидаги 140 гектар ерда 300 та савдо ва сервис объектини жойлаштирса бўлади. Элликқалъада замонавий бозор қурилса, савдо ва хизматлар кўпаяди.
Ўтган йили Беруний туманидан 22 гектар ажратилиб, Ургут эркин иқтисодий зонаси ҳудуди кенгайтирилган эди. Лекин, шу пайтгача бу ерда бирорта ҳам лойиҳа қилинмаган. Ваҳоланки, бу ҳудудда барча инфратузилма бор, темир йўл ҳам ўтган. Хом ашё захиралари ҳам ёнгинасида жойлашган.
Қорақалпоғистондаги ер ажратишни соддалашган тизими иқтисодий зона ҳудуди учун ҳам жорий қилинса, бу ерда 320 миллион долларлик лойиҳаларни жойлаштирса бўлади.
Инвесторлар Қораўзакдаги “Қойбақ” маҳалласидаги 500 гектарда қўйчиликка ихтисослашган кластерни ишга тушириш учун 10 миллион доллар сармоя киритишга тайёр. Бу кластерда 10 минг бош қўй боқилиб, 100 тонна гўшт етиштирилади.
Давлатимиз раҳбари бундай имкониятларни ишга солиб, иқтисодиётни ривожлантириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Қорақалпоғистонда бу йил бошласа бўладиган 1,9 миллиард долларлик 103 та йирик лойиҳа шакллантирилган. Тармоқлар йўналишида ҳам бир йил ичида жами 275 миллион долларлик 14 та лойиҳа ишга туширилади. Умуман, яна 9,5 миллиард долларлик 120 дан зиёд истиқболли лойиҳалар тайёрланган.
Мутасаддиларга тадбиркорлар билан ишлаб, ҳар бир туман кесимида “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастурини тайёрлаш вазифаси қўйилди. Бу дастур Қорақалпоғистонда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматларни ривожлантириш учун янги нафас, камида 10 миллиард долларлик инвестиция ва 500 минг иш ўрни учун катта замин бўлади.
Бир сўз билан айтганда, қорақалпоқ элининг эртаси бугунидан яхши бўлиши учун катта марралар олинган. Бунинг учун барча ҳамжиҳат бўлиб, фидокорона меҳнат қилиши зарурлиги таъкидланди.
Жорий йилда туркий халқларнинг улуғ шоири Ажиниёзнинг 200 йиллик юбилейини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Давлатимиз раҳбари шоирнинг халқ учун хизмат қилган фидойи зотларни “ҳазрати инсон” деб атаганини ёдга олди ва барчани шундай ишлашга даъват этди.
– Аввал ҳам айтганимдек, ўзбек ва қорақалпоқнинг тарихи ҳам, тақдири ҳам бир. Мен ишонаман, бизнинг ёруғ, бахтли келажагимиз ҳам албатта бир бўлади. Бу йўлда сизларга, ҳурматли ёшулли ва тадбиркорларимизга янги ютуқ ва омадлар тилайман, – деди Президент.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси ва тармоқлар раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари муҳокама қилинган масалалар юзасидан ахборот берди.