19.08.2024
Охирги 7 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 17 триллион 800 миллиард сўмлик 6 минг 784 та лойиҳа амалга оширилган. Уларнинг натижасида 56 мингта иш ўрни яратилган. Шу даврда 2 миллиард 815 миллион долларлик экспорт қилинган. Бу йил республикада умумий қиймати 874 миллион долларлик 470 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бу изчил давом эттирилиб, Қорақалпоғистонда хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 9,5 миллиард долларлик 124 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан қарийб 1 миллиард 800 миллион долларлик 10 таси давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинди.
Лойиҳаларга Хитой, Саудия Арабистони, Германия, Россия, Испания каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Улар энергетика, иссиқлик таъминоти, тоғ-кон ва кимё саноати, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларни қамраб олган.
Масалан, Саудия Арабистони билан ҳамкорликда Нукус шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш, Испания инвестицияси иштирокида Қораўзак туманида қуёш ва шамол электр станциялари қуриш, германиялик инвесторлар томонидан Нукус туманида мисни қайта ишлаш ва кабеллар ишлаб чиқариш лойиҳалари режалаштирилган.
Мазкур 124 та лойиҳа натижасида 20 мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади.
Давлатимиз раҳбари ишбилармонларга ҳар томонлама мададкор бўлиб, лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.