15.08.2024
15 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Россия Президентлари жорий йилнинг 26-28 май кунлари Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар ижросининг боришини муҳокама қилдилар.
Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, икки мамлакат етакчи корхоналари ва ҳудудлари ўртасидаги кооперация алоқаларини ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва гуманитар дастурларни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Суҳбат чоғида бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.