06.08.2024
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 7-9 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, икки мамлакат раҳбарларининг музокаралари ва Президентлар раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган. Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари, халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилади.
Асосий эътибор савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда бошқа устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига қаратилади.
Икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, давлат ташрифи доирасида Қозоғистон пойтахтида ишбилармонлик ва маданият тадбирлари ўтказилмоқда. Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Президенти 9 август куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви ва "Марказий Осиё + Япония" мулоқотининг биринчи саммитида ҳам иштирок этади.