05.08.2024
Президент Шавкат Мирзиёев 5 август куни рақобатни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.
Иқтисодиётга давлат аралашувини камайтириш, йирик монополияларни тийиб туриш бўйича қилинаётган ишлар рақобат муҳитига ижобий таъсир қилмоқда. Хусусан, сўнгги беш йилда 25 тадан ортиқ товарлар бўйича рақобат муҳити яхшиланди. 7 та фаолият тури бўйича рақобатни чекловчи эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди. Давлат иштирокидаги корхоналар 42 фоизга камайиб, тадбиркорлик субъектлари сони 1,6 баробар кўпайди.
Ўтган йили “Рақобат тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига қўшимча таъсирчан ваколатлар берилди. Шу асосида олиб борилган ўрганишларга кўра, айрим ташкилотларда рақобатга зид қарорлар қабул қилиш, тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, савдода устун мавқедан фойдаланиш каби ҳолатлар бор.
Шу боис, соҳадаги ишлар қамрови ва самарадорлигини ошириш мақсадида Рақобатни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Унда иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, бозорга киришни эркинлаштириш, тадбиркорларга тенг шароитлар яратиш бўйича навбатдаги қадамлар белгиланади.
Масалан, тадбиркорлик субъектларининг бозорларга эркин киришини қийинлаштирувчи норматив-ҳуқуқий моддалар ва ортиқча талаблар бекор қилинади. Тартибга солиш юкини қисқартиришга қаратилган енгилликлар жорий этилади, жумладан, рухсат берувчи жараёнлар ва лицензиялар жавобгарликни мажбурий суғурталаш билан алмаштирилади.
Табиий монополия соҳаларида мустақил бозор регуляторлари жорий этилади. Табиий монополия соҳалари билан ўзаро боғланган ва рақобатни ривожлантириш имконияти бўлган товар бозорларида табиий монополия субъектлари иштироки чекланади.
Тўғридан-тўғри амалга ошириладиган давлат харидлари кўлами қисқартирилиб, давлат харидлари рақобатли усулларга тўлиқ ўтказилади. Рақобатни чекловчи индивидуал хусусиятга эга давлат ёрдами, шу жумладан, эксклюзив ҳуқуқ, имтиёз, преференция ва енгилликлар бекор қилинади.
Давлат органлари ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш орқали ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархлари шаклланиши занжирининг барча бўғинларини рақамли мониторинг қилиш йўлга қўйилади. Рақобатга қарши келишув ва хатти-ҳаракатлар, тил бириктириш ҳолатлари ҳақида маълумот тақдим этган шахсларни ошкор этмаслик ва мукофотлаш тизими жорий этилади.
Умуман, мазкур концепция самарасида энергетика, нефть-газ, сув хўжалиги, йўл қурилиши, темир йўл ва аэропорт хизматлари каби қатор соҳаларда 17 турдаги давлат монополиясини босқичма-босқич тугатиш чоралари кўрилади. Давлат харидларида рақобатга зид ҳаракатларнинг олди олиниб, бу жараёнларнинг шаффофлиги таъминланади. Товар-хомашё биржаларида таклифлар кўпайтирилиб, харидорларнинг танлаш имконияти кенгайтирилади.
Президент соҳадаги ишларни давом эттириб, эркин бозор тамойилларини таъминлаш, кадрлар тайёрлаш бўйича қўшимча топшириқлар берди. Иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш, айрим функцияларни босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш кераклиги таъкидланди. Товар, молия ва рақамли бозорларда рақобат ҳолатини доимий таҳлил қилиб, тартибларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиб бориш вазифаси қўйилди.
Сўнгги уч йилда жойларда 2 мингдан ошиқ рақобатга зид ҳужжатлар аниқланган. Уларнинг аксарияти маҳаллий ҳокимликлар ва вазирликлар томонидан қабул қилинган. Шу боис Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ишини жонлантириш, кадрлар малакасини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, қўмита фаолиятини жамоатчиликка очиқлаш ва оммавий ахборот воситаларида ёритишни кучайтириш кераклиги ҳам айтилди. Бу қонун бузилишининг олдини олиш, шаффофлик ва ҳалоллик муҳитини шакллантириш нуқтаи назардан муҳим экани таъкидланди.