16.07.2024
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориАтоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли ўзининг бетакрор ва сермазмун ижоди билан халқимиз маданияти ва адабиётини ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик ва эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва оғизбирчиликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган улкан ижодкордир. Ҳассос шоирнинг шеър ва достонларида акс этган гуманистик фалсафий қарашлар эл-юртимиз қалбидан чуқур жой эгаллаган.
Хивадаги машҳур Шерғозихон ва Қутлимурод иноқ мадрасаларида таҳсил олган бу улуғ сиймо нафақат мамлакатимизда, балки бутун минтақамизда халқчил шоир, етук муаллим ва устоз, моҳир хаттот сифатида шуҳрат қозонгани айниқса эътиборга моликдир. Унинг гўзал асарлари туркман, қозоқ, қирғиз ва бошқа қардош халқлар томонидан ҳам севиб ўқилмоқда.
Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш ЮНЕСКОнинг халқаро юбилейлар режасига киритилгани ҳам унинг ижодий мероси умумбашарий аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.
Ажиниёз Қўсибой ўғлининг бетакрор адабий меросини янада кенг ўрганиш ва оммалаштириш ҳамда таваллудининг 200 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмалари, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Бадиий академия ҳамда жамоатчилик вакилларининг Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини мамлакатимизда кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
3. Ташкилий қўмита (А. Арипов) бир ҳафта муддатда Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш ҳамда унинг ижодий меросини кенг тарғиб қилиш бўйича қуйидаги вазифаларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин ҳамда унинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминласин:
шоирнинг “Танланган асарлар” тўпламини ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр қилиш, унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб яратилган бадиий, илмий-оммабоп асарларни қайта чоп этиш ва тақдимотларини ўтказиш;
давлат буюртмасига биноан Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган саҳна асарлари ҳамда “Ажиниёз” бадиий-публицистик фильмини яратиш ва уларнинг тақдимотларини уюштириш;
Нукус шаҳрида шоир ижодига бағишланган “Айт, сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан” мавзусида мамлакатимиз ёш ижодкорларининг танловини, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида Ажиниёз Қўсибой ўғли ҳаёти ва ижодига бағишланган иншолар танловини ўтказиш;
2024 йилнинг сентябрь ойида Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар, тасвирий санъат асарлари ва халқ амалий санъати намуналари кўргазмасини ўтказиш;
2024 йилнинг октябрь ойида Қорақалпоқ давлат университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ажиниёз Қўсибой ўғлининг адабий меросини ўрганиш мавзусида халқаро илмий-амалий конференциялар уюштириш;
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида шоир музейини ташкил қилиш;
Ажиниёз Қўсибой ўғлининг Мўйноқ туманидаги қабрини ободонлаштириш ва унга ёдгорлик ўрнатиш, мазкур туманда Ажиниёз Қўсибой ўғли номидаги экопарк барпо этиш;
мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, профессионал, умумий ўрта таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар иштирокида Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигига бағишланган учрашув ва адабий кечалар уюштириш;
2024 йилнинг ноябрь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик театрида Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигига бағишланган тантанали адабий-бадиий хотира кечаларини ташкил этиш.
4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
5. Ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга ажратилган бюджет маблағлари, уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев