12.07.2024
Қува туманида 12 июль куни Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев ўсиб бораётган аҳоли талабини таъминлаш учун иқтисодиётни изчил ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
– Фарғона катта вилоят. Ҳозирги кунда аҳоли 4 миллиондан ошди. Бундай ўсиш билан 2030 йилга бориб 5 миллионга етади. Бу айтишга осон. Лекин бу рақам ортида қанча масъулият ва жавобгарлик бор. Ҳар йили янги боғча ва мактаблар, уйлар қуриш, юз минглаб иш ўринлари яратиш зарур. Шунинг учун ҳозирги таҳликали замонда қандай қилиб иқтисодиётимизни барқарор қиламиз, деган савол ҳаммамизни қийнаши керак, – деди Президент.
Сўнгги етти йилда вилоятда катта ўзгаришлар бўлди. Йўл, сув, ер, уй-жой, таълим ва тиббиёт инфратузилмаси яхшиланди. Киритилган инвестициялар ҳажми 3 карра ўсди. Товар айланмаси 10 миллион доллардан ошган 122 та корхона пайдо бўлди.
Экспорт ҳам ошаяпти. Бу кўрсаткич ўтган йили 722 миллион долларни ташкил этди. Фарғоналик корхоналар 60 та янги бозорга кириб борди.
Лекин 19 та корхонада қувватлар пасайган. 3 та лойиҳани ишга тушириш кечиккан. 6 минг 700 та корхонада иш ўринлари камайган. Ўтган йили экспорт қилган 135 та корхона бу йил ҳали четга маҳсулот сотмаган.
Вилоят саноат ўсиши бўйича республикада энг охирги ўринда. Шунча шароит бўла туриб, Фарғонада ўтган йили бор-йўғи 220 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт бўлган. Атиги 30 фоиз ип калава қайта ишланмоқда.
Рўйхатга олинган 545 та тадбиркор ҳисобрақам очмаган, мингдан ошиғи банк орқали айланма қилмаган. Шу боис ишчилар тўлаётган даромад солиғининг ярмини туман бюджетида қолдириш масаласи қўйилди. Бу орқали туманда манфаат кўпайиши, тадбиркорларни “соядан” чиқариши айтилди.
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича кўп ишлар қилинди. Ишсиз ва муҳтожларга банк-молия орқали кўмаклашиш йўлга қўйилди. Энди янгича ёндашувга эҳтиёж сезилаяпти.
Давлатимиз раҳбари буни Боғдод тумани мисолида таҳлил қилиб, тизим такомиллаштирилишини айтди.
– Камбағал деб қанча нафақа тўлаганимиз билан, иш топиб бермасак, яна ижтимоий ёрдамга қайта-қайта келаверади, боқимандалик кучайиб бораверади. Шу боис энди камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя бир тизимда бўлади. Буни республикада Ижтимоий ҳимоя агентлиги бошқаради, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда вилоят иқтисодиётини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Президентининг 10 июлдаги қарорига кўра, “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг ҳудуди Қувасой шаҳрининг Пакана, Кокилон ва Сўфон маҳаллаларидаги 210 гектарга кенгайтирилди. У ерда 2026 йил охиригача камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилиши, 11 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши, йилига 965 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши белгиланган. Мутасаддиларнинг бу борадаги вазифалари яна бир кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, Хитой тажрибаси асосида 19 та туман-шаҳарнинг ҳар бири саноатнинг аниқ йўналишига ихтисослаштирилиб, саноат зоналари ташкил қилинади.
Юқори қўшилган қиймат яратиш ва иш ўринларини кўпайтириш шарти билан қўшимча 1 минг 210 гектар ер ажратилади. Бунинг учун вилоят ҳокимлиги ҳузурида дирекция ташкил қилиниб, ушбу ерлар унинг ихтиёрига берилади. Маҳаллий тадбиркорлар саноат зоналаридаги биноларни ижарага ёки муддатли сотиб олиши мумкин бўлади.
Саноатни туман ва маҳаллага тушириш учун инфратузилма харажатларига 50 миллион доллар ссуда ажратилади. 161 та йирик маҳаллада ҳам 4-5 қаватли саноат марказлари ташкил қилинади.
Давлатимиз раҳбари Фарғонада саноатга катта туртки берадиган лойиҳаларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
Хусусан, энергетика, нефт-газ ва кимё соҳаларида 2 миллиард долларлик лойиҳа қилинади. 700 миллион долларлик инвестиция ҳисобидан 230 турдаги янги қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ташкил этилади.
Электр техникаси саноатида 420 миллион долларлик, автомобилсозликда 500 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади. Жумладан, Қувасойда электромобилни зарядлаш станцияси ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Тўқимачилик тармоғида 300 миллион долларлик лойиҳа орқали ип-калавани қайта ишлашни 60 фоизга олиб чиқиш мўлжалланган.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси таҳлил қилинар экан, сўнгги уч йилда 110 минг аҳолига деҳқончилик қилиш учун 25 минг гектардан зиёд ер ажратилгани қайд этилди. Бу ерларда уч мартагача ҳосил олиш муҳимлиги айтилди.
Фарғона туманида 200 гектарда саноат усулида Италия ва Польшанинг серҳосил малина навларини экилади. Қўштепа ва Ёзёвонда юқори ҳосилдор бодом, шафтоли, гилос ва олхўри боғлари барпо этилади. Йирик боғбонларнинг ерида музлаткичли омборлар ташкил қилинади.
Боғбон-тадбиркорлар учун қатор янгиликлар эълон қилинди. Мева-сабзавотни сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш лойиҳаларига хорижий валютада олинган кредитларнинг 6 фоизгача қисми қоплаб берилади. Қувасой шаҳридаги 616 та фермернинг оғирини енгил қилиш учун ер солиғи ярмига камайтирилади.
Фарғонада туризм салоҳияти ҳам катта. Сайёҳларга қулайлик яратиш учун Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларига вертолёт парвозини йўлга қўйиш, “Водил” ва “Оқ-қия” постларига халқаро мақом бериш масаласи кўриб чиқилди. Мутасаддиларга ушбу қишлоқлар ва Водил шаҳарчасининг мастер-режасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Фарғона туманини туристик рекреацион зона қилиш бўйича топшириқ берилди.
Йиғилишда Қува туманида қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва хизматларни ривожлантириш, Қўқон ва Марғилон шаҳарларида кўп қаватли уйлар, саноат корхоналари, маданият ва туризм масканлари барпо этиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат ва садоқат, бугунги тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ва шукроналик туйғуларини чуқур сингдириш ишларини янги босқичга кўтариш мақсадида Қўқон ва Марғилонда нуронийлар, имом-хатиблар, маҳалла фаолларидан иборат Оқсоқоллар кенгаши ва ота-оналар гуруҳларини тузиш таклифи илгари сурилди.
Йиғилганлар ушбу таклифни қўллаб-қувватлаб, тарбияси оғир ёшларни тўғри йўлга солиш, адашган, мураккаб вазиятга тушиб қолган ёшларга ўз ўринини топишида ёрдам бериш, уларни маърифатга чорлаш, маънавиятини юксалтириш бўйича тажриба яратилса, бу бутун республикага намуна бўлишига ишонч билдирди.
Умуман, вилоят ҳокими ва ўринбосарлари, шаҳар ва туман раҳбарлари масъулиятини ошириб, йил якунига қадар асосий капиталга 2,1 миллиард доллар қўшиш, 400 минг одамни банд қилиш, 80 минг оилани камбағалликдан чиқариш бўйича халқ олдида кафолат берди. Вилоят кенгаши депутатлари комиссия тузиб, буни назоратга олади.
Банк ва ҳудудий филиаллар бошлиқлари ишлаб чиқариш, хизматлар, бандлик дастурларини молиялаштириш режалари бўйича ҳисобот берди.
Давлатимиз раҳбари жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқот қилди.