06.06.2024
Анқара шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши якунлари бўйича Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида туркиялик ҳамкасбига таклиф ва Стратегик ҳамкорлик кенгаши доирасидаги самарали музокаралар учун самимий миннатдорлик изҳор этди.
Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган Туркия вақт синовидан ўтган ишончли ҳамкор экани таъкидланди.
Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, Режеп Таййип Эрдоған бошчилигида Туркияда халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий қудратини мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро майдондаги нуфузи ва таъсирини ошириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Ҳайратланарли инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда.
– Биз чин қардош ва яқин дўст сифатида Туркия халқи эришаётган бундай оламшумул ютуқлардан нафақат қувонамиз, балки беҳад фахрланамиз. Биз олдимизга қўйган ниятларимиз ва истакларимиз бир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бугунги олий даражадаги учрашувлар тарихий аҳамиятга эга экани ва улар натижасида Кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисида декларация имзолангани қайд этилди.
Етакчилар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини, истиқболга йўналтирилган мақсадларни белгилаб олдилар. Жумладан, кенгаш йиғилишларини мунтазам ўтказиш, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва Ҳукуматлараро комиссия механизмидан самарали фойдаланишга қарор қилинди.
– Биз ҳамкорликнинг янги, янада мустаҳкам кўприкларини қураяпмиз. Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши ҳозирги вақтда алоқаларимиз тарихида янги саҳифа очмоқда. Бундай юксак даражадаги мулоқот формати ўзаро ишонч ва ҳурматнинг олий ифодасидир, - деди Президентимиз.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий суръати қайд этилди.
Сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми 1,5 бараварга, қўшма корхоналар сони 2 бараварга, инвестициялар 2,5 бараварга ошган. Икки мамлакат шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 90 та ҳаво қатнови амалга оширилмоқда.
Бугун Туркиянинг етакчи компаниялари Ўзбекистон бозорида фаол иш олиб бормоқда. Турк бизнеси иштирокида 100 дан ортиқ лойиҳа самарали амалга оширилмоқда. Жорий ташриф доирасида 10 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш, маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, янги ўсиш нуқталари ва махсус саноат кластерларини яратиш бўйича тизимли ишлашга келишиб олдилар.
Энергетика, тоғ-кон, электротехника, тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва фармацевтика саноати, соғлиқни сақлаш, туризм, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликни янги босқичга кўтариш борасидаги интилишлар қатъий экани билдирилди.
Икки мамлакат ҳукуматларига логистика ва транзит имкониятларини ривожлантириш, мавжуд транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш ва бизнес алоқаларини жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш топширилди.
Давлатимиз раҳбари қўшма Ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинганини ва унинг илк йиғилиши бугун икки давлат раҳбарлари бошчилигида ўтказилганини маълум қилди.
Минтақавий масалалар юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Халқаро майдонда яқин ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашни, жумладан, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳамкорликни давом эттиришга содиқлик билдирилди.
Президентлар Ғазо секторида зўравонликларни зудлик билан тўхтатиш ва Фаластин-Исроил муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш зарурлигини яна бир бор таъкидладилар.
– Барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун мустақил ва озод Фаластин давлати ташкил этилиши шарт, – деди давлатимиз раҳбари.
Томонлар ислом динининг асл инсонпарвар моҳиятини кенг тарғиб қилиш, исломофобия ва радикализмга қарши курашишда, шунингдек, ўзбек заминида туғилиб ўсган ва мусулмон дунёсида юксак қадрланадиган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломаларнинг бебаҳо маънавий меросидан самарали фойдаланиш масалаларида ҳамкорлик қилиш борасида якдил фикр билдирдилар.
Музокараларда маданий-гуманитар алмашинувни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Халқларимиз ўртасидаги яқинликни мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро маданият ҳафталиклари, таълим ва тиббиёт форумлари, кўргазмалар ўтказиш ва туристлар оқимни ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Барча эришилган келишувларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириш учун алоҳида “йўл харитаси” ишлаб чиқилади.