06.06.2024
6 июнь куни Пекин шаҳрида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тадбир иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. Битимнинг имзоланиш маросими муносабати билан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ҳам ўз мурожаатларини йўллади.
Давлатимиз раҳбари ушбу муҳим инфратузилма лойиҳасини амалга ошириш бошланаётгани кенг минтақамизда иқтисодий ва транспорт жиҳатидан боғлиқликни кучайтиришга қаратилган тарихий воқеа эканлигини алоҳида таъкидлади.
– Мазкур темир йўл Хитойни минтақамиз билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланади. Келгусида ушбу йўл бизнинг мамлакатларимизга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини беради, – деди Президент.
Лойиҳанинг амалга оширилиши оқибатида вужудга келадиган иқтисодий самара янги корхоналар ва ўн минглаб иш ўринлари яратилиши, ўзаро савдо ҳажми каррасига ошиши, саноат кооперацияси кенгайиши, инвестициявий жозибадорлик ўсиши ва энг муҳими – аҳоли турмуш даражаси ошида намоён бўлади.
Битимга мувофиқ, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтади.
Мутахассисларнинг қайд этишича, юк ташиш йиллик ҳажми 15 миллион тоннагача етиши мумкин, товарларни якуний истеъмолчиларга етказиш муддати эса 7 кунга қисқаради. Бундан ташқари, замонавий транзит ва логистика инфратузилмаси, омборхоналар ва терминаллар яратилади.