05.06.2024
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга Туркияга расмий ташриф билан келди.
Пойтахтнинг “Эсонбуға” аэропортида давлатимиз раҳбарини Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Эртага икки мамлакат етакчилари раислигида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Музокаралар доирасида Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.
Ташриф дастурига мувофиқ, илк бор икки мамлакат етакчи корхоналари ва компаниялари раҳбарлари билан қўшма учрашув ўтказилиши ҳам режалаштирилган.