30.06.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон миллий давлатчилигининг вужудга келиши ва тараққий топишининг энг янги тарихини тадқиқ этиш ва ўқитиш, илмий, илмий-оммабоп, ўқув-методик, маърифий адабиётларни тайёрлаш ва чоп этиш, илм-фаннинг таълим ва бошқа ижтимоий соҳалар билан интеграцияси механизмларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасида илмий, маданий, таълим, жамоат муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ишларининг самарадорлигини ошириш, ёшларда, авваламбор, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ўқувчиларида, олий таълим муассасалари талабаларида мамлакат тарихи ҳақидаги чуқур билимларни шакллантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 февралдаги «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2789-сонли қарорига мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгашига (кейинги ўринларда – Жамоатчилик кенгаши) айлантирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилансинки, Жамоатчилик кенгаши Ўзбекистоннинг энг янги тарихини тадқиқ этиш ва ўқитиш самарадорлигини, мазкур соҳада илмий, ўқув-методик адабиётлар, маънавий-маърифий ишлар сифатини оширишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган, жамоатчилик асосида фаолият юритувчи идоралараро илмий-мувофиқлаштириш ва маслаҳат органи ҳисобланади.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қуйидагилар Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Ўзбекистоннинг энг янги тарихини замонавий назарий-методологик, фанлараро ёндашувларга, тарихийлик ва холислик тамойилларига асосланган ҳолда тизимли ўрганишни ташкил этиш, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича долзарб муаммоларни ишлаб чиқиш, шунингдек, буюк тарихий-маданий меросга эга бўлган ва жаҳон цивилизациясининг ривожига улкан ҳисса қўшган ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунига баҳо беришда бир ёқлама ёндашувларга, ақидапарастликка йўл қўймаслик ишларини мувофиқлаштириш;
демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг «ўзбек модели» моҳияти ва мазмунини, жамиятда барқарорликни, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни сақлаш бўйича кенг кўламли ишларни, ҳозирги дунёда Ўзбекистоннинг роли ва ўрнини чуқур ўрганиш ва яққол очиб бериш;
илмий, ўқув, ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини тайёрлаш ва чоп этиш ишларини мувофиқлаштириш, уларда Ўзбекистоннинг энг янги тарихини умумжаҳон ва минтақавий жараёнлар билан, шунингдек, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида шаклланган халқлар ва давлатлар цивилизациясининг тарихий-маданий мероси билан узвий боғлиқ ҳолда кўриб чиқишни таъминлаш;
Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича илмий, ўқув ва ўқув-методик адабиётлар, ўқув дастурлари мониторингини олиб бориш, ушбу соҳада илмий-тадқиқот, ўқув-методик ишларнинг сифатини яхшилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
фуқароларда тарихий хотира, миллий ўзликни англаш, юксак маънавият, халқнинг тарихий анъаналари, маданий меросига ҳурмат, мамлакатимиз мустақилликка эришганлигининг буюк тарихий аҳамиятини англаш каби фазилатларни шакллантиришга йўналтирилган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали ошириб боришга кўмаклашиш;
Ўзбекистон тарихи бўйича замонавий чет эл илмий ва ўқув адабиётларини ўрганишга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш, ҳозирги Ўзбекистоннинг тарихий ўтмиши, социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиши, мамлакатда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар тўғрисидаги холис ахборотни кенг халқаро жамоатчиликка етказиш.
4. Белгилансинки:
а) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ (кейинги ўринларда – Марказ) Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи ҳисобланади, унга қуйидаги асосий вазифалар юкланади:
Жамоатчилик кенгаши фаолиятини илмий-методик таъминлаш;
Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганиш бўйича долзарб масалаларни ишлаб чиқишни ташкиллаштириш, илмий-тадқиқот, ўқув-методик ишларнинг сифатини яхшилаш чора-тадбирлари тизимини тайёрлаш ва амалга ошириш, ўқув, илмий-методик адабиётларни тайёрлаш ва чоп этиш, шунингдек, Жамоатчилик кенгашига юкланган бошқа вазифаларни бажариш;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича ўқув, ўқув-методик адабиётлар яратиш юзасидан танловлар ўтказишда иштирок этиш;
давлат илмий-техника дастурлари доирасида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи тадқиқотлари бўйича илмий-техника лойиҳалари танловларини вазифалари рўйхатига киритиш учун таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигига киритиш;
Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганишнинг назарий-методологик асосларини такомиллаштириш юзасидан тадқиқотлар олиб бориш;
ҳар йили ушбу соҳада тадқиқотлар ва таълим бериш даражасини оширишга, замонавий Ўзбекистон, унинг тарихий ўтмиши тўғрисидаги ишончли ахборотни халқаро жамоатчиликка етказишга йўналтирилган Ўзбекистон энг янги тарихининг долзарб масалалари бўйича ўтказиладиган халқаро ва республика конференция ва семинарлари рўйхатини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш;
б) Марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти томонидан тайинланадиган ва озод қилинадиган директор бошқарадиган давлат муассасаси ҳисобланади;
в) Марказ фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
г) Марказ ўз фаолияти доирасида хорижий мамлакатларнинг илмий-тадқиқот ташкилотлари ва халқаро жамғармалар билан ҳамкорлик қилади;
д) Марказ муассислар ҳисобидан молиялаштириладиган “Ўзбекистоннинг энг янги тарихининг долзарб масалалари” журналини нашр этади.
5. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказнинг тузилмаси, штат жадвали ва ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари 3-5-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ уставини тасдиқласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Марказни белгиланган тартибда зарур алоқа турлари ва воситалари, шу жумладан, Ҳукумат алоқаси билан, шунингдек, кенг кўламли умумжаҳон Интернет ахборот тармоғига уланишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2017 йил учун тасдиқланган харажатлари рўйхатига тегишли ўзгартиришлар киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида «Илм-фан» соҳаси бўйича ажратиладиган маблағлар доирасида Марказга, унинг таъминоти билан боғлиқ ва зиммасига юкланган вазифаларни бажариши учун зарур бюджет маблағлари ажратилишини назарда тутсин;
битта алоҳида енгил автомобиль воситаси таъминотига лимит ажратсин.
9. «Ўзархив» агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот муассасалари Марказнинг сўровига мувофиқ, архив, ахборот-таҳлил ва унга юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа материалларни бепул асосда тақдим этсин.
10. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича маълумотларнинг ахборот базасини шакллантириш ва тўлдириб бориш учун Марказ қуйидаги мажбурий жўнатмалар реестрига киритилсин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг статистик маълумотлари;
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази бюллетенлари ва кундалик маълумотлари тўплами.
11. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги:
«Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари» журналини «Ўзбекистоннинг энг янги тарихининг долзарб масалалари» номи билан белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказилишини таъминласин;
Марказни босма ва китоб маҳсулотлари (тарихий, ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий-маърифий нашрлар) назорат нусхаларини (1 нусха) бепул оладиган ташкилотлар рўйхатига киритсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги «Ўзбекистоннинг энг янги тарихининг долзарб масалалари» журнали муассислари этиб белгилансин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 27 январдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-1694-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
14. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 30 июнь
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда буюк тарихий-маданий меросга эга бўлган ва жаҳон цивилизациясининг ривожига улкан ҳисса қўшган ўзбек халқининг тарихий ўтмишини ўрганиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Миллий ўзликни англаш, халқлар ўртасидаги тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, умумий барқарорликни сақлаш ишида тарих сезиларли аҳамият касб этмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 17 февралдаги ПҚ-2789-сонли қарорига асосан бир қатор илмий-тадқиқот муассасалари Фанлар академияси таркибига ўтказилди. Уларнинг қаторида академик институт мақомига қайтадан эга бўлган, тарихий илм-фан ва таълимнинг барча бўғинларини ривожланишида етакчи сифатида ҳисса қўшадиган – Тарих институти. Амалга оширилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми сифатида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгашига айлантирилди, шу билан бирга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ Фанлар академияси тасарруфига ўтказилди.
Ўзбекистон миллий давлатчилигининг вужудга келиши ва тараққий топишининг энг янги тарихини тадқиқ этиш ва ўқитиш, илмий, илмий-оммабоп, ўқув-методик, маърифий адабиётларни тайёрлаш ва чоп этиш, илм-фаннинг таълим ва бошқа ижтимоий соҳалар билан интеграцияси механизмларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасида илмий, маданий, таълим, жамоат муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ишларининг самарадорлигини ошириш, ёшларда, авваламбор умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ўқувчиларида, олий ўқув муассасалари талабаларида мамлакат тарихи ҳақидаги чуқур билимларни шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузурида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгашининг қуйидаги асосий вазифалари белгиланди:
демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг «ўзбек модели» моҳияти ва мазмунини, жамиятда барқарорликни, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни сақлаш бўйича кенг кўламли ишларни, ҳозирги дунёда Ўзбекистоннинг роли ва ўрнини чуқур ўрганиш ва яққол очиб бериш;
Ўзбекистоннинг энг янги тарихини замонавий назарий-методологик, фанлараро ёндашувларга, тарихийлик ва холислик тамойилларига асосланган ҳолда тизимли ўрганишни ташкил этиш, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича долзарб муаммоларни ишлаб чиқиш, шунингдек, буюк тарихий-маданий меросга эга бўлган ва жаҳон цивилизациясининг ривожига улкан ҳисса қўшган ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунига баҳо беришда бир ёқлама ёндашувларга, ақидапарастликка йўл қўймаслик ишларини мувофиқлаштириш;
илмий, ўқув, ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини тайёрлаш ва чоп этиш ишларини мувофиқлаштириш, уларда Ўзбекистоннинг энг янги тарихини умумжаҳон ва минтақавий жараёнлар билан, шунингдек, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида шаклланган халқлар ва давлатлар цивилизациясининг тарихий-маданий мероси билан узвий боғлиқ ҳолда кўриб чиқишни таъминлаш;
Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича илмий, ўқув ва ўқув-методик адабиётлар, ўқув дастурлари мониторингини олиб бориш;
соҳада илмий-тадқиқот, ўқув-методик ишларнинг сифатини яхшилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
фуқароларда тарихий хотира, миллий ўзликни англаш, юксак маънавият, халқнинг тарихий анъаналари, маданий меросига ҳурмат, мамлакатимиз мустақилликка эришганлигининг буюк тарихий аҳамиятини англаш каби фазилатларни шакллантиришга йўналтирилган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали ошириб боришга кўмаклашиш;
Ўзбекистон тарихи бўйича замонавий чет эл илмий ва ўқув адабиётларини ўрганишга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш, ҳозирги Ўзбекистоннинг тарихий ўтмиши, социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиши, мамлакатда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар тўғрисидаги холис ахборотни кенг халқаро жамоатчиликка етказиш.
Қарорда ижтимоий-гуманитар фанларни таълим билан интеграциялашувини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Жамоатчилик кенгаши шунингдек, “Тарих” таълим йўналиши ва тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича малака талабларини ишлаб чиқишда қатнашиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи сифатида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ белгиланган бўлиб, унинг асосий вазифалари сифатида Жамоатчилик кенгаши фаолиятини илмий-методик таъминлаш, Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганиш бўйича долзарб масалаларни ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича ўқув, ўқув-методик адабиётлар яратиш юзасидан танловлар ўтказишда иштирок этиш, давлат илмий-техника дастурлари доирасида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи тадқиқотлари бўйича илмий-техника лойиҳалари танловларини вазифалари рўйхатига киритиш учун таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигига киритиш, Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганишнинг назарий-методологик асосларини такомиллаштириш юзасидан тадқиқотлар олиб бориш, ҳар йили Ўзбекистон энг янги тарихининг долзарб масалалари бўйича ўтказиладиган халқаро ва республика конференция ва семинарлари рўйхатини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш белгиланган.
Ушбу қарор давлатимиз томонидан фан ва таълим ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш, илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда ёш авлодда тарихий хотира, миллий ўзликни англаш, юксак маънавият, халқимизнинг тарихий анъаналари, маданий меросига ҳурмат, мамлакатимиз мустақилликка эришганлигининг буюк тарихий аҳамиятини англаш каби фазилатларни шакллантиришга йўналтирилган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишдаги кенг кўламли ишларнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.