22.05.2024
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 май куни мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида Туркия парламенти раиси давлатимиз раҳбарига Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги юксак босқичи, барча даражада фаол мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан таъкидланди.
Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичлари ўсмоқда, қўшма лойиҳалар ва корхоналар, авиақатновлар сони ортиб бормоқда. Икки мамлакатда қўшма маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркия қонун чиқарувчи органлари ўртасида самарали алоқалар йўлга қўйилган.
Парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш, Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлиги кун тартибини шакллантиришда ва олий даражадаги келишувлар ижроси устидан назоратни таъминлашда дўстлик гуруҳлари ва тегишли қўмиталарнинг фаол иштироки муҳим экани таъкидланди.
Инвестиция дастурларини илгари суриш, туризм, ишбилармонлик ва таълим алмашинувларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро тузилмалар, хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.