
17.05.2024

17 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президентини таваллуд куни билан чин юракдан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, қардош қозоқ халқига тинчлик ва равнақ тилади. Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта шахсий ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Қозоғистон кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтиришга доир долзарб масалаларни кўриб чиқдилар. Хива шаҳрида бўлиб ўтган амалий учрашувдаги келишувларнинг амалга оширилиши ва бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаларининг янги портфелини шакллантириш, бизнес ва ҳудудларни жалб қилган ҳолда саноат, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги кооперацияни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.