10.05.2024
Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида маҳаллаларда бандликни таъминлаш ва меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.
Бандлик ва аҳоли даромадини ошириш – давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши. Шу мақсадда кўплаб иқтисодий-ижтимоий дастурлар амалга оширилмоқда. Янги-янги лойиҳалар ишга туширилмоқда. Тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилишга кенг йўл очилган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан, барча ҳудудларда Сайхунобод тажрибаси амалга оширилаётир. Мутасаддилар бу борадаги ишларнинг туман ва маҳаллалар кесимидаги ижроси юзасидан ахборот берди.
Қайд этилганидек, ҳар бир маҳаллага иқтисодий комплекс ташкилотлари раҳбарлари бириктирилган. Улар у ердаги камбағал оилалар билан манзилли ишлаб, одамларнинг даромадини оширишга кўмаклашмоқда. Бунинг учун арзон кредитлар, субсидия ва имтиёзлар йўналтирилаяпти. Агросаноат мутахассислари билан бирга, аҳоли томорқаларида сердаромад экинлар экилаяпти.
Президентимиз ишлар ҳамма жойда ҳам бирдек ташкил қилинмаётганини кўрсатиб ўтди. Бугунги мураккаб вазиятда одамларни ишли ва даромадли қилишнинг ягона йўли ички имкониятларни тўла сафарбар этиш эканини таъкидлади.
Фуқароларни чет элда ишлашга тартибли ва хавфсиз жўнатиш, юртимизга қайтганларнинг бандлигини таъминлаш ҳам муҳим вазифалардан. Шу боис Бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти ислоҳ қилинмоқда. Барча ҳудудларда “Хорижга иш – маҳалладан” тамойили йўлга қўйилмоқда.
Етарли малакаси бўлмаган фуқаролар касб-ҳунарга қўшимча ўқитилади, хорижлик иш берувчилар талабига қараб мақсадли тайёрланади. Шу асосида яқин муддатларда 150 минг киши даромади юқори мамлакатларга юборилиши мўлжалланган.
Меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Сайхунобод тажрибаси асосида уларга томорқада маҳсулот етиштириш, тадбиркорлигини очишга ташкилий-молиявий кўмак берилади.
Давлатимиз раҳбари фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш, бандликни таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.
Миграция бўйича ягона ахборот платформасини яратиб, “маҳалла еттилиги” тизими билан интеграция қилиш, хорижда қийин вазиятга тушиб қолган юртдошларимизга кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди.